Жаҳон | 00:29 / 17.04.2025
3736
2 дақиқада ўқилади

Россияда давлатга хиёнат учун судланганлар сони СССР давридан бери рекорд кўрсаткичга чиқди

РФда ўтган йили давлатга хиёнат ва жосуслик учун қарийб 170 киши судланган. Шунингдек, махфий равишда чет эл давлатлари билан ҳамкорлик қилишда айбланганлар сони 10 бараварга ошган.

Photo: Moscow Agency

Россияда 2024 йилда 145 киши давлатга хиёнат (РФ Жиноят кодексининг 275-моддаси) ишлари бўйича судланди. Бу ҳақда Суд департаменти маълумотларига таяниб, «Важние истории» хабар берди

Қайд этилишича, бу 2023 йилги кўрсаткичлардан тўрт баробарга кўп ва замонавий Россия тарихидаги барча кўрсаткичлардан юқори.

Судлар бир йил давомида 23 нафар россияликни жосуслик (Жиноят кодексининг 276-моддаси) учун жазога ҳукм этган — бу 2023 йилга нисбатан 2,5 баробарга кўп. Юқоридаги икки модда бўйича судланган шахслар сони қўшиладиган бўлса, Россия судлари ўтган йили кунора бир кишини «хиёнат» учун қамоққа ҳукм этган. 

Махфий равишда чет эл давлатлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича судланганлар сони 10 бараварга ошган — ўтган йили ушбу модда асосида 21 нафар россиялик айбдор деб топилган. Мазкур модданинг ўзи Жиноят кодексига Россиянинг Украинага тажовузи бошланганидан сўнг киритилган.

Бундан ташқари, давлат сирларига оид моддалар бўйича жазога тортилганлар сони ҳам ошган. Ўтган йили ушбу моддалар бўйича 209 киши судланган — бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўп.

RTVI эълон қилган статистикага кўра, ўтган йил давомида жосуслик моддаси бўйича камида 28 киши судланган. Уларнинг 18 нафари Украина фуқароси, 7 нафари россиялик, 2 нафари эса АҚШ фуқароси.

2024 йил декабрда Владимир Путин ФХХдан Россияда хоинларни аниқлаш бўйича ишини кучайтиришни талаб қилганди. «Чет эл махсус хизматлари фаолиятини тезда тўхтатиш, қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларини уюштираётганларга қарши фаол кураш олиб бориш, жосус ва хоинларни аниқлаш зарур», — деганди у Хавфсизлик ходимлари куни муносабати билан йўллаган видеомурожаатида.

Мавзуга оид