Жаҳон | 21:20 / 16.04.2025
8932
5 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Шуяга ҳужум қилди. Бу ерда Сумига ракета зарбаси йўллаган бригада жойлашган

Фото: Видеодан кадр

16 апрел куни эрталаб Иваново областининг Шуя шаҳрига дронлар ҳужум қилди. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида икки киши енгил тан жароҳати олган. Россия мудофаа вазирлиги Шуяда Украинанинг еттита дрони уриб туширилганини маълум қилди.

Astra телеграм-канали маҳаллий аҳоли томонидан ҳужум жойида олинган видеолар геолокациясини аниқлади. Улардан бири Кооператив кўчасида, Россия қуролли кучларининг 112-гвардия ракета бригадаси базасидан 200 метрга яқин масофада портлаган. Яна бир видео Генерал Белов кўчасида, бригаданинг ҳарбий шаҳарчасидан бир километр масофада олинган.

Россия расмийлари базага ҳужумни расман тасдиқламади. Украина қуролли кучлари воқеага изоҳ бермади.

Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов аввалроқ 112-бригада Россия қуролли кучларининг 448-ракета бригадаси билан биргаликда Суми шаҳри марказига ракета ҳужуми учун масъул эканини айтганди. 15 апрел куни Украина қуролли кучлари бош штаби Курск областида 448-бригаданинг доимий жойлашув манзилига ҳужум қилингани ҳақида хабар берганди.

Суми бўйлаб ракета зарбаси 13 апрел куни йўлланган, шаҳарга «Искандер-М» русумли иккита ракета учиб келганди. Натижада 35 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Россия мудофаа вазирлиги Сумига зарба беришдан мақсад «Северск» оператив-тактик гуруҳи қўмондонлик таркиби йиғилиши бўлиб ўтган жой бўлгани ва натижада Украина қуролли кучларининг 60 дан ортиқ аскари ҳалок бўлганини даъво қилди.

Кейинроқ Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюх украиналик сиёсатчиларнинг шу куни Суми шаҳрида ҳарбийларни тақдирлаш режалаштирилгани ҳақидаги маълумотини тасдиқлади. 15 апрел куни президент Володимир Зеленский Артюхни ишдан бўшатди.

АҚШ ўт очиш тўхтатилмагунича, Россиядан санкцияларни ечмайди

АҚШ Москва ўт очишни тўхтатишга рози бўлмагунча Россияга қарши санкцияларни юмшатиш ёки Россия билан бошқа келишувлар вариантини кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Темми Брюс маълум қилди.

«Қирғинбарот тўхтамагунча ҳеч қандай музокаралар, ҳеч қандай қарорлар, ҳеч қандай келишувлар бўлмайди», – деди Брюс Россия ва АҚШнинг сўнгги музокараларида санкцияларни юмшатиш мавзуси муҳокама қилинганми, деган саволга жавоб бераркан.

Брюс РФ қўшинларининг Сумига ракета ҳужумидан сўнг «тинчлик ва ўт очишни тўхтатиш ғоясига ким чинакамига содиқлиги ҳақида кўпроқ саволлар пайдо бўлиши кераклиги»ни қайд этди. У ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани – «ҳали ҳам ўша гўшт қиймалагич» эканини таъкидлади.

Брюснинг чиқишидан бироз олдинроқ Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт ҳам худди шундай баёнот берганди. У АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашувига изоҳ бераркан, Вашингтон билан иқтисодий ҳамкорлик Москвага урушни тугатиш учун туртки бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди. «Аммо аввал биз ўт очишни тўхтатиш режимини кўришимиз керак», – деганди у.

Путин март ойидаёқ АҚШ президенти Доналд Трампнинг зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифини сўзда қўллаб-қувватлаган, бироқ бир қатор тафсилотларни келишиб олиш зарурлигини айтганди. Ўшандан бери АҚШ Россия вакиллари билан ҳам, Украина вакиллари билан ҳам музокаралар олиб борди. Улар сезиларли натижа бермади. Москва ва Киев охир-оқибат энергетика объектларига зарба беришни фақат 30 кунга тўхтатганини расман эълон қилди, аммо улар мунтазам равишда бир-бирини келишувларга риоя қилмасликда айбламоқда.

Уиткофф 11 апрел куни Путин билан учрашганди. Уч кундан кейин Fox телеканали эфирида музокаралар натижаларини шарҳлар экан, у Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишуви «етилаётгани» ва у «ушбу бешта ҳудуд»га тааллуқли эканини айтди. Уиткофф айнан нима назарда тутилаётганига изоҳ бермади. Украина президенти Володимир Зеленский Уиткоффнинг сўзларига изоҳ бераркан, аннексия қилинган ҳудудларнинг Россияга тегишли эканини юридик жиҳатдан тан олиш Украина учун «қизил чизиқ» ҳисобланиши ҳақида илгари айтган сўзларини такрорлади.

Мавзуга оид