Академик лицейлар битирувчилари учун якуний имтиҳонлар тартиби ўзгарди
Энди якуний аттестацияни ўтказиш учун давлат аттестация комиссиясидан ташқари давлат имтиҳонлари ўтказиладиган ҳар бир фандан алоҳида Имтиҳон комиссиялари ташкил этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи билан «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Қайд этилишича, академик лицейларда якуний аттестацияни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби бугунги кун талабларига, қонунчилик ҳужжатларига мослаштирилади. Якуний аттестацияни ўтказиш учун давлат аттестация комиссияси (ДАК)дан ташқари давлат имтиҳонлари ўтказиладиган ҳар бир фандан алоҳида Имтиҳон комиссиялари ташкил этилади. Имтиҳон комиссиялари фаолият юритишда ДАКка бўйсунади.
Давлат имтиҳонлари барча таълим йўналишларида она тили ва адабиёт, Ўзбекистон тарихи ҳамда таълим йўналишининг намунавий ўқув режасида белгиланган яна иккита чуқурлаштирилган фанлардан ўтказилади:
- она тили ва адабиёт фанидан – иншо;
- математика фанидан – ёзма;
- Ўзбекистон тарихи фанидан – тест;
- қолган фанлардан оғзаки синовлар кўринишида бўлади.
Таълим йўналишларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, айрим йўналишларда чуқурлаштирилган фандан давлат имтиҳони ижодий имтиҳон кўринишида ўтказилиши мумкин.
«Бундан буён давлат имтиҳонлари материаллари ҳамда мезонлари, ижодий имтиҳонни ўтказиш тартиби Имтиҳон комиссиялари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда ДАК томонидан тасдиқланади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ 2025 йилдан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумий ўрта таълим муассасаларининг 11-синф битирувчилари учун ҳам давлат тилидан якуний назорат имтиҳонларини топшириш мажбурий бўлиши тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга оид

16:21 / 06.04.2022
“ОТМларга кириш имтиҳонларида тестлар бекор қилингани йўқ” – ДТМ

12:59 / 19.05.2021
Мактабларда якуний ва босқичли имтиҳонларни ўтказиш тартиби маълум қилинди

18:27 / 18.03.2019
Инҳа Университетига кириш имтиҳонлари уч марта ўтказилади

19:00 / 31.07.2018