Жаҳон | 18:55 / 13.04.2025
2708
2 дақиқада ўқилади

Британия ЕИдан гўшт ва сут маҳсулотлари олиб кирилишини тақиқлади

Божхона хизмати тақиқланган гўшт маҳсулотлари ва пишлоқ солинган бутербродни олиб кираётган туристларни ҳам тўхтатишни бошлайди.

Фото: Andreas Solaro/AFP/Getty Images

Буюк Британия шахсий фойдаланиш мақсадида Европа Иттифоқидан гўшт ва сут маҳсулотлари олиб кирилишига тақиқ жорий этди, деб ёзмоқда The Guardian.

Атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу чекловлар мамлакатда оқсим касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинганини билдирди. Божхона хизмати тақиқланган гўшт маҳсулотлари ва пишлоқ солинган бутербродни олиб кираётган туристларни ҳам тўхтатишни бошлайди.

«Айни вақтда оқсимнинг Буюк Британияга кириб келиш хавфи ўртача дея баҳоланмоқда», — дейилади вазирлик хабарида. Охирги марта ушбу касаллик мамлакатда 2007 йилда тарқалган эди.

Тақиқ остига тушган Евроиттифоқ давлатлари орасида айни пайтда оқсим тарқалган мамлакатлар — Германия, Венгрия ва Словакия бор. Шунингдек, чеклов Европа эркин савдо ассоциациясига аъзо давлатлар, Фарер ороллари ва Гренландияни ҳам қамраб олади.

Мамлакатга айрим ҳайвонлар — сигир, қўй, чўчқа ва эчки гўштларидан тайёрланган маҳсулотларни олиб кириш мумкин эмас. Сур гўшт, хом гўшт ва сут олиб кириш ҳам тақиқланган. Бундан ташқари, похол ва сомон, оқсимга мойил ҳайвонлар ҳамда уй ҳайвонлари учун озуқа савдосига ҳам чекловлар мавжуд.

7 март куни Жаҳон ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш ташкилоти Венгрияда 1973 йилдан бери илк бор йирик шохли қорамоллар орасида оқсим касаллиги аниқлангани ҳақида эълон қилди. Касаллик Словакия билан чегара ҳудудидаги фермада қайд этилган. Апрел бошида Австрия ҳукумати Венгрия ва Словакия билан чегара ўтиш пунктларини ёпди.

Мавзуга оид