Ўзбекистон Японияда ўтказиладиган Expo 2025 кўргазмасида «Билимлар боғи» павилони билан қатнашади
Япониянинг Осака шаҳрида 13 апрелдан 13 октябрга қадар Expo Osaka 2025 кўргазмаси бўлиб ўтади. Ўзбекистон унда «Билимлар боғи» павилони билан қатнашмоқда. Мазкур архитектура лойиҳаси дизайни учун аллақачон Германияда мукофотланган.

Фото: Expo Osaka
Ўзбекистон 13 апрелдан 13 октябрга қадар Японияда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон Expo Osaka 2025 кўргазмасида «Билимлар боғи» номли павилони билан иштирок этади.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг архитектура концепциясини Atelier Brueckner бюроси ишлаб чиққан, қурилишни эса Nussli Switzerland Ltd. олиб борган.
Ўзбекистон павилони аллақачон халқаро эътирофга сазовор бўлган. У Германия дизайн мукофотининг (German Design Award) «Аъло меъморчилик — ярмаркалар ва кўргазмалар» номинациясида олтин мукофотни қўлга киритган.
«Билимлар боғи» павилони — 750 квадрат метр майдонни эгаллаган уч қаватли иншоотдир. Лойиҳа устида ишлаш жараёнида муаллифлар Хоразм минтақасидан, хусусан, Хива шаҳридан илҳомланган.
Мажмуада ўзбек меъморчилигига ишора қилувчи анъанавий материаллар — ёғоч, лой, кошинлар билан бирга, япон анъаналарига хос суги ёғочидан (япон кедри) фойдаланилган.
Павилоннинг лойиҳаси учбурчак шаклида тайёрланган бўлиб, Марказий Осиё халқларига хос анъанавий тумордан илҳом олинган. Тумор шунчаки безак эмас, у минтақа тарихи ва анъаналарида чуқур илдиз отган ҳимоя, маънавият ва маданий мерос рамзидир.
8 метр баландликдаги муаллақ ёғоч қурилма ўрмонни ифодалайди: у ҳам бошпана, ҳам билим алмашиш жойи бўлиб хизмат қилади. Ёғоч қурилма ҳар томондан ва юқорисидан очиқ. Разм солиш бурчагига қараб кесишган ёғоч устун ва тўсинлар ўзига хос нақш ва безакларни ҳосил қилади, бу эса ўзбек нақшин безак бериш санъатида миллий маданиятнинг муҳим қисми сифатида ишора қилади.