Жаҳон | 20:57 / 09.04.2025
4015
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон олти ойга тухум импортини чеклади

Қозоғистон маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатга тухум олиб кирилишига вақтинчалик тақиқ жорий этди.

Фото: РИА Новости

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 9 апрелдан бошлаб хориждан, жумладан, Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатларидан товуқ тухумларини мамлакатга олиб киришга олти ойлик тақиқ жорий этди.

Вазирликнинг тушунтиришича, ушбу чора баҳор-ёз мавсумида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилган.

«Ушбу даврда тухумга бўлган талаб камаяди, бозор эҳтиёжлари саноат ишлаб чиқаруви ва хонадонлардаги маҳсулотлар ҳисобига тўлиқ таъминланади. Бу ҳолат парранда фабрикаларининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, тухум нархи арзонлашади. Тухум нархининг таннархдан тушиб кетиши корхоналар рентабеллигига салбий таъсир кўрсатади», — дейилади баёнотда.

Чеклов тухумларнинг Қозоғистон ҳудуди орқали транзити ва бир ЕОИИ давлати ҳудудидан бошқасига Қозоғистон орқали олиб ўтилишига тааллуқли эмас.

Аввалроқ парранда гриппи эпидемияси сабаб 2024 йилнинг охирги чорагида АҚШда 20 миллиондан ортиқ товуқ нобуд бўлгани, бу эса тухум нархининг ошишига ва дўконларда уларнинг етишмовчилиги бошланишига олиб келгани тўғрисида хабар берилганди. Феврал охирларида Америка Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қадоқдаги 12 та тухум нархи 8,41 долларга чиққан — бу рекорд даражадаги кўрсаткич бўлиб, ўтган йилга нисбатан 200 фоизли ўсишни англатади.

Мавзуга оид