Ўзбекистон | 18:02 / 05.04.2025
12189
9 дақиқада ўқилади

“Шу кетиш бўлса, соҳа ўлади” — автомобил импортчиси ва автодекларант билан суҳбат

Ўзбекистонга импорт қилинган автомобилларни техник синовдан ўтказиш учун навбат олиш ажиотажга айланиб кетди. Kun.uz жараён қандай кечаётгани, тадбиркорлар қанақа муаммоларга дуч келаётгани ҳақида импортёр ва автодекларант тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Импорт автомобиллар 2024 йил ноябрдан бошлаб божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги автополигон ҳудудида қурилган лабораторияда техник синовлардан ўтказилмоқда. Бу ерда импорт автомобиллар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий этилган. Бу текширувлардан ўтмаган автомобилларга мувофиқлик сертификати берилмайди.

Лабораторияга навбатлар ноябр ойидаёқ юзага келган, натижада масъуллар навбат олишни электрон шаклга ўтказиб қўйганди. Лекин табиийки, бу билан навбатлар камайгани йўқ. My.gov.uz порталида навбат олиш ҳар куни тунги соат 00:00 да, фақатгина икки ҳафтадан кейинги кун учун очиляпти ва бир дақиқага бормасдан тугаб кетяпти. Кимнинг омади келса, навбат олади, ололмаганлар эса эртаси куни ярим тунда яна уриниб кўриши керак.

Аслида бундай навбат юзага келиши аввалдан маълум эди. Чунки Пискентдаги синов маркази кунига 100-120 тагача автомобилни текшира олади. Бу – кунлик талабдан сезиларли кам.

Kun.uz вазият юзасидан “King Motors” автосалони асосчиси, импортчи тадбиркор Хуршид Маҳамадов ва “Autodeklarant” канали муаллифи Азизбек Бердиев билан суҳбатлашди.

1,5 минутда нимани текширишади?”

Азизбек Бердиев: 15-20 кунлик навбатлар пайдо бўлган. Авваллари ҳам бошқа жойларда машиналарни техник кўрикдан ўтказишарди ва бу вақт олмасди. Ҳозир лимитлар қўйилган. My.gov.uz орқали сиз навбат олмоқчи бўлсангиз, масалан, эрталаб 8:00 дан 8:15 гача навбат беради. Яъни автомобилингиз 15 минут оралиғида текширилади деб айтишади. Лекин сиз соат 8 га борсангиз, сиз билан бирга 10 та автомобилни киргизишади. Бу 10 та автомобил 15 минутда текширувдан ўтганини англатади.

Менда видеолар бор, 10 минутда 15 та автомобил текширилади. Савол: бир ярим минутда битта автомобил текширилаётган бўлса, нимани текширишади улар?

Уларнинг асосий важлари нима бўляпти – автомобиллар хавфсизлигини текширамиз, дейишяпти. Lixiang, Zeekr'лар – дунё тан олган брендлар-ку.

Ҳозир тайёр машина умуман йўқ”

Хуршид Маҳамадов: Полигонда бир неча марта бўлдим. Бошидаги навбатлар жуда ҳам узун эди, ҳамма ўзи олиб бориши керак эди. Кейин тартиблар озгина ўзгарди, фақатгина эвакуатор орқали юбориш керак бўлди, унда ҳам навбат кўпайиб кетди. Жуда ҳам чўзилиб кетди, 10, 15, 20 кунларга чўзилгандан кейин, яна ўзгаришлар киритиб, энди очилди. Энди ҳамма яна ўзи олиб бориши мумкин, лекин my.gov.uz орқали навбат олиш жуда ҳам муаммо бўляпти.

Тадбиркорлик учун муаммо бўляпти, чунки харидорлар келиб, тезроқ машина олишни хоҳлайди. Ҳамма тезроқ машина сотиб олишни истайди, лекин ҳозирда тайёр машина умуман йўқ. Кимдир сотиб олишни хоҳласа, машина тўлиқ ҳолатда унинг ихтиёрига ўтиши учун 15-20 кун керак бўлмоқда.

Ичкарига кириш мумкин эмас. Сизнинг машинангизни олиб кириб кетишади ва кейин қайтариб беришади. Синов тахминан 10-15 минут давом этади.

Битта автомобилни синовдан ўтказиб, худди шу моделдаги бошқа автомобилларга оддийгина рухсат беришса, яхшироқ бўларди. Шу пайтгача нечта машина синовдан ўтган, нечтаси ўтмаган, қайси моделга ўтмаган – бизда бундай маълумотлар йўқ. Тестдан ўтаётган машиналар 100 фоиз натижа кўрсатаётган бўлса, жараённи осонлаштиришнинг иложи йўқми?

Авваллари ҳам мувофиқ сертификати учун текширув бўлган, фақат бир ходим машинани юзаки текшириб берарди. Энди эса жараён қийинлашди, қийинроқ назорат ўрнатилди.

Нега ишлаб чиқарувчиларнинг машинаси текширилмайди?”

Азизбек Бердиев: Шунақа амалиёт бошландими, ҳаммага бирдек қўллаш керак. Четдан келадиган автомобиллар эмас, балки ишлаб чиқарувчилар ҳам жавобгар бўлиши керак. [Маҳаллий] ишлаб чиқарувчи зўр автомобил ишлаб чиқарди деб ким кафолат беради? Onix ишлаб чиқарилди, лекин нега улар текширувдан ўтмайди?

Пискентда синовлар бошланган илк кунларда битта машина синови 20-30 дақиқа давом этарди. Лекин ҳозир, охирги марта ўзим борганимда, Zeekr 009 автомобилини олиб борганимизда, 15 дақиқада 10 та автомобил текширилган. Буни видеоси ҳам бор. Энди савол пайдо бўлади: агар 15 дақиқада 10 та автомобил текширилаётган бўлса, қолган навбатлардаги вақтлар қаёққа кетяпти? Тушуняпсизми? Масалан, соат 8 га навбат олганман. Али 8:15 га, Вали 8:35 га, Қосимжон 8:45 га навбат олган. Тўртта автомобилни ҳам, бештасиниям соат 8 даги навбатга тиқиб юборишяпти.

Мақсад текширув эмас, автомобиллар импортига сунъий чеклов эканини ўзи кўпчилик билиб турибди, лекин гапирадиган одам йўқ…

Ҳар куни юзлаб машиналар навбат ололмаяпти”

Хуршид Маҳамадов: UzTest белгиланган миқдордан ошиқча текширув ўтказа олмайди. Кунига 300 тадан ошиқ машина декларация қилинмоқда, UzTest’дан эса кунига 96 та навбат бериляпти. Табиийки, кунига кун қўшилишда давом этяпти ва ҳар куни 200 та машина ўтмай қоляпти.

Ишлаб чиқаришни ташкил этган BYD кабилар фақат амологация орқали синовдан ўтади: бир модел ўтади, қолган минг ёки икки мингта машина навбат кутмайди. Навбатга фақат биз каби тадбиркорлар ёки жисмоний шахсларга олиб келинган машиналар тушмоқда.

Бу тестдан ҳеч ким манфаатдор эмас, яъни бу тадбиркорларга зарар келтиряпти, чунки харидорлар ҳар доим тезлик талаб қилади, тезроқ машинани олишни талаб қилишади. Ёки машина ўз номида аллақачон олинган, лекин кўчаларда ҳайдаб юра олмайди. ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, бу машинани ҳайдаш мумкин эмас, деб тақиқланиш ҳолатлари бўлди. Бу вазиятда автосалондан машина сотиб олган харидор автосалонга мурожаат қилади ва “сизлар менга сотгансизлар” дейди. У 20 кун давомида олган машинасини фақат ўзи ҳайдай олиши мумкин, бошқа одамга ишончнома бера олмайди, бу томонларидан харидорлар ҳар доим норози. Харидор норози бўлгандан кейин, ҳамма тадбиркор ҳам норози бўлади.

Сотувлар 2-3 баробарга камайган”

Хуршид Маҳамадов: Олдинги ҳолатга – божхона ҳудудидаги текширишга қайтиш керак. Ёки текширувларни кўпайтириб, кунига нечта талаб бўлса, шунча машинани бемалол текшириб беришсин.

Машина декларация қилиниб, божхонадан олиб чиқилди, лекин унга 10 кун ичида давлат рақами тақилмаса, жаримаси бор. Ҳозирда ҳамма машина жарима тўламоқда. 95 минг сўм, майли, лекин тўлаяпти. Нега? Бу унинг айби эмас. 10 кун рақамсиз юрди ва устига яна 20 кун навбат бор. Ноилож тўлайди, мажбур.

Бозорга жуда ёмон таъсир қиляпти бу. Олдинга нисбатан икки-уч баравар сотув камайган, яъни 2024 йилнинг боши, 2023 йилнинг охирларига нисбатан, ҳозирги аҳволимизда 2-3 баравар сотув кам.

Ҳозир нега навбат кўпайяпти? 1 майдан ошадиган утилизация йиғимининг ҳам таъсири бор. Утилизация йиғими 45 миллион сўмгача ошириляпти, ҳамма тезроқ сертификат олишга шошиляпти.

BYD расмийлари утилизация тўламайди, биз эса утилизация учун тўлов қилишга мажбурмиз. Демак, тадбиркор билан расмий нархлар тафовути фақатгина утилизациянинг ҳисобига ҳам 45 млн сўм фарқ қилади.

Ечим – тизимдан воз кечишда”

Азизбек Бердиев: Биринчи ечим – буни умуман йўқотиб ташлаш керак, чунки янги тизим тадбиркорларга фақат зарар беряпти. Агар қайсидир қонун, қайсидир ишлаб чиқарилган нарса ёки янги қўйилган нарса инсонларга манфаат олиб келмас экан, у нимага керак? Аслида қонунлар инсонларни ўйлаш учун чиқарилмайдими? Инсонлар ҳозир қайси аҳволда, ҳамма “зўр бўляпти” деб айтяптими? Яъни битта ечим – буни йўқотиш, бўлди.

Олдин бу нарса божхона омборларида қилинган. Ҳозир, масалан, Пискентга бориш ҳам тадбиркорга анча пулга тушади. Битта трейлер 1 млн сўм ёки 100 долларга бориб келади. Божхона омборларининг кўплигини ҳисобга олсак, иш тез битган. Ҳозир бутун Ўзбекистондаги импорт қилувчилар фақатгина Пискентга боради.

Соҳа ўлиб боряпти”

Хуршид Маҳамадов: Узоқни кўрадиган тадбиркорлар: “Бу соҳа ўлиб боряпти, агар шу кетишда давом этилса, ўлиб боради” дейишяпти. Бунга таъриф йўқ бошқача, чунки кучли тақиқлар булар, сотишга жуда ҳам халақит беради.

Ҳозир менга келаётган харидор, масалан, Самарқандда яшайди, Қорақалпоғистонда яшайди. У автомобилни сотиб олгандан кейин олиб кетади ва навбати келганда Пискентга олиб келиши керак. Ҳар бир шаҳарда тестдан ўтказиши учун шунақа марказлар қилишсин…

Мадина Очилова,
Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери