Осиёдаги энг чуқур ғор жойлашган қишлоқ – Деҳиболо | Манзил
Осиёдаги энг чуқур ғор Ўзбекистонда эканини билармидингиз? Кўпчилик юртдошларимиз ер ости дунёсининг бу ажиб мўъжизаси Сурхондарё вилояти Бойсун туманида эканини билмаслиги аниқ. “Манзил” лойиҳаси навбатдаги кўрсатувида Бойбулоқ ғори жойлашган қишлоқ ва унинг атрофидаги табиат гўзалликларини намойиш этади.
Бойбулоқ ғори Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Деҳиболо қишлоғи атрофида жойлашган. Ўтган асрнинг 70-йилларида қурғоқчилик сабаб қишлоқда яшовчи Мустафоқул Зокиров сув излаб шу ғорга кирган. Мустафоқул шу асно ғордан қайтиб чиқмаган. Маҳаллий аҳоли уни қидириб, ғорнинг маълум қисмигача кирган, лекин топишолмаган. Орадан бир йил ўтиб спелеологлар ёрдамида марҳум танасининг қолдиқлари олиб чиқилган.
Шу тариқа, бир инсоннинг ўлими ва қурғоқчилик сабаб Осиёдаги энг чуқур ғор топилган.
2023 йил 20 август куни Бойбулоқ ғорига уюштирилган халқаро спелеологик экспедиция навбатдаги рекорд даражадаги чуқурлик кашф этилиши билан якунланган.
Вадим Логинов бошчилигидаги Россия, Чехия ва Тайвандан келган 33 нафар спелеологдан иборат экспедиция ғорнинг чуқурлиги 1517 м, узунлиги эса 17 км эканини аниқлаган. Аввалги кўрсаткич 1430 м ва 15,2 км эди.
Бугунги кунда ғор чуқурлиги бўйича дунёда 12-ўринда туради.
Ғорни ўрганиш бўйича биринчи тадқиқот 1985 йилда бошланган. Бойбулоқ техник жиҳатдан тушишнинг қийинлиги сабаб 5+ тоифасига киради. Асосий тўсиқлар – чуқурлиги 180 метргача бўлган ички “қудуқлар”, тор вертикал меандерлар, ярим сифонлар (яъни сув билан тўлган ўтиш жойлари) ва бошқалардир.
Мутахассисларнинг фикрича, Бойбулоқ ғорининг ўтиш жойлари 1283 м чуқурликда А.Вишневский номидаги бошқа ғор томон олиб боради. Иккита ғорнинг потенциал уланиши 2033 м чуқурлик ва тахминан 30 км узунликни ташкил қилади. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, бу дунёдаги учинчи энг чуқур ғор бўлиши мумкин.
Рекорд чуқурликка эришиш учун Бой-Булоқ ва А.Вишневский ғорларида яна тадқиқотларни давом эттириш режалаштирилган.
Бойсун тоғларида бундан ташқари бир нечта ғорлар бор. Улар орасидаги энг машҳурлари Хўжа Ғур-Ғур ота, Вишневский. Бу ғорларга ҳам насиб қилса, саёҳат уюштирамиз.
Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун
Кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди.
Мавзуга оид

18:45 / 28.03.2025
“Газ яна портлади” – “М-25” конида “водород сулфидининг назорат остидаги отилиши” рўй берди

08:42 / 28.03.2025
М-25 газ конида водород сулфиди отилиши юз берди

09:32 / 15.03.2025
Сурхондарёда дарёдан қум қазиб олганлар 78 млн сўм тўлайдиган бўлди

17:04 / 14.03.2025