Жаҳон | 10:53 / 30.03.2025
51325
2 дақиқада ўқилади

Олимлар ҳеч қандай тирик жонзотга ўхшамайдиган организмни топишди

Шотландиялик тадқиқотчилар Ердаги қадимги ҳаёт тўғрисидаги тасаввурларни шубҳа остига қўйди. Улар прототаксит деб аталувчи, турли хил тоифаларга кирмайдиган организмни ўрганиб, унга ҳеч қандай мавжуд тоифа тегишли эмас, деган тўхтамга келишди, деб ёзмоқда Hi-Tech нашри.

Фото: tumblr.com

Прототакситлар — тахминан 400 миллион йил аввал яшаган, 8 метргача ўсган ғаройиб структуралар ҳисобланади. XIX асрдаёқ бу тошга айланган жисмлар топилган, аммо уларни аввал дарахт, кейин қўзиқорин, ҳатто сувўт ҳисоблашган. Аммо Эдинбург университети олимлари ўтказган янги микроскопик ва кимёвий таҳлиллар бу гипотезаларни рад этмоқда.

«Биз уларни ҳеч қандай маълум тоифа билан боғлай олмадик. Прототакситлар на қўзиқорин, на ўсимлик, на бошқа ҳужайрали жонзотларга ўхшайди. Улар ўзгача ҳужайравий тузилмага эга», — дейилади тадқиқот хулосасида.

Мутахассислар фикрича, прототакситлар ўзига хос эукариот ҳаёт шакли бўлган бўлиши мумкин. Улар кеч силур ва девон давридаги ботқоқ ландшафтларда яшаган ва ўша пайтдаги оддий папоротниклар ва юлғунлар орасида ҳақиқий гигантлар бўлиб кўринган.

Бу организмлар қадимги экотизимларда қандай рол ўйнагани номаълум. Балки улар эволюциянинг бир қисми сифатида пайдо бўлиб, кейин йўқолган. Бироқ уларнинг мавжудлиги ҳаёт ривожи қанчалар ноодатий ва хилма-хил бўлиши мумкинлигини яна бир бор исботлайди.

Мавзуга оид