Жаҳон | 18:15 / 29.03.2025
3032
4 дақиқада ўқилади

Туркманистонда ЕИ ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди

Учрашувда хавфсизлик, энергетика, сув ресурслари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: X / kajakallas

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг 20-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари, Қозоғистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас иштирок этди.

Учрашувда хавфсизлик, энергетика, сув ресурслари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Афғонистонни қўллаб-қувватлаш, иқлим инқирозига қарши кураш ва Транскаспий йўлагини ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббуслар ўртага ташланди.

Йиғилиш кун тартибига 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё — Европа Иттифоқи биринчи саммитига тайёргарлик масаласи ҳам киритилди.

Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари хавфсизлик, энергетика, сув ресурслари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди. Шунингдек, Афғонистонни қўллаб-қувватлаш, иқлим инқирозига қарши кураш ва Транскаспий йўлагини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Барқарор ривожланиш ва тинчликни таъминлаш мақсадида БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига содиқлик, давлатларнинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга қатъий қўллаб-қувватлаш билдирилди.

Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома, Кимёвий қуролларни тақиқлаш ва йўқ қилиш тўғрисидаги конвенция ҳамда Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг кучга киришини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари орқали яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Европа Иттифоқининг Global Gateway стратегияси, Team Europe ташаббуси ва Европа молия институтларининг иштироки орқали қўллаб-қувватлашга содиқлиги эътироф этилди.

Навбатдаги Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иқтисодий форумини 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказиш масаласи кўрилди. Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, Европа бозорига кириш имкониятларини ошириш ва халқаро савдо алоқаларини кучайтиришга эътибор қаратади.

Global Gateway стратегияси доирасида савдо, транспорт, сув ресурслари, энергетика, иқлим ўзгариши, рақамлаштириш ва муҳим хомашё каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, таълим, тадқиқот ва барқарор туризмни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш, ЕИнинг Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаш, рақамли ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва демократик тамойилларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Уюшган жиноятчилик, экстремизм, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги узоқ муддатли барқарорлик учун инклюзив сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.

Иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши каби глобал таҳдидларга қарши чоралар кўриш муҳимлиги айтилди. Париж иқлим келишувига миллий ҳисса қўшиш устида ишлаш муҳимлиги таъкидланди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатларида уран чиқиндилари муаммосини ҳал этиш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий дастурлари юқори баҳоланди. Шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ислоҳ қилиш ва минтақада таълим ҳамкорлигини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид