Пентагон раҳбари махфий музокараларга хотинини ҳам олиб боргани маълум бўлди

АҚШ мудофаа вазири Питт Ҳегсет рафиқаси Женнифер билан. Фото: WSJ
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Украина бўйича халқаро ҳарбий музокараларга ўзининг рафиқаси — Fox News телеканалининг собиқ продюсери Женнифер Ҳегсетни ҳам олиб борган. Бу учрашувларда махфий маълумотлар муҳокама қилинган, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри.
Бундай учрашувлардан бири 6 март куни Пентагонда бўлиб ўтган. Унда АҚШ томонидан Украинага разведка маълумотлари етказилиши тўхтатилгани муносабати билан вазият муҳокама қилинган. Учрашувда Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили ва Буюк Британия штаблар қўмондони адмирал Энтони Радакин ҳам қатнашган. Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги келажакдаги ҳарбий ҳамкорлик муҳокама қилинган.
WSJ таъкидлашича, назарий жиҳатдан бундай учрашувларга исталган шахс таклиф қилиниши мумкин, бироқ амалиётда қатнашувчилар рўйхати фақатгина «зарур шахслар» билан чекланади: муҳокамаларнинг «бенуқсон махфийлиги»ни инобатга олган ҳолда, бундай учрашувлар одатда махсус рухсатга эга шахслар учун ўтказилади, учрашув ўтказилаётган жойда эса қўриқчилар жойлаштирилади.
Иккинчи учрашув феврал ойида НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида бўлиб ўтган. У ерда АҚШ бошчилигидаги Украинага қурол етказиб берувчи ва бошқа кўмак кўрсатувчи тахминан 50 давлатни бирлаштирувчи алоқалар гуруҳи — Контакт гуруҳи йиғилиши ўтказилган.
WSJ манбаларига кўра, гуруҳ учрашувларида доимий равишда махфий маълумотлар — масалан, Украинага ёрдам миқдори ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади ва улар оммага эълон қилинмайди. Манбаларнинг таъкидлашича, айрим чет эл вакиллари Женнифер Ҳегсет ким эканини билмаган, бошқалар эса унинг иштирокига ҳайрон бўлган, бироқ қарши чиқишмаган.
Брюсселдаги матбуот анжуманида Пит Ҳегсет журналистларга маълум қилишича, рафиқаси ушбу сафарда у билан бирга бўлган ва Белгия ҳамда Германияда хизмат қилаётган америкалик ҳарбийлар оилалари билан учрашган. АҚШ Мудофаа вазирлиги Женнифер Ҳегсет Пентагон ходими эмаслигини маълум қилган, унинг махфий маълумотларга кириш даражаси ҳақида эса маълумот беришдан бош тортган. Вазирнинг рафиқаси журналистларнинг изоҳ сўраб юборган илтимосларига жавоб бермаган.
Пентагоннинг тасдиқлашича, вазирнинг расмий хорижий сафарларида уни нафақат рафиқаси, балки укаси — Hudson Institute таҳлил марказининг подкастлар продюсери Филип Ҳегсет ҳам кузатиб юрган. Маълумотларга кўра, Филип Ҳегсет яқинда АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Ички хавфсизлик вазирлиги ўртасида алоқалар боғловчисига айланган. Февралда укаси билан бирга Гуантанамога борган ва Пентагонда ирландиялик ММА жангчиси Конор Макгрегор билан учрашувда қатнашган. Айни вақтда икки ака-ука Осиёдаги ҳарбий базалар ва иттифоқчи давлатларга ташриф буюрмоқда, деб ёзади WSJ.
Женнифер ва Филип Ҳегсет Пит Ҳегсет номзоди АҚШ Мудофаа вазири лавозимига кўриб чиқилаётган пайтда ҳам унга доимий ҳамроҳлик қилган. Капитолий тепалигидаги суратларда улар сенаторлар билан учрашувлар пайтида унинг ёнида эканини кўриш мумкин.
Иккала партия вакилларидан бўлган Конгресс аъзолари Пит Ҳегсетнинг махфий ҳарбий маълумотларга муносабати юзасидан ташвиш билдиришди. Бу, айниқса, Доналд Трамп маъмурияти юқори лавозимли амалдорларининг Signal мессенжерида яратилган гуруҳли чат орқали яманлик ҳусийчиларга зарбаларни муҳокама қилгани ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг юзага келди. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц ўша чатга тасодифан The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдбергни ҳам қўшиб юборган.
Сенат қуролли кучлар бўйича қўмитаси раҳбари, Миссисипидан сайланган республикачи Рожер Уикер ва демократ сенатор Жек Рид Пентагон бош инспекторига ушбу масала юзасидан текширув ўтказишни сўраб мурожаат йўллашган.
WSJ ёзишича, Пентагон юқори раҳбарлари расмий сафарлар ва расмий маросимларга рафиқаларини олиб чиқишлари мумкин. Бироқ ҳозирги ва собиқ расмийлар таъкидлашича, агар ушбу рафиқалар давлат ходими бўлмаса, миллий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинадиган йиғилишларда уларнинг иштирок этиши жуда кам учрайди.
«Агар сиз НАТО давлатлари вазирлари ёки юқори даражали расмийлари билан учрашув ўтказаётган бўлсангиз, бундай учрашувлар одатда миллий хавфсизлик бўйича нозик мавзуларни қамраб олади. Агар сиз гувоҳларсиз махфий миллий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилмоқчи бўлсангиз, иштирокчиларни жуда эҳтиёткорлик билан танлашингиз керак», — деди Барак Обама президентлиги даврида Пентагонни бошқарган республикачи Чак Ҳейгел.
Унинг сўзларига кўра, бундай учрашувларда Женнифер Ҳегсетнинг иштироки бутун вазирликка огоҳлик қўнғироғи бўлади: «нега вазир уни олиб келган», «энди эҳтиёткор бўлиш ва нимани кимга айтаётганини назорат қилиш керак».
Обама маъмуриятида фаолият юритган яна бир собиқ юқори лавозимли манба WSJ нашрига маълум қилишича, АҚШ президенти Билл Клинтон ҳеч қачон хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган расмий учрашувларга рафиқаси Ҳиллари Клинтонни олиб чиқмаган. «Бу ғалати ва мутлақо маъносиз бўларди», — деди у.
Трампнинг илк президентлик муддатида ҳам шундай муаммолар бўлган — МРБ раҳбари ва кейинчалик АҚШ давлат котиби бўлган Майк Помпео ўз рафиқаси Сюзанни иш учрашувларига олиб борган. 2018 йилда разведка идораси Сюзан Помпеонинг жамоат тадбирларида қатнашганини, ходимлар оилаларини қўллаб-қувватлаш учун директорлар кенгаши фаолиятида фахрий аъзо сифатида фаолият юритганини ва кўп ҳолларда эри билан бирга МРБнинг 7-қаватидаги қароргоҳида фаолият олиб борганини расман тасдиқлаган. Шунингдек, у эридан номидан агентлик ходимларига шахсий топшириқлар бергани аниқланган.
Мавзуга оид

10:16
Трамп: Россияда ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш учун дедлайн бор

08:16
Полша АҚШ билан 2 млрд долларлик ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича шартнома тузади

08:07
АҚШ бутун дунё давлатларига қарши тарифлар жорий қилмоқчи — Reuters

21:50 / 31.03.2025