Ўзбекистон | 20:40 / 29.03.2025
10620
13 дақиқада ўқилади

Катта АЭСга қайтиш, сунъий навбат ажиотажи ва кечиктирилган тарифлар — ҳафта дайжести

Газ-свет учун янги тарифлар май ойига қолдирилди: бир ойдан кейин нархлар қандай ўзгаради? Россиядан яна делегация келди: йирик АЭС масаласи кун тартибига қайтган. Автомобил олиб кириш энди омадга боғлиқ: “монополистлар ниятига етгани” айтилмоқда. Ўзини ўзи банд қилувчилар рўйхати қисқаради: 34 хил касб эгаларига солиқ имтиёзи тугайди. Ортда қолаётган ҳафта янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Энерготарифлар ошиши 1 майга қолдирилди

Газ ва электр энергияси тарифларини ошириш бир ойга кечиктирилди. “Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тарифларни оширишни кейинга суришни буюрди”, дейилади Ҳайит байрами арафасида эълон қилинган расмий хабарда.

Янги тарифлар энди 1 апрелдан эмас, 1 майдан кучга киради. Бунда, аҳоли учун базавий норма доирасидаги электр энергияси 1 kWh учун 450 сўмдан 600 сўмга, нормадан ошмаган 1 кубометр газ 650 сўмдан 1000 сўмга ошади. Суюлтирилган газ нархи килосига 1600 сўмдан 2000 сўмга кўтарилади.

Ўтган йил 1 майдан фарқли равишда, бу йил 1 майдан кучга кирадиган тарифлар бизнесга ҳам тааллуқли. Аксарият юридик шахслар учун ҳозирги 900 сўмлик электр энергияси 1000 сўмга етади, газ нархи эса 1500 сўмдан 1800 сўмга ошади. Автомобилларга метан қуйиш шохобчалари 1 майдан бошлаб газ учун ҳозиргидек 1800 сўмдан эмас, 2500 сўмдан тўлай бошлайди.

Ёқилғи-энергетика маҳсулотларига солиқ ставкаларининг кўтарилишини кечиктириш бўйича янгилик бўлганича йўқ. Амалдаги Солиқ кодексига кўра, 1 апрелдан эътиборан бензин, дизел, метан ва пропан учун акциз солиғи 10 фоизга ошади.

АЭС қурилиши: Президент ҳузуридаги йиғилиш ва Аҳмадхўжаев интервюси

Марказий Осиёда Россия АЭС қуриш ҳақида гапирмаётган давлат охир-оқибат битта қолди – у ҳам бўлса, газ захиралари бўйича дунёда 4-ўринда турадиган Туркманистон. Ўтган ҳафта Россия томони Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин, энди Тожикистонга ҳам атом электр станцияси қуриб беришни таклиф қилаётганини тасдиқлади. “Росатом” раҳбари Алексей Лихачевнинг сўзларига кўра, кам қувватли АЭС қуриш бўйича берилган таклифни Тожикистон томони ўрганиб чиқяпти. “Бу – музокараларнинг илк босқичи”, деди “Росатом” раҳбари.

Бу ҳафта Лихачевнинг биринчи ўринбосари, “Атомстройэкспорт” президенти Андрей Петров Ўзбекистонга келиб, яна йирик қувватли АЭС масаласини кўтарди. У “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев билан учрашувда йирик АЭС қуриш учун жой танлаш ва лойиҳани техник-иқтисодий асослаш масалаларини муҳокама қилган.

Сешанба куни “Ўзатом” тарқатган хабарда бу учрашувдаги муҳокаманинг асосий мавзуси йирик АЭС эмас, кам қувватли АЭС бўлгани айтилган бўлса-да, айнан катта станция атрофидаги муҳокамалар кўпроқ жамоатчилик ва ОАВ эътиборини тортди. Шунга ўхшаш ҳолат пайшанба куни президент ҳузурида бўлиб ўтган, атом энергетикасини ривожлантиришга оид йиғилишдан кейин ҳам кузатилди. Расмий хабарда айтилишича, йиғилишда мутасаддилар Шавкат Мирзиёевга кам қувватли АЭС лойиҳасининг бориши ва ҳамкорлар билан музокаралар ҳақида ахборот берган. Қурилишнинг барча босқичлари Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлиши, бўлажак станция жаҳоннинг энг илғор хавфсизлик талабларига жавоб бериши айтилган. Кўпчиликнинг диққатини қаратган янгилик эса пресс-релизнинг энг охирги жумласидан ўрин олган бўлиб, унга кўра, йиғилишда кичик АЭС масаласидан ташқари, катта қувватли АЭС қуришнинг техник-иқтисодий жиҳатлари ва уни барпо этиш режалари ҳам кўриб чиқилган.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, Ўзбекистон–Россия ўртасида 2017 йилдан бошлаб муҳокама қилина бошлаган йирик АЭС масаласи яна кун тартибига қайтган. Бир неча йил давомида музокараларда иккита энергоблокдан иборат, умумий қуввати 2,4 гигаваттлик тўлақонли станция ҳақида гап борган, россияликлар лойиҳани тахминан 11 млрд долларга баҳолаган эди. Лекин 2024 йилга келиб, режалар ўзгарган, Жиззахдаги танланган майдонда 330 мегаваттлик кам қувватли АЭС қуриш бўйича битим имзоланган эди.

Журналист Кирилл Алтманга интервю берган “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаевнинг сўзларига кўра, кичик станция қурилишида биринчи бетонни қуйиш 2026 йил 2-чорагига режа қилинган. Бош пудратчи “Росатом”дан ташқари, маҳаллий пудратчилар, масалан Saneg ҳам иштирок этадиган лойиҳанинг қиймати 2 млрд доллардан ошмаслиги ваъда қилиняпти. Аҳмадхўжаевнинг тасдиқлашича, АЭС асосан ташқи қарзлар ҳисобига қурилади. Жумладан, Хитойдан имтиёзли кредит олинади. Россиядан эса маблағ жалб қилинмайди. “Геосиёсий жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг пулларини кўриб чиқмаяпмиз”, деди “Ўзатом” раҳбари. Унинг сўзларига кўра, қурилажак станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг таннархи техник-иқтисодий асослар тайёр бўлганидан кейин маълум бўлади. Яъни ҳозирча “ТЭО” тайёр эмас.

Азим Аҳмадхўжаев АЭС қуриш бўйича референдум ўтказилмаганини конституцияда бунақа талаб йўқлиги билан изоҳлади. Россиядан олиб келиш режа қилинган реакторлар музликлар бағридаги сувости кемаларига мўлжалланган ядровий технологиянинг модификация қилинган версияси экани, ҳали ҳеч қаерда қуруқликда ишлатилмагани ҳақидаги саволга жавобан, Аҳмадхўжаев Ўзбекистон ядровий эксперимент майдонига айланиб қолишини рад этди. “Реактор сувда ёки ерда бўлишининг нима фарқи бор? Унинг электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёни бир хил. Технология аллақачон ер устида ишлашга мослаштирилган”, деди “Ўзатом” директори.

Агентлик раҳбари Жиззахдаги АЭС Россия учун Ўзбекистонга босим ўтказиш ричагига айланиб қолишини ҳам рад этди. “Станция Ўзбекистоннинг мулки бўлади, унда маҳаллий мутахассислар ишлайди. Россия қандайдир тугмани босса, бу станцияда нимадир содир бўлади, деган нарса йўқ. Европа мамлакатларининг дастурий таъминотини ишлатишимиз ҳам мумкин”, – деди Азим Аҳмадхўжаев.

Интервюда собиқ энергетика вазири Алишер Султоновнинг “Газимиз учта Ўзбекистонни боқишга етади” деган фикри ҳам муҳокама қилинган. “Ўзатом” директорининг фикрича, Султонов ўшанда газни тежаб ишлатиш муҳимлигини назарда тутган ва ҳақ гапни айтган. “Агар одамлар одатланиб қолган истеъмол маданияти бўлмаганида, газ учта Ўзбекистонга етган бўларди”, деди Аҳмадхўжаев. У одамларнинг газни тежамасдан ишлатиши ҳақида гапираркан, учта Ўзбекистонга етгулик газ қандай қилиб битта Ўзбекистонга ҳам етмаётганининг яна бошқа сабабларини тилга олишни лозим топмаган.

Пискентдаги автолабораторияга навбат ажиотажи

“Монополистлар ниятига етди десак ҳам бўлади”. Охирги пайтларда автомобил импорт қилиш қийинлашиб кетгани ҳақида хабар берган Telegram'даги “Растаможка” канали вазиятни айнан шундай изоҳлади. Маълум бўлишича, машиналарни Пискентдаги лабораторияда текширувдан ўтказиш учун электрон навбат олиш ҳаддан ташқари қийинлашиб кетган. Навбат олиш тунги соат 00:00 да очилиб, 1 дақиқага бормасдан тугаб қоляпти. Канал муаллифи бу ҳолатни Cobalt учун шартнома олишдаги ажиотажга ўхшатди.

Божхона соҳасидаги бошқа бир блогер – Autodeklarant канали муаллифининг маълум қилишича, 28 март ҳолатига, 13 апрелгача бўлган навбатлар тўлиб бўлган. Тунги 00:00 дан очилган навбатлар 20 секундда тугаб кетган. Канал муаллифи жараён қанақа кечаётганини қисқа видеода кўрсатиб берди.

“Ундан кўра: “Бўлди, автомобил импорт қилманглар, йўл қўймаймиз” деб айтиб қўйинглар, инсонлар, тадбиркорлар овора бўлиб машина олиб келмасин”,дейди блогер.

Маълумот учун, Пискентдаги лаборатория кунига 100-120 та автомобилни синовда ўтказа олади. Лекин бу кунлик импорт кўрсаткичидан камида 2 баробарга кам. Яъни масъуллар ўтган йили ноябрда шу тартибни жорий қилишларидан олдин, бундай навбатлар юзага келишини олдиндан билган.

Ҳозирги вазиятда, божхона омборларида сертификат учун навбат кутаётган минглаб, ҳатто ўн минглаб автомобиллар тўпланиб кетган бўлиши мумкин. Агар навбатга ёзилиш чекловларсиз, доимий режимга ўтказилса, божхонада кутаётган минглаб автомобиллар бир неча ойлик навбатларни тўлдириб қўйиши маълум бўлади. Энг ёмони, бирор ўзгариш қилинмаса, навбатлар фақат узайиб бораверади. Бора-бора, импорт қилинган машиналар сертификат олиш учун божхонада йиллаб қолиб кетадиган сценарий ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Ўзини ўзи банд қилганлар тоифаси қисқаради

Ўзбекистонда 34 тоифадаги ўзини ўзини банд қилган шахслар бундан буён солиқ тўлаши керак, деган қарорга келинди. Бу қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати амалдаги 104 та банддан 72 тагача қисқаради. Сартарошлик, фото-видео хизматлари, автомобил таъмирлаш, деҳқон бозорларида савдо қилиш, ширинлик ва салат тайёрлаб сотиш, репетиторлик каби жами 34 тоифадаги фаолият турлари рўйхатдан чиқарилади.

Бу дегани, ўзини ўзи банд қилган ҳолда шу ишлар билан шуғулланаётган одамлар келаси йилдан бошлаб қонуний ишламоқчи бўлса, расман тадбиркорлик очиши керак бўлади. Қарор билан, улар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтса, давлат божи тўламаслиги белгиланди. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилувчилар тоифасига янги қўшилган касблар ҳам йўқ эмас: 2026 йилдан бошлаб, маркетплейсларда савдо қилиш, товуқ боқиш, дорбозлик, аския ва лапар билан шуғулланиш ушбу рўйхатга қўшилади.

Фармон билан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклашга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Бундан ташқари, эндиликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига нисбатан бирор янги талаб белгиланса, бу талабнинг кучга кириш муддати қатъий равишда ё 1 январ, ёки 1 июл деб белгиланади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бойсундаги М25 конида яна битта нуқтадан олтингугурт гази отилиб чиқди. Энергетика вазирлиги кондаги 202-сонда рўй берган ҳодисани “назорат остидаги отилиш” деб атади. Жабрланганлар йўқлиги, ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги айтиляпти. Газ чиқаётган қудуқ табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида ёқиб қўйилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 1 сентябр куни бу кондаги 604-сонли қудуқдан ҳам водород сулфид гази чиққан, кейинроқ такрорий портлаш рўй бериб, 4 киши ҳалок бўлганди. Январ ойида М25 кони ҳудуди “оловли водий”га айланиб қолгани маълум бўлганди.

Тошкент шаҳри жамоат транспортининг собиқ раҳбарлари устидан суд ҳукми ўқилган. Маълум бўлишича, “Тошшаҳартрансхизмат” нинг собиқ раиси Анвар Жўраев ва унинг ўринбосари Абдужамил Азизов талон-торож ва мансаб сохтакорлиги каби жиноятларда айбланиб, феврал ойида 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Уларнинг иккиси ҳам судда берган кўрсатмасида ўзига қўйилган айбловларни рад этган, ҳукм чиққач, апелляция шикоятини киритган. Маълумот учун, Анвар Жўраев 2024 йил бошида, лавозимда ишлаётган вақтида қамоққа олинганди.

Пойтахтда қамоққа олинган яна бир мансабдор – фавқулодда вазиятлар тизими вакили бўлди. Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг исми очиқланмаётган ўринбосари ҳибсга олинган. ДХХ хабарига кўра, у қурилиш соҳаси билан боғлиқ ваколатларини суиистеъмол қилиб, доимий равишда тамагирлик йўли билан пора олиб келганликда айбланяпти. Бу жиноят ишининг қўзғатилиши фавқулодда вазиятлар вазири ва унинг икки ўринбосари ишдан олингани фонида рўй бермоқда. Давлат раҳбари уларни қурилишдаги қонунбузарликлар сабабли ишдан олганини айтганди.

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига энди салкам 1 млрд сўмдан берилади. Президент фармонига асосан, 1 июндан бошлаб нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган мукофот пули 5 бараварга ошириладиган бўлди. Натижада, 1-ўрин соҳиблари оладиган пул мукофоти 2500 БҲМ (937,5 млн сўм)га, 2-ўрин учун 1500 БҲМ (562,5 млн сўм), 3-ўрин учун 1000 БҲМ (375 млн сўм)га етади. Бундан ташқари, топ-100 таликка кирувчи ОТМларда илмий даража олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун 10 йил муддатга 2150 БҲМ (806 млн сўм)гача фоизсиз ссуда ажратилади.

Мавзуга оид