Жаҳон | 15:21 / 29.03.2025
10144
2 дақиқада ўқилади

Австралиянинг олис шаҳридаги ягона шифокор ишдан кетяпти. Янги номзодларга 400 минг доллар маош таклиф этилмоқда

Шаҳарча жуда узоқда жойлашгани туфайли у ерда ишлашни хоҳлаганлар бепул уй ва машина билан ҳам таъминланади.

Фото: AP

Австралиянинг олис Жулиа Крик шаҳри учун шифокор қидирилмоқда. Associated Press хабар беришича, 500 нафар аҳоли яшайдиган бу манзилдаги ягона шифокор яқинда ўз лавозимини тарк этади.

Жулия Крик Квинсленд штати пойтахти Брисбен шаҳридан 17 соатлик йўлда жойлашган. У ердан энг яқин йирик шаҳар — Таунсвиллга етиб олиш учун етти соат вақт кетади.

Шаҳарчанинг жойлашувини инобатга олиб, у ерда ишлашни хоҳлаган шифокорга 680 минг Австралия долларигача (тахминан 428 минг АҚШ доллари) миқдорида маош, бепул уй-жой ва автомобил таклиф этилмоқда. Потенциал номзод жазирама иссиқ ва тропик ҳашаротларга ҳам чидай олиши керак.

Жулиа Крикнинг ҳозирги шифокори Адам Лоувс шаҳарда 2022 йилдан бери ишлайди, у 500 минг Австралия доллари (315 минг АҚШ доллари) миқдорида маош олиб келган. Шифокорнинг айтишича, бу ерда осойишта ҳаёт ҳукм суради.

У қандай қилиб ушбу шаҳарчага келиб қолганини айтиб берди: “Бир куни қайнонам ‘Ҳеч кимга керак бўлмаган ярим миллион долларлик иш’ сарлавҳали янгилик ҳаволасини юборди. Уни кўрганимда хаёлимга келган биринчи фикр ‘Жулия Крик қаерда экан?’ деган савол бўлди”.

Лоувс шаҳарчага келмасидан олдин у ерда 15 йил давомида бирорта ҳам шифокор бўлмаган.

Мавзуга оид