Жаҳон | 23:20 / 28.03.2025
8733
4 дақиқада ўқилади

Украина армияси Белгород областида бир неча аҳоли пунктини эгаллаган: кўприклар портлатилмоқда

Украина Қуролли кучлари Россиянинг Курск областини деярли тўлиқ тарк этганидан сўнг, улар қўшни Белгород областига ҳужум бошлади. Ўтган йилнинг августидаги кутилмаган операциядан фарқли ўлароқ, мустаҳкамланган ва ҳимояланган Белгород ҳудудига кириш анча қийинлашган.

Фото: Белгород области губернатори

Украина ҚК қанча куч билан, қандай мақсадларда операция олиб бораётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, бироқ The New York Times нашрининг ёзишича, улар яқинда чегарадан ўтишган. Бу ҳақда газетага украин ҳукумати ва ҳарбийлари орасидаги манба ҳамда очиқ маълумотлар таҳлилчилари маълум қилган.

Уч нафар украин ҳарбий ва ҳукумат расмийси операция Белгород областида, ўтган ёзда Курск областида эгалланган ҳудудлар яқинида давом этаётганини тасдиқлаган. Россиянинг Z-блогерлари эса бир неча аҳоли пунктида жанглар кетаётгани ва украинлар чегара яқинидаги кўприкларни бомбардимон қилаётгани ҳақида хабар беришган.

Украина Мудофаа вазирлигига яқин Deep State лойиҳаси харитасига кўра, Курск областидаги Украина ҚК назоратидаги ҳудуд 77 км кв.ни ташкил этмоқда (ўтган йили эгалланган энг катта майдон 1300 км кв. деб баҳоланган эди). Белгород областида эса 13 км кв. ҳудуд «номаълум» деб белгиланган — бу ер кимнинг назоратида экани аниқ эмас. Ушбу ҳудуд ичида Поповка қишлоғи, четроғида эса Демидовка жойлашган.

Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, украин қисмлари 18 март куни Белгород областининг Краснояружское райониига кириб боришган, Демидовкагача етиб боришган ва чегара яқинида яна учта аҳоли пунктига киришган.

Финландиянинг Black Bird Group таҳлилчиси Паси Паройнен буни тасдиқлаб, Black Bird текшириб, геолокациясини аниқлаган бир неча видеога асосланганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Украина «мудофаа ҳудудида зарур буфер ҳудуд ярата олди ва дастлабки кунларда чегара бўйлаб бир неча қишлоқни эгаллади», шундан сўнг Россия қўшимча кучлар юборган. Унинг фикрича, Демидовка ҳозирда Украина ҚК назоратида бўлиши мумкин.

Россиянинг Белгород области губернатори Вячеслав Гладков 28 март куни Telegram орқали турли аҳоли пунктларидаги ўқ узишлар ва дрон ҳужумлари ҳақида маълумот берди, бироқ УҚКнинг област ҳудудидаги эҳтимолий ҳаракатлари ҳақида ҳеч нарса айтмади.

«Сводки ополчения Новороссии Z.O.V.» Z-канали эълон қилган маълумотларга кўра, Украина ҚК томонидан тарқатилган видеоларда «юқори аниқликдаги авиацион бомбалар... Белгород вилоятидаги кўприкларни нишонга олган», бу билан чегара ҳудудини изоляция қилиш мақсад қилинган. Графовкада ва Надежевка ҳамда Анновка ўртасидаги кўприкларга жиддий шикаст етказилгани қайд этилган.

«Рибар» канали эса УҚК Поповка қишлоғини эгаллагани ва улар Краснояружское районига қарши йирик кучларни ушлаб турибди, ҳар куни чегарани бузиб кириш уринишлари давом этмоқда, деб хабар берди. Россия армияси эса бу ҳудудга қўшимча кучлар юборган.

Украина ҳукуматининг Россия дезинформация операцияларига қарши курашиш билан шуғулланувчи юқори мартабали расмийси Андрей Коваленко NYT нашрига берган баёнотида Украина ҳозирда Россия ҳужумларидан ҳимояланиш мақсадида жанговар ҳаракатлар олиб бораётганини айтди ва улар Белгород области ҳудудида жойлашган душман кучларини йўқ қилишни мақсад қилганини қўшимча қилди. Унга кўра, Россия бу кучларни Украина ҳудудига қарши фойдаланишни режалаштираётган эди.

Мавзуга оид