Ўзбекистон | 18:12 / 28.03.2025
3536
2 дақиқада ўқилади

Президент Uzbekistan Airways’га чипталар нархи ошиши олдини олиш бўйича топшириқ берди

Шунингдек, давлат раҳбари миллий авиакомпания олдига халқаро бозорда акцияларни оммавий жойлаштириш (IPO) бўйича «жиддий вазифа» қўйди.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways авиакомпаниясига Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларидан (БҲМС) Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) ўтишни топширди. Бу ҳақда компания раиси Шуҳрат Худойқулов президентнинг хусусийлаштириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишидан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Шуҳрат Худойқуловнинг сўзларига кўра, бу келажакда авиаташувчига харажатларни капиталлаштиришга, шунингдек, «чипталар нархини ушлаб туришга, бозорда мослашувчан ва республика аҳолиси учун қулай бўлишга» имкон беради.

«Президент бизнинг олдимизга авиачипталар нархини оширмаслик ва бу жараённи маълум даражада назорат қилиш вазифасини қўймоқда», — дейди Uzbekistan Airways авиакомпанияси раиси.

Шунингдек, Худойқулов миллий авиакомпания олдига халқаро бозорда акцияларни оммавий жойлаштириш (IPO) бўйича «жиддий вазифа» қўйилганини айтди. Бу иш билан Uzbekistan Airways қошида ташкил этилган трансформация офиси шуғулланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабр ойида президент Uzbekistan Airways акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишган эди. «Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, якка-ю ягона йўлимиз шу», – деган эди ўшанда президент.

Жорий йил феврал ойида эса Ўзбекистонда авиачипталарнинг ўртача нархи 22,4 фоизга ошгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид