Жаҳон | 14:45 / 28.03.2025
13764
6 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинанинг барча ресурслари устидан назоратни қўлга киритмоқчи

АҚШ фойдали қазилмалар бўйича янги келишувда Украинадан барча табиий ресурслар, нефт, газ, шунингдек, йўллар, портлар, қувурлар ва заводлар қурилиши устидан назоратни талаб қилган. Киевдагилар буни «талончилик» деб аташди.

Фото: Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Bloomberg агентлиги ва Financial Times газетаси 27 март куни Украина ва АҚШ ўртасидаги фойдали қазилмалар бўйича янги келишув лойиҳаси тафсилотларини эълон қилди, Америка расмийлари уни 23 март куни Киевга етказган. ОАВнинг АҚШ томонидан тайёрланган янги лойиҳа ҳақидаги маълумотлари кўп жиҳатдан Олий Рада депутати Ярослав Железнякнинг маълумотларига мос келади, у 27 март куни 58 саҳифали лойиҳа ҳақида баъзи тафсилотларни маълум қилганди.

Ресурслар бўйича янги келишув лойиҳаси АҚШга Украинадаги инфратузилма ва минерал лойиҳаларга сармоя киритишни назорат қилиш учун кенг ваколатлар беради, деб ёзади FT ва Bloomberg.

FT ва Bloomberg маълумотига кўра, АҚШ лойиҳаси қуйидагиларни кўзда тутади

 

  • Келишув Украинанинг бутун ҳудудидаги барча табиий ресурсларга, жумладан, нефт ва газга ҳам тааллуқли бўлади.
  • АҚШ табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ инфратузилма, жумладан, автомобил ва темирйўллар, портлар, конлар, қайта ишлаш заводларига инвестицияларни назорат қилиш ваколатига эга бўлади.
  • АҚШ икки мамлакат ўртасида даромадларни тақсимлайдиган махсус инвестиция фондига ўтказиладиган фойдани биринчи бўлиб талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
  • АҚШ 2022 йил февралида Россия қўшинларининг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Украинага берилган «моддий ва молиявий имтиёзлар»ни фондга қўшган ҳиссаси сифатида кўради.
  • Украина табиий ресурслар ва инфратузилма соҳасидаги барча янги лойиҳалардан тушган даромадларнинг 50 фоизини жамғармага ўтказиши керак бўлади. Америка инвестициялари ўзини оқламагунча, АҚШ барча фойдани ва йилига 4 фоизлик улуш олиш ҳуқуқига эга бўлади. Тегишли лойиҳалардан олинган барча маблағлар дарҳол валютага конвертация қилиниши ва чет элга ўтказилиши керак, кечикишлар ёки келишмовчиликлар юзага келган тақдирда компенсация учун Украина жавобгар бўлади.
  • Инвестиция жамғармаси АҚШ Халқаро молия корпорацияси (DFC) томонидан назорат қилинади. Назорат кузатув кенгаши орқали амалга оширилади, унинг беш аъзосидан уч нафарини DFC, қолган икки нафарини Украина тайинлаши мумкин. DFC қарорларни блоклаш ҳуқуқини олади. Украина фонд бошқарувига аралаша олмайди.
  • АҚШ инфратузилма лойиҳаларига устувор ҳуқуқларга эга бўлади. Украина фонд кўриб чиқиши учун барча лойиҳаларни «имкон қадар тезроқ» тақдим этиши керак, DFC эса барча молиялаштириладиган дастурларни кузатиб боради. Украина бошқа томонлар рад этган лойиҳаларни камида бир йил давомида «анча яхши шартларда» таклиф қила олмайди.
  • АҚШ ҳукумати фонд лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштирмаслигидан қатъи назар, Украинанинг металлари, фойдали қазилмалари, нефти ва газини бошқа томонлардан олдинроқ тижорат шартларида сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. АҚШда ресурслар бошқа мамлакатларга сотилишига вето қўйиш бўлади.
  • Вақт бўйича чегара кўрсатилмаган келишув Киевга энг муҳим фойдали қазилмаларни АҚШнинг «стратегик рақобатчилари» бўлган мамлакатларга сотишни тақиқлайди.

Financial Times АҚШ лойиҳада Киевга ҳеч қандай хавфсизлик кафолатлари таклиф этмаганига эътибор қаратган.

Bloomberg АҚШ ва Украина ўртасидаги муҳокамалар давом этаётгани ва якуний лойиҳа ўзгариши мумкинлигини қайд этган. Украина шу ҳафта, яъни 30 мартгача тузатишларни тақдим этиши мумкин, деган агентлик манбаси.

АҚШ келишув яқин кунларда имзоланишини кутмоқда. Киевда бунга шубҳа қилишмоқда

АҚШ молия вазири Скотт Бессент 26 март куни Украина келишувни кейинги ҳафтадаёқ, яъни 31 мартдан 6 апрелгача бўлган даврда имзолаши мумкинлигини айтган. Financial Times билан анонимлик шартида суҳбатлашган украиналик уч нафар расмий бу белгиланган вақтда содир бўлиши даргумонлигини айтди. Улардан бири АҚШнинг таклифини «адолатсиз», бошқаси эса – «талончилик» деб атаган. Учинчи манба Украина ҳужжатни ўрганиш учун юрисконсултлар гуруҳини жалб қилганини қайд этган.

Украинанинг юқори мартабали мулозимлари АҚШнинг таклифи Украина суверенитетига путур етказиши ва мамлакатнинг Вашингтонга қарамлигини кучайтириши мумкинлигини маълум қилган. Расмийлар муҳокама пайтида АҚШ келишувга атом электр станциялари тўғрисидаги бандни ҳам қўшиши мумкинлигидан хавотирда, аммо ҳозир лойиҳада бу ҳақда айтилмаган.

АҚШ томонидан тайёрланган келишувнинг тўлиқ матни «батафсил ўрганиш»ни талаб қилади ва музокаралар давомида шартлар «доимий равишда ўзгариб туради», деди Украина президенти Володимир Зеленский 27 март куни Парижда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. У «варианти кўп марта ўзгарган келишув ҳақида гапиришга ҳали эрталиги»ни таъкидлаган.

«Аммо мен АҚШда Украина умуман бунга қарши эканлиги ҳақида ҳиссиёт бўлишини истамасдим. Биз ҳар доим ўзимизнинг ижобий сигналларимизни, биз АҚШ билан ҳамкорлик тарафдори эканимизни кўрсатганмиз, биз АҚШни Украинага ёрдам ёки разведка маълумотлари алмашишни тўхтатишга ундайдиган бирор сигнал бермоқчи эмасмиз», – деган Зеленский. Украина президенти ҳозирча АҚШга бормоқчи эмаслиги, «кун тартибида бундай масала йўқлиги»ни қўшимча қилди.

АҚШ Молия вазирлиги Bloomberg’га маълум қилишича, Қўшма Штатлар ҳамон тезроқ келишув тузилиши ва Украина ҳамда Россия учун мустаҳкам тинчликни таъминлаш тарафдори. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши изоҳ бўйича сўровга жавоб бермаган.

Украина ва АҚШ 28 феврал куни мамлакатлар президентларининг Вашингтондаги учрашувида фойдали қазилмалар бўйича ҳадли битимни имзоламоқчи эди, бироқ Доналд Трамп, унинг вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Володимир Зеленский ўртасидаги тортишув туфайли бу амалга ошмаган, Украина президенти Оқ уйни муддатидан олдин тарк этганди.

Мавзуга оид