The Atlantic Трамп жамоасининг Яманга ҳужумни муҳокама қилган чатига оид янги скриншотларни эълон қилди
Ёзишмалардан кўриш мумкинки, Пентагон раҳбари қирувчи самолётлар ҳусийларга қарши миссия бошлаганидан 31 дақиқа олдин улар учиб кетгани ҳақида ёзган. Майк Уолц бўлса, нишонлар яксон қилингани бўйича батафсил маълумот берган.

Фото: Getty Images
АҚШ ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари Ямандаги ҳусийларга зарбалар берилишидан олдин Signal мессенжерида ҳужумни муҳокама қилганига оид янги скриншотлар эълон қилинди. The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдберг ушбу чатга тасодифан қўшилиб қолган эди.
Эълон қилинган янги скриншотларга кўра, Пентагон раҳбари Пит Хегсет Американинг F-18 қирувчи самолётлари миссия бошланишидан 31 дақиқа ҳамда режалаштирилган нишон яксон қилинишидан икки соат олдин ҳавога кўтарилгани ҳақида хабар юборган.
Кейинроқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц чатда ҳужум натижалари ҳақида батафсил маълумот берган. «Биринчи нишон — уларнинг ракеталар бўйича бош мутахассиси — у ўзининг севгилиси яшайдиган бинога кирганини аниқладик ва у қулаб тушди», — дейилади скриншотда.




Ўз навбатида Хегсет қуйидаги мазмундаги хабарни юборган: «Ажойиб иш, бўлди. Бугун кечқурун яна бир нечта зарба, эртага тўлиқ ҳисобот бўлади. Ҳозирча ҳаммаси режа бўйича, нишонларга аниқ зарбалар берилмоқда ва ҳозирча ҳаммаси яхши».
The Atlantic’нинг қайд этишича, Голдбергнинг ушбу чатга нима сабабдан қўшилиб қолгани ҳануз номаълумлигича қолмоқда.
Голдберг 24 март куни тасодифан АҚШнинг ҳусийларга қарши операцияга оид режалари муҳокама қилинган чатга қўшилиб қолганини маълум қилганди. Чатда 18 киши бўлган, улар орасида Уолц, Хегсет, давлат котиби Марко Рубио, вице-президент Жей Ди Вэнс ва Оқ уйнинг бошқа вакиллари ҳам бор. Пентагон раҳбари ушбу чат орқали ҳарбий режалар юборилганини рад этди. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи содир бўлган воқеа бўйича масъулиятни ўз зиммасига олди, бироқ Голдбергни танимаслигини ва унинг рақами ҳам ўзида бўлмаганини таъкидлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Уолц бундан хулоса чиқарганини маълум қилди.
The Guardian нашрининг ёзишича, АҚШдаги миллий хавфсизлик ва разведка шарҳловчилари, экспертлар давлат махфий ҳарбий режаларининг бундай тижорий чатларда муҳокама қилинишини жиддий танқид остига олмоқда. Уларнинг наздида бу операцион хавфсизликнинг мисли кўрилмаган бузилиши. Ҳарбий операциялар Signal орқали муҳокама қилингани Шпионаж тўғрисидаги қонунга ва давлат ҳужжатларини сақлаш тартибига ҳам зид бўлиши мумкин. Чунки расмийлар фақат ҳимояланган, махсус давлат каналлари орқали мулоқот қилиши шарт эди.
Ўз навбатида Конгрессдаги демократлар The Atlantic нашри бош муҳарририга Яманга зарба беришни муҳокама қилган юқори лавозимли расмийлар бўлган чатга кириш имкони тақдим этилгани туфайли мессенжерлар орқали махфий маълумотлар узатганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилди.