«Койкалар етишмаяпти». Украинага бостириб кирган россиялик ҳарбийлар орасида силга чалинганлар касалхоналарни тўлдирди
Шифокорларнинг айтишича, илгари ҳарбий госпитал деярли бўш бўлган, ҳар қаватда энг кўпи билан 10 нафар бемор ётган. Энди эса касалхонага ётиш учун навбатлар пайдо бўлган, жой етишмаяпти.

Фото: ТАСС
Украинадаги уруш Россияда иқтисодий ва ижтимоий фалокатларни юзага келитиришдан ташқари, эпидемиологик вазиятни ҳам сезиларли даражада ёмонлаштирмоқда. Гап коронавирус эмас, балки ҳукумат томонидан «унутиб қўйилган» сил ҳақида кетмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, РФ ушбу касалликка чалиниш ҳолати бўйича Европа давлатлари орасида етакчи ҳисобланади.
Қайд этилишича, россияликлар орасида инфекцияга чалиниш ҳолатларининг сезиларли даражада ошишига Украинага қарши урушда иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар ҳисса қўшмоқда — улар ҳарбийлар учун мўлжалланган сил касалликлари госпиталини тўлдириб юборган.
Гап Москва яқинида жойлашган Бурденко номидаги ҳарбий госпиталнинг 12-филиали ҳақида кетмоқда. Нашр суҳбатдошларидан бири, илгари ФСИНда ишлаган ва 2022 йилда сафарбарликка жалб шахс фронтда касаллик қайталангач, ушбу сил диспансерига тушганини айтган. У бу ерда тўрт ой даволанган. Таъкидланишича, ўша вақтда касалхонада «сил касаллигига чалинган мингга яқин ҳарбий» даволанган. «У ер тўлиб кетган эди, шунинг учун қатъий тартиб ўрнатилган. Кимки спиртли ичимлик истеъмол қилишни бошласа, шунчаки ҳайдаб чиқаришарди», — дейди суҳбатдош. Унга кўра, муассасани ҳар куни бир неча киши тарк этган — ҳатто касалликнинг очиқ шаклига чалинганлар ҳам.
Эркакнинг сўзларига кўра, фронтдаги сил эпидемияси у ерга маҳбуслар келганидан кейин бошланган: «Колонияларда сил касаллиги жуда кенг тарқалган, ҳар учинчи маҳбус унга чалинган. Улар оммавий равишда урушга келганида эса… Шифокорларнинг айтишича, илгари госпитал деярли бўш бўлган, ҳар қаватда энг кўпи билан 10 нафар бемор ётган. Энди эса касалхонага ётиш учун навбатлар пайдо бўлган, жой етишмаяпти».
Ўзини беморлардан бирининг турмуш ўртоғи сифатида таништириб, муассаса билан боғланган журналистга ҳам госпиталда жойлар тўлганини тасдиқлашган.
Россиянинг турли ҳудудларига урушга юборилган яна бир неча нафар ҳарбий хизматчи тўлиқ тиббий текширувдан ўтмаганликларини билдирган. Улардан баъзилари илгари сил касаллигини бошидан кечирган бўлса, бошқалари эса окоплардаги намлик, совуқ ва касалланган аскарлар билан бирга бўлиш натижасида силга чалинган.
Ҳуқуқ фаоли Артем Клиганинг таъкидлашича, ҳозирда Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш фақат очиқ шаклдаги сил касаллигига чалинганларга тақиқланган. «Агар сил даволанган деб ҳисобланса ёки тиббий комиссия бу ҳақда билмаса, шунингдек, одамнинг ўзи бу маълумотни яширса, у бемалол армияга олиниши мумкин», — дейди у. Сил билан касалланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилоти раҳбарининг сўзларига кўра, агар урушдан касалланган аскарлар потенциал сулҳдан сўнг оммавий равишда уйга қайтса, «фуқаролик» ҳаётида сил касаллигининг тарқалиши кучаяди. Чунки армия тарк этилганида етарлича санитария назорати таъминланмайди ва улар ўз яқинларини ҳам касалликка чалиниш хавфи остида қолдиради.
ЖССТ ҳисоботига кўра, 2023 йилда Россия силга чалинишнинг янги ҳолатлари бўйича Европа давлатлари орасида етакчига айланган — 55 мингдан ортиқ одамда ушбу касаллик қайд этилган.
Мавзуга оид

22:16 / 29.03.2025
Россияда қаровсиз қолган ўзбекистонлик болалар ватанга қайтарилди

11:03 / 29.03.2025
SSJ-100 ҳалокати: Давлатлараро авиация қўмитаси масъулиятни экипажга юклади

09:30 / 29.03.2025
Вэнс Дания ҳукуматини Гренландияни Россиядан «етарли ҳимоя қилмаётгани» учун танқид қилди

08:30 / 29.03.2025