Жаҳон | 22:36 / 27.03.2025
7488
4 дақиқада ўқилади

АҚШда Исроилни танқид қилган турк талаба қўлга олинди

Бугун Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушга алоқадор қизиқ бир мавзу ҳақида гаплашамиз. Бу воқеани акс эттирувчи бир неча сониялик видео кўргач, гап нимада эканини аниқлаб, сизларга айтиб беришни мақсад қилдим.

Хуллас, 26 март куни Румейса Ўзтурк исмли турк қизни дўстлари ифторга таклиф қилишади. Шомга яқин қиз уйидан чиқиб онаси билан телефонда гаплашган кўйи йўлга отланади. Шу вақтда қизнинг олдига икки бегона эркак келиб қўлидан телефонини тортиб олади. Кейинчалик яна тўрт киши, хусусан, уч аёл қизни ўраб олади. Қизни ушлаганларнинг барчаси юзини ниқоб билан яшириб олганди. Улар қизнинг қўлини орқасига қилиб боғлаб, олиб кетишади.

Биласизми воқеа қаерда содир бўлди? Америкада! Ҳа, киноларда ҳатто қамоқхонадаги ашаддий жиноятчилар ҳам «адвокатсиз гапирмаслигини айтадиган» Қўшма Штатларда куппа-кундузи, ҳеч қандай ҳарбий либосда бўлмаган одамлар, ҳатто маҳаллий полицияни аралаштирмай чет эл фуқаросини қўлини қайириб олиб кетиши мумкин экан. Ишонинг, Доналд Трамп ҳукуматга қайтгач Америка кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда.

Румейса Ўзтурк дунёга машҳур Колумбия университетида бакалавр йўналишини тугатган. Ҳозир Массачусетсдаги Тафтс университети аспирантурасида ўқийди. АҚШга расман F-1 визаси билан борган, яъни ноқонуний муҳожир эмас. Қизни Иммиграцион божхона полицияси – ноқонуний мигрантларни топиб депорт қиладиган идора ушлаган. Ўзтуркнинг визаси бекор қилиниб, тез орада Туркияга депортация қилиниши айтилмоқда.

Исроилга қарши мақола учун

Гап шундаки, Румейса Ўзтурк бошқа талабалар билан бирга Tufts Daily номли университет газетасида Исроилнинг Ғазодаги ишлари халқаро ҳуқуққа кўра геноцид экани ҳақида мақола ёзиб, ўзи ўқийдиган олийгоҳни бу фактни тан олишга чақирган. АҚШдаги университетларда Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига қарши кўп марта намойишлар ўтказилганини билсангиз керак. Доналд Трамп ҳукумат тепасига келгач, намойишларда қатнашган талабаларни депортация қилиш масаласи кўтатилди, талабаларнинг ҳаракатларига антисемитизм деб қараш бошланди. Румейса Ўзтурк табиийки ўша мақоласи учун қўлга олинган. Унинг исми АҚШдаги Исроилга қарши намойишлар фаоллари рўйхатини тузиб бораидган сайтда ҳам кўрсатилганди.

Фидан АҚШга боргани фонида

Қизиғи, Румейса Ўзтуркнинг қўлга олиниши Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фиданнинг Вашингтонга ташрифи билан бир вақтга тўғри келди. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги расмий вакили Трисиа МакЛаулин ҳолатни изоҳларкан Ўзтурк ҲАМАС гуруҳини қўллашини айтган.

Массачусетс штатидан сайланган демократ-сенатор Элизабет Уоррен ҳолатни фуқаро эркинлигини чеклашга қаратилган хавотирли ҳаракат деб атади. Юзлаб америкаликлар Туркия фуқароси қўлга олинишига қарши намойишга чиқишди.

Аввалроқ Доналд Трамп ва давлат котиби Марко Рубио Исроилга қарши намойишга чиққанларни ҲАМАСни қўллашда айблаб, улар депортация қилинишига ваъда берганди. Reuters’нинг ёзишича, бу намойишларни ўтказадиганлар, хусусан, яҳудий гуруҳлар ҳам Трамп маъмурияти Исроилни танқид қилиш ва ҲАМАСни қўллашни чалкаштирмоқда деб ҳисоблайди.

Яқинда ливанлик шифокор, Браун университети доценти Раша Алавияҳ унинг телефонида Ҳизбуллоҳни қўлловчи расм борлиги учун АҚШга киритилмаганди. Ваҳоланки доктор Ҳизбуллоҳнинг ҳаракатларини қўлламаслигини айтган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид