Афсонавий Тошкент суви қайтмоқда
Тошкент минерал суви — ўрта ва катта ёшдаги авлод вакиллари Тошкент шаҳри ва вилоятининг деярли барча озиқ-овқат дўконларида сотилган 0,5 литрлик шиша идишлардаги газланган сувнинг таъмини яхши эслаб қолишган. Ўзбекистон пойтахти аҳолиси ушбу минерал сувни шу қадар севиб ичганки, ҳар қандай газланган сувни “Тошкент суви” деб аташган.

Тошкентликларнинг севимли минерал суви қаерга ғойиб бўлди? Бу сув қаердан олинади ва қандай фойдали хусусиятларга эга? Тошкент суви қачон сотувга чиқарилади?
“Toshmineralsuv Bottler” МЧЖ директори Рустамбек Қаҳҳорбеков шу ва бошқа саволларга жавоб берди.
— Рустамбек Улуғбекович, Тошкент минерал сувининг пайдо бўлиш тарихини айтиб берсангиз.
— Тасодифий нарсалар энг севимли бўлиб қолади, деган гап бор. Тошкент минерал суви ҳам худди шундай. 1952 йилда геологлар Тошкентдан тахминан 20 км шимолда жойлашган Келес бекати ҳудудида қидирув қудуқларини бурғилашди. 1371 метр чуқурликдан нефт ёки газ эмас, иссиқ сув отилиб чиқди. Москвада ўтказилган таҳлиллар ушбу сув таркибида инсон саломатлиги учун фойдали бўлган кўплаб микроэлементлар мавжудлигини аниқлади. Шу йилнинг ўзида ЎзССР раҳбарияти Тошкент вилоятида мазкур сувнинг хусусиятларига асосланган балнеологик шифохоналар қуриш тўғрисида қарор қабул қилди. Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида 9 та даволаш муассасаси барпо этилди. Улардан бири бўлган «Toshkent mineral suvlari» санаторийси бугунги кунда ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ўз ҳудудида махсус сув қудуғига эга бўлган бу санаторийда кўплаб касалликлар самарали даволаниб келмоқда.
1962 йилда ЎзССР Озиқ-овқат саноати вазирлигининг ташаббуси билан учта қудуқдан Тошкент минерал ичимлик сувини идишларга қуйиш бошланди. Юмшоқ таъмли ва таркибида фойдали моддалар бисёр бўлган бу минерал сув тошкентликларга манзур бўлди. Сув шунчалик машҳур бўлиб кетдики, тошкентликлар СССРнинг бошқа шаҳарларида бўлганларида дўконлар ва ресторанларда Тошкент сувини сўрайдиган бўлишди. Ҳатто газланган ҳар қандай сувни “Тошкент суви” деб атай бошлашди.
— 1990 йиллар ўрталарида Тошкент суви сотувдан чиқиб кетди. Бунинг сабаби нимада?
— Бу кўплаб корхоналар ёпилаётган пайтлар эди. Режали тизим иқтисодиётнинг бозор моделига ўзгартирилди. Бошқа томондан, ичимликлар бозорида, шу жумладан жаҳон миқёсида янги ўйинчилар пайдо бўлди. Бизда санаторий инфратузилмасини қайта тиклаш ва Ўзбекистонга трансмиллий корпорацияларнинг кириб келиши билан боғлиқ мураккаб даврлар бошланди. Улар ўз маҳсулотлари ва улкан реклама бюджетлари билан бизнинг бозоримизга кириб келишди. Ўзбекистонликларда эса жаҳон брендларига қизиқиш бор эди. Ўйлайманки, шу сабабли узоқ вақт давомида Тошкент минерал суви фақат санаторийдаги қудуқлардан одамларга етиб борган. Бугун вазият ўзгармоқда. Истеъмолчилар аллақачон кўплаб компаниялар оддий филтрланган сувни ёки сунъий қўшимчалар қўшилган сувни қимматроқ сотиш учун сотишларини билишади. Ялтираган ҳамма нарса олтин эмас, деган тушунча пайдо бўлди. Соғлом овқатланишга бўлган талаб эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.
— Тошкент минерал суви қандай жиҳатлари билан қимматли? Унинг таркибида қандай фойдали элементлар мавжуд?
— Тошкент минерал суви учта қимматли хусусиятга эга.
Биринчиси, кремний миқдори юқори бўлганлиги сабабли сув давлат стандартлари бўйича шифобахш ҳисобланади. Интернетдан “кремнийнинг соғлиқ учун фойдаси” деб излаб кўринг, она заминимизнинг биз тошкентликларга нақадар саховатли эканлигидан ҳайратда қоласиз.
Иккинчидан, у барқарор юқори pH кўрсаткичига эга. Бу эса унинг таъмини юмшоқ қилади ва сувнинг шифобахш хусусиятларига кислота-ишқор мувозанатини уйғунлаштириш қобилияти қўшилади. Бу касалликдан сўнг тикланаётган, ишда стрессга дуч келадиган ёки ёғли таомлар — палов, кабоб ва замонавий фастфудларни яхши кўрадиганлар учун ниҳоятда долзарбдир.
Учинчидан, уни болалар, катталар ва қариялар чекланмаган миқдорда ичиши мумкин. Дўконлардаги барча минерал сувларни фақат шифокорлар тавсиясига кўра ичиш тавсия этилади, бизникини эса истаган одам қарши кўрсатмаларсиз ичиши мумкин.
— Бу сув қандай ва қачон пайдо бўлган?
— Ўзбекистонда ер ости сувларини ўрганувчи Гидрогеология институти фаолият кўрсатмоқда. 1950 йилларнинг бошларида гидрогеологлар Тошкент замини остида сувли уфқ борлигини аниқладилар. Тахминан 200-250 млн йил олдин Марказий Осиё ва Кавказ ҳудудида Тетис океани мавжуд бўлган. Бу “яшил лой” ёки бошқача айтганда, сувга чидамли қатлам ҳосил бўлишига олиб келган. Ёғингарчилик — эриётган қор ёки ёмғир кўринишидаги сув аста-секин пастга, ер қаърига оқиб тушади. У турли жинслар — лой, қумтош, тош, гранит орқали ўтади. Бу ҳаракатда сув филтрланади ва параллел равишда табиий фойдали микроэлементларни тўплаб боради. Пастга оқиб тушаётган сув сув ўтказмайдиган қатламга етганда тўхтайди ва чуқурликда тўпланиб, ер ости кўлини ҳосил қилади. Шундай қилиб, тахминан 60 млн йил олдин Тошкент остида сувли уфқ шаклланган. Бу ноёб табиий ҳосиладир. Бу сув бизга 1371 метр чуқурликдан келади.
— Тошкент сувини қандай минерал сувлар билан таққослаш мумкин?
— Дунё бўйлаб кўплаб турли хил минерал сув манбалари маълум. Ҳар бир манбанинг ўз келиб чиқиш тарихи бор. Барча термал булоқлар ўзига хос таркибга эга. Микроэлементларнинг юқори концентрацияси туфайли шифокорлар тавсиясига кўра дозалаб ичиш керак бўлган минерал сувлар мавжуд. Италиянинг Сан-Пеллегрино Алп тоғларидаги минерал сувлар таркиби бўйича Тошкент минерал сувлари билан таққосланади. У ҳам шу қадар юмшоқ ва мазалики, уни ҳар куни ичиш мумкин.
— Тошкент сувини қайта қачон ича оламиз?
— “Toshkent mineral suvlari” санаторийси ёнида, қудуққа яқин жойда замонавий завод қурдик. Корхонага “Toshmineralsuv Bottler” деб ном бердик. Баҳордан бошлаб маҳсулотларимизни шаҳар дўконларига етказиб беришни йўлга қўямиз ва ёз мавсумига келиб, уларни шаҳримиздаги кўплаб дўконларда учратишингиз мумкин бўлади. Умид қиламизки, бу сувнинг таъми нафақат тошкентликларга, балки бутун Ўзбекистон аҳолисига манзур бўлади.
— Ўзбекистонда сув бозори ниҳоятда тўйинган ва кўплаб ўйинчиларга эга. Рақобатдан қўрқмайсизми?
— Йўқ, қўрқмаймиз. Бизда Европа стандарти асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, бу эса юқори сифатни кафолатлайди. Тошкент суви азалдан ўзбекистонликлар томонидан севиб ичилган. Бу бамисоли она қўллари билан ёпилган ноннинг унутилган таъмига ўхшайди. Бир марта татиб кўрсанг, дарров онангнинг меҳр-муҳаббатини эслайсан. Ишончим комилки, Тошкент суви истеъмолчиларимиз қалбидан муносиб жой олади.
Реклама ҳуқуқи асосида