Машарипов Қирғизистон билан ўйинда рақибга қизил кўрсатилганини билмаганини айтди
Ўзбекистон миллий жамоаси етакчилари қирғизистонликлар ўйиннинг бир соатдан ортиқ вақти давомида озчилик бўлиб ўйнаганини сезмаган. Айримлар буни табиий қабул қилмоқда, бошқалар футболчининг сўзларига ишонмаяпти, яна кимдир футболчиларни ҳолатга жиддий ёндашмасликда айбламоқда.

Фото: Kun.uz
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов ЖЧ-2026 саралаши доирасида Қирғизистонга қарши кечган ўйиннинг 24-дақиқасида рақиб ҳимоячиси Саид Дациевга кўрсатилган қизил карточкани кўрмай қолган. У бу ҳақда 90minutUz подкастида айтиб ўтган.
Футболчи ўйин давомида ҳужумчилар қаршисида икки рақиб пайдо бўлгани ва бу муаммо туғдиргани ҳақида гапирган. Бошловчи Қирғизистоннинг қизил карточкаси Ўзбекистоннинг зарарига ишлагани, шундан кейин рақиб чуқур ҳимояга ётиб олгани ҳақида гапирганида футболчи бунга қўшимча қилиб, шундай деган:
«Битта нарсани айтаман, 86-дақиқада захирага олинганимдан кейин ўтирсам, Ҳожимат Эркинов айтиб қолди, «ака, яхшиям улар қизил олди» деб. Мен ҳайрон қолдим «ким қизил олди?» деб Тўғриси, билмадим ҳам, кўрмадим ҳам, ўша пайтда тепаман деб ётиб қолганимда кўрмай қолган эканман.
Ўйиндан кейин душда турганимизда Элдорга айтдим, «улар ўйинда қизил олган экан» десам, у ҳам ҳайрон қолди, «ким қизил олди, қачон қизил олибди?» деб. Биз ўн бирга ўн бир ўйнадик деб ўйлагандик. Мен ҳам билмаган эканмиз».
Шу вақтда бошловчилардан бири танаффус вақтида бош мураббий қизил карточкадан келиб чиққан ҳолда тактикани ўзгартирмадими деб савол қўйган.
«Қизил ҳақида гап бўлмади, Темур ака нималарнидир айтди, лекин қизил бўлганини ҳеч ким айтмади. Мен захирага олинганимдан кейин билдим, Элдор ўйин тугагунча билмаган экан, ўйиндан кейин, душда билди.
Агар ўйин вақтида билганимизда бўшашардик. Агар билганимда Темур акага бир ҳимоячини олиб ташлаб, ҳужумчи ташлашни айтардим», деган футболчи.
Ижтимоий тармоқларда кўрсатувнинг шу қисми видеоси тарқалиб, кенг муҳокама қилинмоқда. Ўйинни трибуналарда ўтириб жонли кузатган кўплаб мухлислар ҳам қизил карточка кўрсатилганини кейинроқ билишгани, ўзбекистонлик футболчилар ўша вазиятда пеналти билан чалғиб, қизил карточкани эътиборсиз қолдиришгани, ҳакам қизил карточкани VAR текширувидан кейин кўрсатгани ҳам бунга сабаб бўлганини айтишмоқда.
Шу билан бирга, ҳеч бўлмаганда кийим алмаштириш хонасида бу ҳақда гаплашилмаганига, мураббий бу ҳақда айтмаганига ишонмасдан, заҳарханда қилаётганлар ҳам бор.
Шунингдек, айримлар футболчиларни эътиборсизлик учун айблаган.
Журналист Қаҳрамон Асланов ўз постида бундай вазият юзага келганидан қаттиқ ажабланганини билдирган:
«Жалолиддин Машариповнинг Қирғизистон билан ўйинда ўзи ва бошқа баъзи футболчилар рақиб бир футболчи кам бўлиб қолганини ўйин тугагунча билмагани мени ҳайрон қолдирди. Зеро, замонавий футболда тўғри ҳаракатланиш орқали муҳим зоналарда сон жиҳатдан устунликка эришиш катта аҳамиятга эга, ҳатто энг муҳими дейиш мумкин. Жалолнинг ўзи ҳам ҳужумда айнан сон етишмагани, у ва Элдорнинг олдида доим рақибнинг 2-3 нафар футболчиси бўлгани қийинчилик туғдирганини тан олди.
Унда нега танаффусда рақибнинг бир футболчи кам экани асосий мавзу бўлмади? Ҳа, Темур рақибнинг қизил карточкасини шундоғам ҳамма билади, деган фикрда «болалар биз бир киши кўпмиз» деб таъкидлашни лозим топмаган бўлиши эҳтимоли ҳақиқатга яқин, аммо кўрсатмалар чоғида бу урғу бериладиган ва режа учун асос бўлувчи энг муҳим детал эмасми? Биз иккинчи бўлимга режасиз чиқдикми ёки Машарипов ва Шомуродов танаффус пайтида мураббий кўрсатмаларини у қадар диққат билан тингламаганми?
Ҳар қанақа тушунсак ҳам, бу яхши эмас, менимча».
Мавзуга оид

13:39 / 21.03.2025
«Эронни ютсак, ЖЧ-2026га чиқиш масаласини 99 фоизга ҳал қиламиз» - Шомуродов ва Машарипов муҳим ғалаба ва Теҳрондаги ўйин ҳақида

05:16 / 07.03.2025
Европа Лигаси. Шомуродовнинг голи «Рома»га ғалаба келтирди ва бошқа натижалар

13:10 / 03.03.2025
«Барселона»дан яна голлар ёмғири, «МЮ»да яна мағлубият. Кун ўйинлари

20:35 / 01.03.2025