Жаҳон | 21:20 / 21.03.2025
7724
2 дақиқада ўқилади

Британия шаҳзодаси танкда Россия чегарасига борди

Шаҳзода Уилям Эстонияда Британия қўшинлари контингенти билан учрашди, танкда Россия чегараси яқинида бўлди.

Фото: PA Media

Шаҳзода Уилям Эстонияга, Буюк Британия армиясининг хорижий миссиясига ташриф буюрди. У Болтиқбўйи давлатини Россиядан келаётган эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларида иштирок этган британиялик қўшинлар билан учрашди, деб хабар берди BBC.

Нашр шаҳзоданинг ҳарбий кийимда, Challenger 2 танкидан, шунингдек, зирҳли жанговар транспорт воситасидан олинган суратларини эълон қилди. Бу суратлар Россия чегараси яқинида олинган. Агар қироллик вакили ташрифи рамзий маънога эга бўлса, унда шаҳзоданинг Россия чегарасига яқин жойда танкда пайдо бўлишини тўғридан-тўғри сигналлардан бири деб ҳисоблаш мумкин, деб таъкидлади BBC.

Эстонияга икки кунлик ташрифи доирасида шаҳзода Уилям минтақада жойлашган Британия қўшинлари контингенти, жумладан, ўзи бош полковник бўлган Мерсиан полки аскарлари билан учрашди. Унинг шарафига ҳарбий машғулотлар ўтилаётган Тапа лагерида ҳарбий полигон бўйлаб экскурсия уюштирилди.

Шаҳзодага дала манёврлари кўрсатилди. Шунингдек, у Эстония ва Франция ҳарбий хизматчилари билан учрашди.

Мавзуга оид