Ғазо секторида яна уруш. Энди Исроил уни бутунлай босиб олиши мумкин
Исроил мудофаа армияси бош штабининг янги бошлиғи Ғазога каттароқ қўшин киритишни ҳамда сектор ҳудудини тўлиқ ишғол этишни кўзлаган. Афтидан, Исроилнинг янги режаси Америка маъмурияти томонидан тўлиқ маъқулланган. Ҳарбий ҳаракатлар тикланиши Исроилда норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда.

Исроил зарбасидан жабрланган ғазолик. Jehad Alshrafi / AP / Scanpix / LETA
18 мартга ўтар кечаси Исроил икки ой амалда бўлган сулҳни тўхтатиб, Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни қайтадан бошлади. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳаводан ва артиллерия орқали йўлланган зарбалар оқибатида 400 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси ва Ғазо ҳукумати раҳбари Иссам Даалис ҳамда ташкилотнинг яна бир неча сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари бор.
Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторидаги бир қанча шаҳарлар, жумладан, шимолдаги Байт-Ханун ҳамда жанубдаги Хон Юнус аҳолисига навбатдаги зарбалар тайёрланаётгани туфайли эвакуация зарурати ҳақида огоҳлантиришлар тарқатган.
19 март куни кечқурун ЦАҲАЛ матбуот хизмати Исроил қўшинлари феврал ойида Ҳамас билан келишув доирасида тарк этилган Нецарим йўлагига яна кирганини маълум қилди. Нецарим йўлаги – Ғазо секторини тахминан ўртадан кесиб ўтадиган полоса. «Темир қиличлар» амалиёти давомида (2023 йил октябр – 2025 йил январ) у Ғазо секторининг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасида тўсиқ бўлиб хизмат қилган, фаластинликларга уни кесиб ўтиш тақиқланган.
18 март куни кечқурун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу миллатга телемурожаат билан чиқди. У урушни қайта бошлаш масъулиятини Ҳамасга юклади, унинг сўзларига кўра, фаластинликлар халқаро воситачилар – сулҳни узайтириш бўйича АҚШ, Миср ва Қатар илгари сурган барча таклифларни рад этган. Ҳамас Ғазода гаровга олинган 59 нафар исроилликни озод қилишдан бош тортган (тахминларга кўра, улардан 24 нафари ҳали тирик).
Исроил, ўз навбатида, сектордан қўшинларини тўлиқ олиб чиқишдан бош тортди ва Ҳамаснинг Ғазодаги ҳукуматини ағдариш ва гуруҳни қуролсизлантиришни талаб қилди.
Нетаняҳунинг таъкидлашича, бундан кейин Ҳамас билан ҳар қандай музокаралар фақат «ўт очиш остида» олиб борилади – яъни Исроил янги музокараларни бошлаш шарти сифатида ўт очишни тўхтатишдан бош тортмоқда.

Abdel Kareem Hana) / AP / Scanpix / LETA
АҚШ ҳам Ҳамас билан музокараларда муваффақиятизликка учради. АҚШ президенти махсус вакили Адам Боулер ташкилот вакиллари билан тўғридан тўғри музокаралар олиб боришга, гаровга олинганларнинг барчасини бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда бир нафарини – Исроил фуқаролигидан ташқари Америка фуқаролигига ҳам эга бўлган Идан Александрни озод қилишга ҳаракат қилди. Бу уриниш АҚШ маъмурияти ва Исроил ҳукумати ўртасидаги тушунмовчиликдан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади, улар америкаликлар Ҳамас билан Тел-Авивни хабардор қилмасдан, тўғридан тўғри музокараларга киришганидан қаттиқ аччиқланишди.
Ҳамас вакиллари 18 март куни «Исроил тажовузининг қайта бошланиши» гаровга олинганлар тақдирини «мавҳум» қилиб қўйишини айтишди – бу эса гаровдагилар ўлдирилиши мумкинлигига очиқ ишорадир. Норасмий маълумотларга кўра, Исроил сиёсий раҳбарияти гаровга олинганларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун янги чора-тадбирни муҳокама қилмоқда: улардан бирортасига зарар етказилса, Исроил Ғазо секторининг бир қисмини аннексия қилади. Бу ғоя умуман Фаластин ҳаракати ва хусусан, Ҳамас учун энг сезгир йўқотишлар – одамлар эмас, балки ҳудуд деган тушунчага асосланган.
Икки ой давом этган оташкесим даврида Исроил мудофаа армияси бош штаби бошлиғи ўзгарганди. Янги қўмондон, Эял Замир урушнинг янги режасини ишлаб чиққан. Норасмий маълумотларга кўра, у Ғазога 2023 йил октябридан 2025 йил январига қадар бўлган муддатда олиб борилган «Темир қиличлар» амалиёти давридагига қараганда каттароқ қўшин киритишни ва сектор ҳудудини тўлиқ ишғол этишни кўзлаган. Шунингдек, ЦАҲАЛ гуманитар ёрдамни тақсимлашни ўз зиммасига олмоқчи – ҳозир бу иш амалда Ҳамас томонидан назорат қилинмоқда ва бу унга Ғазодаги тинч аҳоли устидан ҳокимиятни сақлаб қолиш имконини беради.
Исроил Ғазода қуруқликдаги каттароқ амалиётни амалга ошира олади. 2023-2024 йилларда ушбу давлат икки фронтда жанг қилишига тўғри келди: жанубда Ҳамас ва шимолда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан. «Ҳизбуллоҳ»га қарши амалиёт жуда муваффақиятли ўтди: Ливандаги шиалар ташкилоти нафақат шахсий таркибда ва инфратузилмалар бўйича катта йўқотишларга учради, балки ўз раҳбарияти ва сиёсий таъсиридан ҳам айрилди. Исроил ва Ливан ҳатто чегарани демаркация қилиш ва муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокараларни бошлаган.

Menahem Kahana / AFP / Scanpix / LETA
Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими амалда бўлган вақт давомида Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ҳарбий амалиёт ўтказишга ва у ерда Фаластиннинг йирик ҳарбийлашган гуруҳлари фаоллигини бостиришга ҳам улгурди.
Исроил, шунингдек, маҳаллий друзлар қўлловидан фойдаланиб, Сурия билан буфер зонани сезиларли даражада кенгайтирди, ҳаво зарбалари орқали Суриядаги янги режимнинг ҳарбий салоҳиятининг катта қисмини йўқ қилди ҳамда ўз чегарасининг бу қисмини бир қадар хавфсиз қилди.
Буларнинг барчаси ЦАХАЛ бу сафар Ғазода кўпроқ куч тўплай олишини англатади.
Афтидан, Исроилнинг янги режаси Америка маъмурияти томонидан тўлиқ маъқулланган. Уруш бошланишидан бир неча кун олдин АҚШ Ҳамаснинг ҳарбий қобилиятини сақлаб қолган деярли сўнгги фаол иттифоқчиси – Ямандаги «Ансор Аллоҳ» (ҳусийчилар) ҳаракатини бомбардимон қилишни бошлади.
Ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошланиши Исроилда норозилик намойишларига сабаб бўлди. Унда сулҳ пайтида озод қилинганлардан айримлари ҳам иштирок этмоқда. Улар орасидаги Ярден Бибаснинг бутун оиласи (турмуш ўртоғи Шири, ўғиллари Ариел ва Кфир) Ғазода асирликда ҳалок бўлган.
Аммо яқин келажакда бу норозиликлар Исроил ҳукуматини Ҳамас билан музокараларга қайтишга мажбур қилиши даргумон. Уруш қайта бошланганидан сўнг, бош вазир Бенямин Нетаняҳу бошчилигидаги ҳукмрон коалиция фақат мустаҳкамланди: унга ўта ўнгчи «Яҳудий кучи» партияси қайтди ва унинг раҳбари Итамар Бен-Гвир яна миллий хавфсизлик вазири бўлди. «Яҳудий кучи» январ ойида Ҳамас билан келишув тузганидан сўнг дарҳол коалицияни тарк этганди, чунки унинг позицияси бу ташкилотни йўқ қилгунча курашиш кераклигини таъкидлайди.
Мавзуга оид

23:22 / 19.03.2025
Исроил Мудофаа армияси Ғазо секторида янги ер усти операцияси бошланганини эълон қилди

05:34 / 19.03.2025
Нетаняҳу: ҲАМАС билан музокаралар энди ўт очиш тўхтатилмасдан давом этади

12:00 / 18.03.2025
«Трамп яшил чироқ ёқди». Исроил Ғазо секторига яна зарбалар беришни бошлади

19:11 / 14.03.2025