Ўзбекистон | 17:57 / 20.03.2025
867
2 дақиқада ўқилади

«Дипломатик хизмат аълочиси» ва «Дипломатик хизмат фидойиси» кўкрак нишонлари таъсис этилди

Кўкрак нишонлари 1 сентябрда ташқи ишлар вазири ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа раҳбарлар томонидан тантанали равишда топширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Дипломатик хизмат аълочиси» ва «Дипломатик хизмат фидойиси» кўкрак нишонлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

«Дипломатик хизмат аълочиси» кўкрак нишони билан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва мамлакат обрўсини ошириш ҳамда давлатнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий манфаатларини самарали илгари суриш борасидаги вазифаларни ватанпарварлик руҳида, сидқидилдан ва намунали тарзда бажараётган Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимлари тақдирланади.

Ушбу унвонга сазовор бўлган шахсларга шунингдек, БҲМнинг 4 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

«Дипломатик хизмат фидойиси» кўкрак нишони билан эса Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан хорижда доимий яшаётган ватандошлар тақдирланади.

«Дипломатик хизмат фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга эсдалик совғалари топширилади.

Кўкрак нишонлари 1 сентябр – Мустақиллик байрами арафасида – ташқи ишлар вазири ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа раҳбарлар томонидан тантанали равишда топширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2025 йил 19 мартдан йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид