Ўзбекистон | 17:07
5726
6 дақиқада ўқилади

“Президент ишонч билдирган талаба” — транспорт вазирининг 24 ёшли ёрдамчиси Камола Ирисқулова ҳикояси

Тошкент давлат транспорт университети магистратурасида таҳсил олаётган Камола Ирисқулова жорий йил 18 февралда транспорт вазири ёрдамчиси сифатида иш бошлади. Камола Зулфия номидаги давлат мукофоти, Президент ҳамда Беруний номли давлат стипендиялари соҳибаси. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда амалдорлик фаолияти ва илмий изланишлари ҳақида гапириб берди.

Камола Ирисқулова Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида туғилган. 24 ёшда. Жиззах политехника институтида ўқишни тамомлаб, Тошкент давлат транспорт университети магистратурасига давлат гранти асосида қабул қилинган.

“Ҳовлимизда ҳар доим турли техника ёки машина деталлари турарди. Машина тузатаётганда дадамга ёрдамлашиб, “ключ”ларни олиб берардим. "Мотор қаерда, бу нима, у нима?" деб сўраганимда, эринмасдан тушунтириб, саволларимга жавоб берардилар. Болалигимдаги атмосфера бу соҳага кириб келишимга сабаб бўлган”, – дейди у.

Камоланинг айтишича, у 2-курс пайтиданоқ транспорт ва йўл соҳасида илмий изланишларини бошлаган. Унинг тадқиқотлари бетон сифатини ошириш, унга минерал кукун қўшиб, асфалт-бетон тайёрлашда самарадорликка эришиш мавзусида бўлган. Унинг таъкидлашича, ҳозиргача 47 дан илмий мақоласи АҚШ, Франция, Германия, МДҲ ва Ўзбекистон илмий журналларида чоп этилган. Айни дамда эса магистратура босқичида автомобил йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва уларнинг эксплуатация муддатини узайтириш бўйича изланиш олиб боряпти. 

"Йўл соҳасида ўқиганим учун кўчалардаги яма, ёрилишлар ёки шикастланган жойларни кўрсам, ноқулай аҳволга тушаман. Таксига чиққанда ҳайдовчиларнинг йўллардан норозилигини эшитаман. Қачонгача бу каби муаммолар давом этади, уларга илмий ечим топиш керак, ҳам арзон, ҳам сифатли, узоқ муддат хизмат қиладиган технологияни ишлаб чиқиш зарур деган ўйлар ҳаёлимдан ўтади. Шу каби кузатишларим асосида илм ва ишлаб чиқариш йўналишларини боғлаган ҳолда фаолиятимни давом эттиришга қарор қилдим", – дейди Камола Ирисқулова.

Камола президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 феврал куни ёшлар билан ўтказган учрашувида иштирок этиб, йўл-транспорт соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда аёллар сонини кўпайтириш борасидаги таклифларини билдирди:

“Бугун сизнинг қаршингизда оддий қиз эмас, мамлакатнинг артерияси, унинг асосий қон-томири бўлган автомобил йўллари соҳасини ривожлантиришга бел боғлаган йўлчи қиз сифатида гапирмоқчиман. Асосий мақсадим нафақат транспорт, балки муҳандислик ва қурилиш соҳаларида ҳам аёллар сонини кенгайтириш ва йўл хўжалиги тизимига инсонларнинг муносабатини ўзгартиришдан иборат. Йўллардаги масалаларга ечим топиб, уларни дунё миқёсида рақобат қила оладиган даражага олиб чиқишга ҳаракат қиламан ва бунинг учун ваъда бераман”, – деган у учрашувда.

Мулоқотда давлат раҳбари Илҳом Маҳкамовга Камола Ирисқуловани вазир ёрдамчиси қилиб ишга олиш топшириғини берди. Транспорт вазирининг тегишли буйруғи билан 2025 йил 18 февралдан Ирисқулова Камола Нормат қизи вазирнинг йўл хўжалиги соҳасида илмий ишлар ва инновациялар бўйича ёрдамчиси лавозимига тайинланди.

“Президентимиз йўл қурилаётганда, лойиҳаланаётганда ёки эксплуатация қилинаётганда барча жараёнлар илмга асосланган бўлиши зарурлигини таъкидлаб, йўлсозлик соҳасида таълим тизимини ривожлантириш бўйича менга топшириқлар берди. Ҳозирда йўл илмини мустаҳкамлаш устида ишлаяпман. Аввал, асосан, ўз мавзум бўйича тадқиқотлар олиб боришга эътибор қаратган бўлсам, эндиги фаолиятимда бутун республикадаги ҳолатни таҳлил қиляпман. Менга ҳар 6 ойда тизимдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ таклифлар тақдим этиш топшириғи берилган”, – дейди Камола.

Камола янги лавозимга киришганидан кейин унга ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб мурожаатлар, йўлларнинг ҳолати ҳақида фото ва видео маълумотлар юборилаётганини маълум қилди. У мурожаатларни ўрганиб, ҳал қилишни тегишли бўлимларга йўналтираётганини таъкидлади. Вазир ёрдамчисининг айтишича, бугунги кунда шаҳар кўчаларида сув қочириш тизимлари ва муҳандислик коммуникациялари билан боғлиқ масалалар, йўлларнинг белгиланган муддатигача хизмат қилмаётгани, қурилиш материалларининг сифати пастлиги ва соҳага керакли мутахассис кадрлар етишмаётгани каби муаммолар кўзга ташланмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг Instagram саҳифасида эълон қилинган видеопарчадан кейин ёш амалдор қиз кўпчилик эътиборига тушди. Йўл соҳасида талайгина муаммолар мавжудлиги сабаб Камола лавозимга янги келганига қарамай танқидлар ёмғири остида қолди.

Изоҳлар бўлимида ёзилган комментларни ўқиб чиқдим, ҳар ким эркин фикр билдиришга ҳақли. Танқидларни тўғри қабул қиламан, аммо уларнинг менга тегишли бўлган ва бўлмаган томонлари бор. Тизимга яқинда келдим, аввал қурилган, мавжуд йўлларнинг сифатига мен жавоб бермайман, чунки у жараёнда бўлмаганман”, – дейди у.

Интервюнинг тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилиш мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Зияддин Маматжонов
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид