Жаҳон | 20:50 / 16.03.2025
2612
2 дақиқада ўқилади

Панаманинг ярми электр энергия ва ичимлик сув таъминотисиз қолди

Бунга Ла Чоррера иссиқлик электр станциясида юз берган ёнғин сабаб бўлган. Мамлакат президенти энергетика вазиридан ҳолат бўйича ҳисобот талаб қилди.

Фото: Manuel Vega Loo / La Estrella de Panamá

Панама провинцияларининг ярми электр энергия таъминотисиз қолди. Бу, хусусан, пойтахт минтақаси, Колон, Чирики, Лос-Сантос, Эррер, Верагуас ва Ғарбий Панама провинцияларига таъсир кўрсатди, деб ёзади La Estrella de Panama.

Қайд этилишича, бунга Ла Чоррера иссиқлик электр станциясида юз берган ёнғин сабаб бўлган. Панама ўт ўчириш хизмати вакили полковник Анхел Делгадонинг сўзларига кўра, гап иссиқлик электр станциясидаги трансформаторда кузатилган ёнғин ҳақида кетмоқда.

Панама президенти Хосе Раул Мулино ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига Чирики провинциясида экани ва бу ерда ҳам электр энергияси йўқлигини ёзиб қолдирган. «Кечириб бўлмайди. Хабарларга кўра, зарар жуда улкан. Мен ASEP (жамоат хизматларини кўрсатиш бўйича бошқарма) ва энергетика вазиридан душанба кунига ҳисобот тақдим этишини сўрайман. Шунга мос ҳаракат қиламиз. Бундай жирканч хизмат кўрсатиш етарли», — деб ёзади.

ETESA давлат компанияси (электр энергияси оператори) раҳбарининг маълум қилишича, хусусий электр генераторига етказилган зарар сабаб ҳимоя тизими ишлаб кетган. Энергетика вазири Хуан Урриола давлат раҳбарига электр тармоғи фаолияти қайта тиклангани тўғрисида хабар берганини маълум қилди.

Таъкидланишича, бутун мамлакат бўйлаб сув тозалаш иншоотлари ва қудуқлар ишига электр энергия тизимидаги узилиш сабабли путур етган, шу боис ичимлик сув таъминоти электр таъминоти тиклангунга қадар тўхтатилган.

Мавзуга оид