Ўзбекистон | 08:04
1323
2 дақиқада ўқилади

7,3 млрд сўмлик норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳолатлари аниқланди

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида норуда фойдали қазилмаларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари фош этилди. 

Фото: Бош прокуратура

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилишича, Қўшработ туманида “Ш.Б.” МЧЖ раҳбари А.Х. ва бошқалар “Шова” МФЙ ҳудудидан ўтувчи сой бўйидан норуда фойдали қазилма ҳисобланган қум-шағал аралашмасини корхона махсус техникалари ёрдамида қазиб олган. Уларнинг МЧЖ ишлаб чиқариш цехига етказиб бераётганликлари аниқланиб, 3 дона махсус техникалар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текширувда МЧЖ масъул шахслари жами 35,8 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини ўзбошимчалик билан қазиб олгани аниқланди. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 3,9 млрд сўм зарар етказилган.

Бундан ташқари, Бухоро туманидаги гипс кони ҳудудидан “С.м.”, “W.г.”, “А-Г.”, “К.З.” ва “Б.Г.” МЧЖ масъул шахслари жами 33,5 минг куб ҳажмдаги гипс тошларини ўзбошимчалик билан қазиб олган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 3,4 млрд сўм зарар етказилган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси  (ўзбошимчалик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид