Жаҳон | 09:01 / 14.03.2025
2337
2 дақиқада ўқилади

Канада ЖСТга АҚШ божлари устидан шикоят қилди

Қўшма Штатлар пўлат ва алюминий импортига қўшимча божлар жорий қилганидан кейин Канада Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилди.

Фото: AP

Канада АҚШнинг пўлат ва алюминий импортига қўшимча тарифлар жорий қилгани юзасидан Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га шикоят қилди. Бу ҳақда 13 март, пайшанба куни ЖСТ маълум қилди.

«Канада ЖСТдан Канададан айрим турдаги пўлат ва алюминий маҳсулотларига импорт божлари жорий этилиши бўйича АҚШ билан ўз келишмовчилиги юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказишни сўради», — дейилади ташкилот сайтида. Унда, Оттаванинг фикрича, Вашингтоннинг янги тарифлари ЖСТ ташкил этилишидан олдинги 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув (ТСБК) бўйича мажбуриятларни бузаётгани аниқланган.

Трамп Канаданинг жавоб божларига агрессив реакция билдирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Канада бош вазири Жастин Трюдога агар Канада Америкадан импорт қилинадиган товарларга божлар жорий қилса, импорт божлари янада ошиши билан таҳдид қилди. «Илтимос, Канада губернатори Трюдога тушунтириб қўйинг, у Қўшма Штатларга жавоб тарифларини киритса, бизнинг тарифларимиз дарҳол худди шу миқдорга ошади!» - дея у 4 март куни кечқурун ўзининг Truth Social платформасида ёзди. Трамп гўё Канада АҚШ штати эканини назарда тутиб, қўшни давлат бош вазирини яна губернатор деб атади.

Аввалроқ, Трюдо Оттавадаги матбуот анжуманида Доналд Трамп томонидан бошланган савдо можаросида АҚШнинг ҳозиргина кучга кирган тарифларини муҳокама қилиш учун агрессив позицияни эгаллаган эди. «АҚШ ўзининг энг яқин ҳамкори ва иттифоқчиси, энг яқин дўсти Канадага қарши савдо урушини бошлади. Шу билан бирга, улар Путинни рози қилиш, Россия билан ижобий ҳамкорлик қилиш ҳақида гапиряпти», — деди Канада бош вазири. АҚШ президентига шахсан мурожаат қилиб, у шундай деди: «Доналд, сен жуда ақлли йигит бўлсанг ҳам, бу аҳмоқлик».

Мавзуга оид