Фан-техника | 12:27
894
2 дақиқада ўқилади

Венгрия ва Ўзбекистон олимлари янги дори воситасини ишлаб чиқариш устида ишламоқда

Венгриянинг етакчи Daily News Hungary электрон нашрида "Венгрия университети Нобел мукофоти совриндори кашф қилган шифобахш ўт асосида янги "мўъжизавий дори" ишлаб чиқиши мумкин", сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: Shutterstock

"Ширин шувоқ минг йиллар давомида хитойликлар ва европаликлар томонидан ишлатилган энг қадимги ўсимликлардан биридир. 2015 йилда хитойлик тадқиқотчи Ту Юю безгакни даволашда 100 фоиз самарадорликни кўрсатган ширин шувоқнинг фаол компонентини ажратиб олгани учун тиббиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди. Эндиликда Венгрия университети Ўзбекистон билан ҳамкорликда ушбу ўсимликдан фаол қўшимчаларни яратишни режалаштирмоқда", – деб ёзилган мақолада.

Венгриянинг Világgazdaság иқтисодий нашри хабар беришича, Дебрецен университетида янги биологик фаол моддаларни ишлаб чиқиш аллақачон бошланган. Венгрия-Ўзбекистон қўшма илмий-тадқиқот, ишланмалар ва инновациялар (R+D+I) лойиҳаси доирасида олимлар ўсимликдаги фаол моддалар миқдори у етиштириладиган тупроқ ва об-ҳаво шароитига қараб қандай ўзгаришини ўлчамоқда.

Маълум қилинишича, фаол моддалар экстрактининг самарадорлигини ўрганиш учун ҳайвонлар устида тажрибалар ўтказиш режалаштирилган. Лойиҳанинг ўзбекистонлик ҳамкори Тошкент фармацевтика институти, саноат ҳамкори эса Венгриянинг Meditop Pharmaceutical Ltd. фармацевтика компанияси ҳисобланади.

"Венгрия-Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш аллақачон бошланган. Дебрецен университети фармация факультети декани Илдико Баcкайнинг айтишича, ўзбекистонлик ҳамкорлар университетда фаолият юритаётган саноат паркига ўхшаш саноат паркини ташкил этишни режалаштирмоқда. Лойиҳа ҳар икки давлат ҳукуматлари томонидан қўллаб-қувватланаётгани боис, декан ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, масалан, бактериофаглар асосидаги дори воситаларини яратиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш мумкинлигига умид қилмоқда", – дея таъкидланган нашрда.

Қайд этилганидек, турли халқларнинг анъанавий тиббиётида шувоқнинг юзлаб турлари кенг қўлланади. Мисол учун, америкалик ҳиндулар иситмани тушириш учун Artemisia ludovicianaдан кенг фойдаланганлар. Ушбу ўсимлик шунингдек, анъанавий хитой тиббиётининг бир қисмидир.

Мавзуга оид