Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этишни таклиф қилди
Ўзбекистон томонидан унга бош вазир раҳбарлик қилади. Биринчи учрашув июн ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилиши мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати
Париж шаҳрига ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Тадбирда Франциянинг ташқи савдо ва хориждаги француз фуқаролари ишлари бўйича вазир-делегати Лоран Сен-Мартен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу, MEDEF International раҳбари — Orano Mining компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, шунингдек, икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 60 дан ортиқ раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Франция бизнеси томонидан SUEZ, Veolia, Total, EDF, Voltalia, Orano, Meridiam, Saint-Gobain, Imerys, Natixis, Societe Generale, BPI France, Airbus, MND, Eiffage, Schneider Electric, Total Energies, Alstom, Technip Energies, Egis, ADP Group, Ellipse Projects, Assystem, АТR ва бошқа компаниялар қатнашди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Франция президенти Эммануэл Макрон билан ўтган самарали музокараларни юксак баҳолаб, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Учрашувнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон-Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди. Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда икки мамлакат етакчи компаниялари муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Франция ишбилармон доиралари вакилларига Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон президенти Франция билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури бунга хизмат қилади. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган.
Давлат раҳбари муҳим минерал ресурсларнинг истиқболли конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқаларни Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтди.
Энергетикада энергия ишлаб чиқариш ва сақлаш қувватларини кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудларида сув хўжалиги, коммунал, туризм, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамкорликни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга.
«Икки мамлакат компаниялари иштирокидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш мақсадида доимий фаолият юритадиган Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини таъсис этишни таклиф қиламан. Биз томондан унга Ўзбекистон бош вазири раҳбарлик қилади. Биринчи учрашувни июн ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказишимиз мумкин. Барчангизни ташкил этилаётган кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида бўлажак тадбирда фаол иштирок этишга таклиф этаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида, Франция ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклиф ва режаларини баён қилди. Президент ишбилармон доиралар вакилларига муваффақиятлар тилаб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланадиган “йўл хариталари” асосида эришилган келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Мавзуга оид

22:40 / 12.03.2025
Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди

22:07 / 12.03.2025
Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

20:12 / 12.03.2025
Парижда Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди — фото

14:46 / 12.03.2025