Ўзбекистон | 00:49
10259
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Парижга етиб борди

Аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Париж шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Самолёт олдида Ўзбекистон етакчисини Франция миллий таълим, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири Элизабет Борн, Париж ҳарбий округи қўмондони генерал Лоик Мизон ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

«Орли» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида Францияда ўқиётган, ишлаётган ва илмий изланишлар олиб бораётган бир гуруҳ ватандошлар президент Шавкат Мирзиёевни катта хурсандчилик билан кутиб олди. Давлат раҳбари улар билан самимий суҳбатлашди, ўқиш ва изланишларига муваффақият тилади.

Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун, 12 март кунига мўлжалланган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Дастурга мувофиқ, Елисей саройида олий даражадаги Ўзбекистон-Франция музокаралари бўлиб ўтади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле билан учрашув ҳамда Франциянинг етакчи компания ва банклари вакиллари билан давра суҳбати ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти сифатида бундан олдин икки маротаба Францияга ташриф буюрган. Биринчи марта 2018 йилда расмий ташриф билан ушбу мамлакатга борган эди. 2022 йилда ҳам давлат раҳбари Эммануэл Макроннинг таклифига кўра Францияга ташриф буюрганди.

 

 

Мавзуга оид