Жаҳон | 10:33 / 11.03.2025
9181
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Саудия Арабистонига ташриф буюрди

Зеленский Саудиянинг Жидда порт шаҳрига келганини Украина президентининг маслаҳатчиси Литвин маълум қилди. Шу шаҳарда Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтади. Зеленскийнинг уларда иштирок этиши кутилмаяпти.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский 10 март, душанба куни Саудия Арабистонига етиб келди, дея унинг маслаҳатчиси Дмитрий Литвин журналистларга маълум қилди, дея хабар бермоқда «Укринформ» агентлиги. Украина ва АҚШ ўртасидаги музокаралар Саудия Арабистонининг Қизил денгиз соҳилидаги Жидда шаҳрида бўлиб ўтади. Зеленскийнинг уларда иштирок этиши кутилмаяпти.

Зеленскийнинг ўзи аввалроқ таъкидлаганидек, Саудия Арабистонида АҚШ вакиллари билан бўладиган учрашувда президент девонхонаси раҳбари Андрей Ермак, унинг ўринбосари Павло Палиса, ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва Украина мудофаа вазири Рустем Умеров тақдим этади.

CNN маълумотларига кўра, АҚШ президентининг юқори мартабали мулозимлари шу ҳафта Саудия Арабистонида Украина ва Россия расмийлари билан алоҳида учрашади. Шу билан бирга, 10 март куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Россия вакилларининг шу ҳафтадаги бундай учрашувларда иштирок этиши ҳақидаги маълумотни рад этди.

Украина ҳавода ва денгизда ўт очишни тўхтатишни таклиф қилади

11 март куни Саудия Арабистонида АҚШ расмийлари билан музокаралар чоғида Киев Россияга ҳаво ва денгизда ўт очишни тўхтатишни таклиф қилади, деди 10 март куни номи ошкор этилмаган Украина расмийси AFP'га. «Бизда осмонда ва денгизда ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифимиз бор, чунки булар амалга ошириш ва кузатиш осон бўлган вариантлар», деди у.

Шу билан бирга, расмий АҚШ Киев билан разведка маълумотлари алмашинувини тўхтатишда давом этса, Россия жанг майдонида «катта устунликни» қўлга киритиши мумкинлигидан хавотир билдирди. «Асосийси — бу муддат. Агар пауза узоққа чўзилса, бу русларга сезиларли устунлик беради», деб тушунтирди у. Бир кун аввал АҚШ президенти Доналд Трамп Киев билан разведка маълумотларини алмашишни «ҳар қандай дақиқада» қайта бошлашга тайёрлигини айтди.

Мавзуга оид