Украина Россия бўйлаб энг йирик дронлар ҳужумини амалга оширди. Қурбонлар ва яраланганлар бор
Москва областининг ўзига юзга яқин дрон учиб келган. Москва шаҳри ва област ҳудудида турар жойлар зарба остида қолган. Ўзбекистондан қатор рейслар бошқа шаҳарларга йўналтирилди.

Фото: AP / Scanpix / LETA
11 мартга ўтар кечаси украин дронлари Москва шаҳри ва Москва областига ҳужум қилди. Россия пойтахти мэри Сергей Собянин телеграм-каналида хабар қилишича, эрталабки соат 8:45 га қадар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украинларнинг Москва томон учган 74 та учувчисиз учар қурилмасини уриб туширган. Мэр бу украин дронларининг Москвага энг йирик ҳужуми бўлганини айтган.
Собянин Москва жанубидаги Домодедовская кўчасида уриб туширилган дрон туфайли уйлардан бирининг томи «енгил» шикастланганини хабар қилган. Baza телеграм-канали маълумотларига кўра,Москванинг Капотня районида ҳам дрон парчалари топилган.

Роман Ветров / ТАСС / Profimedia
Москва областида дронлар ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Ҳудуд губернатори Андрей Воробёв ўз телеграм-каналида хабар қилишича, улар «Мираторг» компанияси ходимлари бўлган. Улардан бири «Мираторг»нинг Домодедово райони Ям қишлоғидаги автотураргоҳида ҳалок бўлган, яна икки киши шифохонага олиб борилганидан кейин вафот этган. РФ соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалроқ 18 киши, жумладан, уч нафар бола жароҳатлангани ҳақида хабар қилганди. Губернаторнинг сўзларига кўра, Видное, Домодедово, Раменск шаҳарлари, Сапроново қишлоғи ва Ям қишлоғида одамлар жароҳатланган.
Ижтимоий тармоқда Видное туманидаги Сапроново қишлоғида дрон уйлардан бирининг томига қулагани акс этган видео пайдо бўлди. Шунингдек, бевосита турар жой биноси ичида олинган видеолар ҳам тарқалмоқда.
Воробёвнинг сўзларига кўра, Раменскда Шимолий шосседаги турар жой биносида камида еттита квартира шикастланган, 12 киши эвакуация қилинган.

Бундан ташқари, Воробёв областдаги яна камида 13 та ортиқ аҳоли яшаш пунктидан «учувчисиз учиш аппаратлари ҳужуми юзасидан чақирувлар келиб тушгани» ҳақида хабар қилган.

Татьяна Макеева / AFP / Scanpix / LETA
Подолск яқинидаги Александровка посёлкасида дрон қолдиқлари тушиши оқибатида хусусий уй ёниб кетди, деб хабар бермоқда «Осторожно, новости» телеграм-канали. Раменскда Високий Берег қишлоғидаги уйда ҳам ёнғин рўй берган.
Дрон парчалари Люберца шаҳридаги Черемухин кўчасидаги кўп қаватли уйга тушди, деб хабар берди шаҳар округи раҳбари Владимир Волков. Унинг сўзларига кўра, жиддий шикастланишлар ва жабрланганлар йўқ.
Черноголовкада кўп қаватли уй ёнидан дрон қолдиқлари топилди. Шунингдек, парчалар Домодедоводаги СНТ «Металлург-1» боғида аниқланган.
Росавиация хабар беришича, Москванинг Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида дронлар ҳужуми туфайли вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Москва йўналишидаги 10 та рейс Самара аэропортига йўналтирилган.
Хусусан, Uzbekistan Airways авиакомпанияси тўртта рейсни муқобил аэропортларга йўналтиришга мажбур бўлган:
- HY9607, Бухоро — Москва (Внуково) — Самарага;
- HY611, Тошкент — Москва (Внуково) — Пулковога (Санкт-Петербург);
- HY9615, Урганч — Москва (Внуково) — Пулковога;
- HY603, Тошкент — Москва (Домодедово) — Урганчга.
Шунингдек, Россиянинг UTair UT-808 Бухоро — Москва (Внуково) рейси Самарага йўналтирилди.
Дрон парчалари қулаши оқибатида «Домодедово» станциясидаги темирйўл инфратузилмасига зарар етди, бунинг натижасида электропоездлар жадвалида узилишлар юзага келди, деб хабар берди «Москва темирйўллари» матбуот хизмати.
Россия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бир кечада Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг 343 та дронини тутиб қолган ва йўқ қилган, улардан 91 таси Москва области, 126 таси Курск области ҳудудида. Бундан ташқари, Белгород областида 25 та, Рязан областида 22 та, Калуга областида 10 та, Липецк ва Орёл областларида саккизтадан, Воронеж областида олтита, Нижний Новгородда учта дрон уриб туширилган.
Қайд этилишича, олтита дрон Курск атомн электр станцияси ҳудудида тўхтатилган. Вазирлик Украина қуролли кучлари «Украинанинг жанговар ҳаракатларни давом эттириш қобилиятини намойиш этиш» учун АҚШ-Украина музокаралари арафасида ёпирилма зарбалар йўллаганини қайд этган. Украина қуролли кучлари бош штаби украин дронлари Капотнядаги Москва нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватларига зарба берганини маълум қилди. Бундан ташқари, Орлов областидаги Сталний кон линия-ишлаб чиқариш диспетчерлик станцияси ҳудудида портлашлар содир бўлди.
Бу Украина дронларининг Россия ҳудудларига кенг кўламли Россия-Украина уруши давридаги энг йирик ҳужумидир.
Маҳаллий расмийларга кўра, Липецк областида, Становлянский округидаги М-4 трассасида дрон қулаши оқибатида бир киши яраланган. «Жабрланувчи — Владимир шаҳрида аҳолиси вакили. Эркакнинг сўзларига кўра, у учаётган дронни кўриш учун машинани атайлаб тўхтатган», — деди губернатор Игор Артамонов. Владимир областида уриб туширилган дрон парчалари Юревец станцияси яқинидаги темирйўлга қулаган, шикастланишлар мавжуд.
Россия ва Ғарбдаги нашрлар Украина 11 март куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ билан музокаралар олдидан Москвага рекорд даражадаги дронларни учирганини қайд этди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар саволига жавоб бераркан, Москвага дронлар ҳужуми нима учун айнан шу куни содир бўлганини билмаслигини айтди: «Киев режимидан сўранг». Песков, шунингдек, Украина ҳарбийлари «турар жой бинолари»га, Россия эса ҳарбий нишонларга зарба бераётганини айтди (бир неча кун олдин Украина шаҳарларидаги турар жой бинолари Россия ракеталари ва дронлари ҳужумига учраганди).
Мавзуга оид

09:15
Зеленский: Украина ўт очишни тўхтатиш таклифига рози

08:30
АҚШ Украинага ёрдам тақдим этишни тиклади

23:40 / 11.03.2025
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда

23:36 / 11.03.2025