Ўзбекистон | 14:29
4122
7 дақиқада ўқилади

“Чигит экиш муддатини мажбуран белгилаб бериш нотўғри” — мутахассислар

Об-ҳаво ва қишлоқ хўжалиги мавзусидаги туркум кўрсатувларнинг учинчисида мутахассислар метеорологик прогнозларни деҳқонларга етказиш тизими ҳамон мавжуд эмаслиги, агротадбирлар ўтказиш кунлари ҳанузгача маъмурий буйруқбозлик билан белгиланаётгани, хитой чигитларининг ўзига хосликлари каби масалаларда сўз юритишди.

Шокир Шарипов, журналист: Камолиддин, охирги кўрсатувимиздан кейин нималар ўзгарди, деҳқонлар нима билан машғул, қандай саволлар келиб тушди?

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Деҳқон ва фермерлар бир савол олдида турибди: "шу кунларда чигитни экса бўладими, бўлмайдими?" Ҳозир экиш усуллари иккига бўлинган – анъанавий ва Хитой услубида – плёнка остида. Об-ҳавога мослашиш масаласида кўпроқ саволлар келиб тушяпти. Биринчи ўринда савол: очиқ далада ва плёнка остида чигит экишда об-ҳаво қанақа бўлиши керак?

Дилшод Ғофуров, Пахтачилик институти катта мутахассиси: Чигитнинг чиқиши учун, асосан, тупроқнинг ўн-ўн сантиметр чуқурлигидаги ҳарорат муҳим ҳисобланади. Тупроқ ҳарорати 12-14 даража бўлганидан кейин чигит экилиши тавсия қилинади. Қорақалпоғистон ва Андижон шароитида тупроқ ҳарорати бошқа-бошқа бўлади.

Камолиддин Икромов: Бир гектар экиш харажати гектарига камида бир ярим миллион сўм. Бугунги кунда пахта экилиши жуда эрта бўлиб кетмасмикин? Деҳқон харажатига куйиб қолмайдими?

Дилшод Ғофуров: Пахта экиш муддати масаласи биринчидан, йилнинг келишига, иккинчидан, ҳудудга, учинчидан, қанақа агротехнология асосида экмоқчилигимизга боғлиқ. Агар одатий, яъни ўзимизнинг анъанавий усулда экмоқчи бўлсак, апрел келмасдан пахта экишга қулай бўлмайди, чунки тупроқ ҳарорати 14 даражадан юқори бўлиши керак. Март ойи одатий усулда экиш учун қулай эмас.

Хитой технологияси, яъни плёнка остида экиш билан бўлса, март ойида ҳам экиш мумкин. 10-15 март куни бемалол экиш мумкин, лекин бу йилги ҳолат истисно. Нима учун? Март бошида совуқ кунлар бўлди, қорлар тушди, ҳали ҳам таъсири бор. Шу нарсани ҳисобга олиб, бироз кечиктириш мақсадга мувофиқ.

Шокир Шарипов: Мен ҳозир сизларни хавотир билан эшитяпман, ҳозир нима, фермер мажбурланяптими эртароқ экишга?

Камолиддин Икромов: Экиш кампанияси бошлангандан кейин, бир одам бошлагандан кейин, қолганлар ҳам шунга қараб интилади, яъни экишни бошлаб юборади. Домино ўйинига ўхшаб бошланиб кетади.

Эркин Абдулаҳатов, иқлимшунос: Жанубий ҳудудларимизда экиш муддатлари йигирманчи мартдан кейин, ўртача кўп йиллик меъёр бўйича бўлади ва у марказга нисбатан биринчи апрелдан кейин, водий вилоятларида яна ҳам кечроқ. Бу ўртачалаштирилган муддат, Ўзгидрометнинг ўзи ҳам март ойи учун ўртача меъёрий қийматдаги кутилмаларни эълон қилди. Бу демак, ўз-ўзидан мана шу муддатларда экилиши кераклигини англатади. Аммо чигит экиш учун ҳарорат керакли даражада бўлиши керак. Ўртача суткалик ҳарорат, тупроқ характеристикаси, юқори намлик...

Шу асосларда керакли прогнозлар берилмаса, Ўзгидромет агрометеорологик бўлимининг, бюджет ташкилотининг нима кераги бор?. Кечикмасдан экиш ҳам бор. Бу ерда уруғ вақтида униб чиқишига эътибор берилиши керак. Масалан, ҳарорат йигирма беш даражага кўтарилиб, кетма-кет беш кун шундай бўлса, чигит олти-етти кунда униб чиқади. Агар ёмғир тинимсиз ёғаверадиган бўлса, ўн кундан ўн беш кунгача чўзилиб кетиши мумкин, бу яхши эмас, чунки чигитнинг бир қисми йўқолади ёки зиён кўради. Баъзи ҳолларда эса қайта экишга тўғри келиб қолади. Шу сабабли экиш муддатини тўғри белгилаш ва прогноз қилиш жуда муҳим.

Ҳозирги кунда бу муаммо эмас, чунки бу соҳада илмий ходимлар бор, илмий ишлар қилишмоқда. Бу соҳада тизим яратилган. Бу бутун дунё учун янгилик эмас. Шунингдек, Ўзбекистон илмий соҳаси учун ҳам янгилик эмас. Ҳар бир ҳудудда экиш муддатини белгилаш ҳар бир ўсимлик учун муҳим.

Сиз тўғри савол бердингиз "эртароқ экишга мажбурланяптими?" деб. Менимча, шундай бўляпти. Очиқ далаларда экиш муддатини белгилашди агар ишлар шу “механизм” бўйича бўладиган бўлса,  бу фермерлар устидан кулиш бўлади.

Оддий бодом гуллашига қараб деҳқонларимиз ерга уруғ қадаб, баҳорий ишларини бошлашган. Шошмашошарлик билан иш қилиш ярамайди. Мен ҳозир бу ерда Ўзгидромет ролини кўрмаяпман. Бу жуда ҳам ёмон, яна ўша қўл бошқаруви бўляптими дейман? Ёки авантюр қарашлар.

Камолиддин Икромов: Йиғилишимизнинг асосий муддаоси ҳам шу – кўп ҳудудларда қайта экишларига сабаб бўлган бу ҳолат. Кеч ёки эрта экиш, нотўғри экиш, “режалаштириш” асосида экиш сабаб жуда ҳам кўплаб фермерларимиз қайта экишга мажбур бўлган.

Эркин Абдулаҳатов: Тўртта шарт бажарилиши керак экиш учун:

  • 10 сантиметр чуқурликдаги тупроқ ҳарорати 10 даражадан юқори бўлиши керак. 
  • Ўртача суткалик ҳарорат 3-4 кун исиб бериши керак.
  • Ҳаво ҳарорати 11 даражадан юқори бўлиши керак ва кутилаётган ўн кунликда совуқ кутилмалар бўлмаслиги керак.
  • Намлик ҳам 60-80 фоиз бўлиши керак.

Шокир Шарипов: Ҳозир ҳар кимнинг қўлида смартфон бўлса, деҳқон билан мулоқот қилиб, тўғри тавсиялар таклиф қилиш мумкин. Сунъий интеллектни улаб қўйса бўлади...  

Эркин Абдулаҳатов: Оддий датчиклар ҳам мавжуд. Агар сиз станцияга ишонмасангиз, ўзингиз мустақил қарор чиқариб, зарар кўрмаслигингиз мумкин. Бу нафақат чигитда, балки бошқа экинлар ҳам оптимал экиш шартлари доирасида экилса, талафотсиз, муаммосиз уруғ ундириш мумкин.

Камолиддин Икромов: Умумий савол: деҳқон зарар кўрмаслиги учун нималар қилиши керак бўлади?

Дилшод Ғофуров: “Чигитни плёнка остига экиш шартми?” деган саволга вазиятдан келиб чиқиб жавоб бериш керак.

Камолиддин Икромов: Ҳозир кооперативлар салгина ривожланиб, баъзи фермерлар толанинг фарқига аҳамият бера бошлади. “Бухоро” навини эксак қимматроқ сотар эканмиз” деб масалан. Аммо аксар фермерларга бунинг фарқи йўқ: тош босиши муҳим.

Дилшод Ғофуров: Шундай. Фаолият фақат тоннага йўналтирилган.

Камолиддин Икромов: Фойдани фермер кўраётгани йўқ, қайта ишловчиларимиз, биринчи ўринда кластерларимиз фойда кўрмоқда.

Хуршид Тўрақулов, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими: Хитойда кўп ўрганишлар қилдим. Хитой фермерининг энг катта ютуғи – харид нархи: бир кило пахта нархи –  1 доллар. Иккинчиси – фермер жуда эркин, ҳокимини ҳатто танимайди. Шунинг орқасидан Хитой пахтачилиги ривожланиб кетди. Пахта режасини ҳам фермернинг ўзи белгилайди.

Шокир Шарипов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид