Жаҳон | 09:48 / 08.03.2025
6658
3 дақиқада ўқилади

Таҳлилчилар: Россия Курск областида Украина қўшинларини қуршаб олишга уринмоқда

Россия Қуролли кучлари Курск областида Украина мудофаасини ёриб ўтди ва Украина Қуролли кучлари гуруҳини ўраб олиши мумкин, дея хабар бермоқда бир қанча ҳарбий таҳлилчилар. Бу ҳақда на Киев, на Москва изоҳ бермаяпти.

Фото: Evgeny Biyatov/IMAGO

Россия қўшинлари Курск областидаги ҳудудлардан бирида Украина мудофаасини ёриб ўтди ва минтақадаги Украина Қуролли кучлари гуруҳини қуршаб олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда 7 март, жума куни бир қанча ҳарбий таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари хабар берди.

DeepState: Шимолий Корея аскарлари туфайли ҳужумлар кучайди

Украинанинг DeepState лойиҳасига кўра, Курск жанубида рус қўшинлари Куриловка қишлоғидан жанубда жойлашган Украина Қуролли кучлари позицияларига тахминан 5 км масофани ёриб ўтишди ва Украинанинг Суми области билан давлат чегарасига деярли етиб боришди. «Курск областида душман КХДРнинг салмоқли сондаги ҳарбий хизматчиларидан фойдаланиш ҳисобига олдинга силжимоқда», деб ёзади DeepState.

Лойиҳа жамоасининг қайд этишича, Россия Қуролли кучларининг бу йўналишдаги мақсади аввалроқ Суми ва Суджани боғлаган H07 автомагистралини тўсиб қўйиш бўлиши мумкин. Ҳозирда бу Украина Қуролли кучлари гуруҳини Курск областидаги асосий таъминот канали ҳисобланади. Жанубдан рус қўшинлари бу йўлга 6 км масофага яқинлашдилар.

Айни пайтда Россия Қуролли кучлари шимолдан бир йўналишда ҳужумларни кучайтирмоқда. Улар давлат чегарасини кесиб ўтиб, Украинанинг Суми областидаги Журавка ва Новенкое қишлоқларига ҳужум қилган. Энди шимолдан улар H07 йўли ва Суджа чегара пунктидан 5 км узоқликда жойлашган.

Украина Қуролли кучларидаги манба: Блоклаш ҳудуди ёриб ўтилди

«Украинская правда» интернет-нашрининг Курск областидаги украиналик ҳарбийлар орасидаги манбаси шундай деди: «Тўсиб қўйилган ҳудудда ёриб ўтиш содир бўлди. Бир сўз билан айтганда, бизнинг бўлинмаларимиз қисман ёки тўлиқ қамал хавфи остида қолмаслик учун душманни жиловлашга ҳаракат қилаётган ҳудудда».

«Бу тўсатдан эмас, аста-секин ва тизимли равишда содир бўлди. Янги йил олдидан руслар Куриловкага кирди, у ерда бизнинг бригадаларимиздан бири ўз позицияларини ташлаб кетди. Шундан сўнг, душман ўз кучларини тўплади ва тизимли равишда ҳужум операцияларини амалга оширди. Кеча ва бир кун олдин улар муваффақиятга эришдилар». Ҳарбийнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари ҳозирда «душман алоқа йўлларини тўлиқ ёпиб қўймаслиги учун вазиятни барқарорлаштиришга» ҳаракат қилмоқда.

Мавзуга оид