“Биз ҳайвон эмасмиз-ку” – “Ўзтемирйўллар”нинг поездига чиққан йўловчилар вагон ҳолатидан шикоят қилишмоқда
Урганч–Волгоград йўналишида поездга чиққан фуқаролар вагонларнинг санитар ҳолатидан норози бўлиб Kun.uz’га йўллаган суратларда деразалар тоза эмаслиги, ҳар томонда сувараклар юргани ва тилиниб кетган ўриндиқларни кўриш мумкин. Қарийб икки йил аввал расмийлар чипта нархлари оширилгач, сифат таъминланишини ваъда қилган эди.
4 март куни Хоразмдан Россиянинг Волгоград шаҳрига поездда йўл олган фуқаролардан Kun.uz’га мурожаат келиб тушди.
Унга кўра, 2 март куни 14:30 да “Ўзбекистон темирйўллари”нинг Урганч шаҳридан Волгоградга борувчи поездига чиққан юртдошларимиз вагонларнинг санитар ҳолати талабга жавоб бермаслигига гувоҳ бўлишган.
“Урганч–Волгоград йўналишида соат 14:30 да поездга миндик. Вагонда ҳолат шундай ачинарлики, одам тушиб кетгиси келади, ишонаверинг.
“Таракан”, қуртлар – ҳаммасидан бор. Одам ёниб кетди, иссиқ ҳам уриб ётибди. Ойналар кир, жуда ачинарли ҳолатда. Шуни бир дезинфекция қилса бўлмасмикан, талабга умуман жавоб бермайди. Биз одаммиз, ҳайвон эмасмиз-ку”, – дейди таҳририятга мурожаат қилган фуқаро.
Фуқаро тақдим этган фотосуратлардан вагон ичидаги ҳолат қандай эканини кўриш мумкин.
Kun.uz ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизматига сўров юборди. Матбуот хизмати вазият ўрганилаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябр ойидан бери “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг чипта нархлари бир неча маротаба оширилди. Хусусан, 1 февралдан бошлаб “Афросиёб” поездларида чипта нархи 25 фоизга, “Ўзбекистон”, “Шарқ”, “Насаф” поездлари чиптаси эса 30 фоизга қимматлади. Тезюрар бўлмаган (ётоқли) йўловчи поездлар чипта нархининг тариф қисми 10,5 фоизга кўтарилганди.
Расмийлар нархлар ошиши фонида соҳа ўзини ўзи қоплай бошлашини, коррупцияга барҳам берилиб, сифати оширилишини ваъда қилганди. Аммо ҳозирча хизмат сифати яхшлангани сезилмаяпти.
Аввалроқ россиялик блогер Иля Варламов «Ўзбекистон темирйўллари»даги хизмат кўрсатиш сифатини танқид қилганди.
Ўшанда Варламов “Тошкент-Самарқанд” йўналишидаги поезднинг “люкс” купеси учун чипта нархи 100 доллардан қиммат эканини, аммо ундаги шароитлар талабга жавоб бермаслигини айтганди.
Кейин “Хива - Андижон” йўналишидаги поезд йўловчиларининг чиптасига кондиционер ишлаши ёзилганига қарамай, иссиқ ҳавода совитиш тизими ишламаётганидан норози бўлишганди. Бир гуруҳ санъаткорларнинг шу ҳақдаги видеосидан сўнг “Ўзтемирйўлйўловчи” вагонлар эскиргани ва аномал иссиқ сабаб уларда носозлик кузатилганини айтиб, узр сўраганди.
Мавзуга оид

15:23 / 01.03.2025
Грецияда йирик поезд авариясининг икки йиллиги муносабати билан намойишлар бўлиб ўтди

16:16 / 16.02.2025
Ҳиндистондаги вокзалда тиқилинч юз берди. Камида 18 киши ҳалок бўлди

19:37 / 04.02.2025
Тошкент метросига яна 3 та янги поезд олиб келинди

15:35 / 27.01.2025