Жаҳон | 12:30 / 04.03.2025
6982
7 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари Россияга қарши киберҳужумларни тўхтатишни буюрди

Фото: Getty Images

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Россияга қарши киберҳужумларни тўхтатишни буюрди, деб хабар бермоқда Американинг қатор оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб. Буйруқ тафсилотлари номаълум, бироқ журналистлар уни Россия ва АҚШ ўртасидаги ҳозирги музокаралар ва Доналд Трампнинг Россия-Украина урушида ярашувга эришиш истаги билан боғламоқда.

Ҳегсет Россияга қарши киберҳужумларни тўхтатишга буйруқ бергани ҳақида охирги бўлиб New York Times газетаси ёзди, ушбу нашр вазиятдан хабардор бўлган учта аноним манбага ҳавола берган.

Нашр маълумотларига кўра, янги кўрсатмалар АҚШ киберқўмондонлигига мамлакат президенти Доналд Трамп журналистлар кўз ўнгида Украина етакчиси Володимир Зеленский билан тортишиб қолишидан олдинроқ берилган.

Бундай буйруқ ҳақида биринчи бўлиб The Record нашри хабар берди. Унинг хабарида Пентагон раҳбари АҚШ киберқўмондонлиги бошлиғи генерал Тимоти Ҳога тегишли кўрсатмалар бергани айтилган. У, ўз навбатида, бу кўрсатмаларни ташкилотнинг операцион директори, денгиз пиёдалари корпуси генерал-майори Райан Ҳеритежга топширган.

Ҳегсет буйруғининг тафсилотлари номаълум.

Аммо Washington Post амалдаги ва собиқ мулозимларга таяниб ёзишича, киберҳужумлар АҚШ ва Россия ўртасидаги музокаралар вақтида тўхтатилган. Қўмондонликка янги кўрсатмалар «яқин келажак»да амал қилиши айтилди, дея хабар бермоқда The Record манбалари.

The Record манбалари, шунингдек, Киберқўмондонлик Ҳегсет учун «хавфларни баҳолаш»ни бошлаганини айтди. Ушбу турдаги ҳисобот буйруқ олинганини тасдиқлайди, қарор натижасида тўхтатилган жорий миссияларни санаб ўтади ва Россиядан ҳали ҳам сақланиб қолаётган таҳдидларни батафсил тавсифлайди.

Пентагон изоҳ беришдан бош тортган. «Мудофаа вазири Ҳегсет учун барча операцияларда, жумладан, кибермакондаги операцияларда ҳам жангчилар хавфсизлигидан муҳимроқ нарса йўқ», — дейилади вазирлик хабарида.

Нозик музокаралар вақтидаги одатий амалиёт

Киберҳужумлар ва киберҳимоя ўртасидаги чегара кўпинча ноаниқ бўлади, дея таъкидлайди NYT ўз материалида.

Тўхтатилган киберҳужумлар уруш акти сифатида баҳоланиши мумкин бўлган даражада тажовузкор эмас, дея тушунтирди WP нашрига расмийлар.

Масалан, Россия тармоқларида аниқланган зарарли дастурларни АҚШга қарши ишлатишдан олдин фош қилиш ёки ўчириб қўйиш; ҳакерларнинг ўз ҳужумлари учун тайёрлаши мумкин бўлган серверларга киришини блоклаш; ёки Америкага қарши пропаганда билан шуғулланувчи сайт фаолиятини бузиш.

Пентагоннинг собиқ расмийлари NYT ва WP’га айтишича, нозик дипломатик музокаралар чоғида ҳарбий операцияларни тўхтатиш тўғрисида буйруқ берилиши одатий ҳолат.

«Мен бошқа давлат билан ҳар қандай музокаралар чоғида, айниқса, биз уни душман сифатида кўриб чиқаётган бўлсак, биз операцияларни, машғулотларни тўхтатишимизни ва ҳатто баъзида оммавий чиқишларни бекор қилишимизни кўп кузатганман, — дея тушунтирди WP’га АҚШ киберқўмондонлиги собиқ раҳбари ўринбосари, генерал-лейтенант Чарли Мур. — Назарий жиҳатдан музокаралар жараёнини бузиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатни тўхтатиб туриш одатий ҳолдир».

Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар — Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери биринчиси — 18 феврал куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтди. Делегацияларга икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари, Россия томонидан Сергей Лавров ва Америка томонидан Марко Рубио бошчилик қилди.

Музокаралардан кейин дипломатлар Москва ва Вашингтондаги элчихоналар фаолиятини қайтадан ташкил этиш ва Украинада эҳтимолий тинчлик битимини муҳокама қилиш учун жамоалар шакллантиришдан ташқари, Россия ва АҚШ президентлари учрашувига тайёргарлик кўриш ҳақида ҳам гапиришди. Бироқ ҳозирча Трампнинг Владимир Путин билан музокаралари санаси белгиланмади.

Нозик музокаралар пайтида киберҳужумларни тўхтатиб туриш одатий ҳол, дейди собиқ мулозимлар. Фото: Reuters

Гап қандай ҳужумлар ҳақида гап кетиши мумкин?

Шу билан бирга, Россияга қарши келажакдаги эҳтимолий киберҳужумларни режалаштириш тўхтатилмаган, деди шахси сир қолишини истаган собиқ мулозим WP нашрига. Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик агентлиги (у ҳам генерал Ҳо томонидан бошқарилади) Россияга нисбатан кибержосусликни давом эттиради, деб ёзади газета.

«Жосуслик тўхтатилмаяпти, чунки улар сизни алдамаётганини билишингиз керак, — деб тушунтирди нашр манбаси. — Режалаштириш тўхтамайди, чунки музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда вариантлар керак бўлади».

Бироқ, унинг фикрича, киберҳужумларни вақтинча тўхтатиш ҳам АҚШ учун хавф туғдиради.

«Риск нимада? Биз душманни кўздан қочирмоқдамиз. Агар бу бир неча кун ёки ҳафта учун қилинса, бунинг ҳеч қандай хавфли жойи йўқ, агар бу бир неча ой ёки абадийга бўлса — бу жиддий муаммо бўлади», — деди собиқ мулозим.

Киберхавфсизлик ва инфратузилмани ҳимоя қилиш агентлигининг (CISA; идора АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигига бўйсунади) баъзи мутахассисларидан Россияга эмас, балки бошқа рақибларга эътибор қаратиш сўралган, деди WP’га вазиятдан хабардор бўлган хусусий сектор маслаҳатчиси.

Агентлик буни рад этмоқда. «CISA ҳамон АҚШнинг муҳим инфратузилмасига, жумладан, Россиядан келадиган барча кибертаҳдидларнинг олдини олишга содиқ қолади, — деди WP’га Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триша Маклолин. —  Бу томондан бизнинг позиция ва устувор йўналишларимиз ўзгармади».

АҚШ ва Европа давлатлари кўп йиллардан бери Россияни киберхавфсизликка таҳдид солувчи асосий давлатлардан бири деб ҳисоблайди.

Масалан, 2024 йил сентябрида АҚШ Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ)нинг беш нафар зобитини Украина ва НАТО мамлакатларига киберҳужумлар уюштиришда айблаган бўлса, ўша йилнинг декабрида Италия полицияси россияпараст ҳакерлар гуруҳини Милан аэропортлари ва мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги сайтларига ҳужумларда айблаганди.

Буюк Британия ҳукумати алоқа маркази (GCHQ, британ электрон разведкаси) 2024 йил декабрда мамлакат Россия ва Хитойдан кибертаҳдид хавфини етарлича баҳоламаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Ёзда Qilin ҳакерлари (бу Россияга алоқадор гуруҳ) Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати пациентларининг маълумотларини ўғирлаб кетишганди.

Ҳегсетнинг буйруғи ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро таажжубдалигини билдирди ва Европа Иттифоқи мамлакатлари доимий равишда Россия киберҳужумлари нишонига айланаётганини таъкидлади. «Мен буни [нега Ҳегсет бундай қарорга келганини] тушунишим қийин», — дея унинг сўзларини келтиради Politico.

Мавзуга оид