Ўзбекистон | 09:52 / 28.02.2025
5558
2 дақиқада ўқилади

Гулистон тумани ҳокими ўзгарди

Туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Ўлмас Мамадаминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Олим Жўраев туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилояти Гулистон туманида халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Эркинжон Турдимов ўз нутқида туманда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт ҳамда қатор соҳалар бўйича қолоқликка йўл қўйилаётганлигини таъкидлаб, туманни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида туман биринчи раҳбарининг ҳаракатлари етарли эмаслигини билдирди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Ўлмас Мамадаминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Депутатлар томонидан шу кунга қадар туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Олим Жўраев номзоди туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, О.Жўраев 1982 йилда Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. 2004 йилда Гулистон давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.

Мавзуга оид