Жаҳон | 22:44 / 27.02.2025
6588
2 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодировнинг қизи Чеченистон бош вазири ўринбосарлигидан кетди

Чеченистон етакчисининг тўнғич қизи Айшат Қодирова 2023 йилдан бери республика ҳукуматида бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Энди у онаси томонидан асос солинган «Фирдавс» модалари уйидаги фаолиятига қайтади.

Фото: grozny.tv

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодировнинг тўнғиз қизи Айшат Қодирова Instagramʼдаги саҳифаси орқали бош вазир ўринбосарлиги лавозимидан кетишини эълон қилди.

«Бу иш мен учун муҳим тажриба бўлди, ижтимоий блок йўналиши республиканинг ривожланишида катта рол ўйнайди, аммо ўйлашимча, мазкур иш кўпроқ кучли эркакка мос келади. Мен бизнесдаги лойиҳалар билан шуғулланиб республикамиз фаровонлиги учун меҳнат қиламан ва ишончим комилки, ушбу фаолият орқали сиёсатдан кўра кўпроқ фойда келтира оламан», — дейди Қодирова.

26 ёшли Айшат «Фирдавс» модалар уйига қайтмоқда. У 2017-2020 йиллар давомида ушбу модалар уйининг директори бўлган, кейин эса Чеченистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари, 2021 йилда маданият вазири лавозимларига тайинланган. Ҳукумат раҳбарининг ўринбосари лавозимини Қодирова 2023 йилда қўлга киритган эди.

«Фирдавс» модулар уйига 2009 йилда Рамзан Қодировнинг турмуш ўртоғи Медни Қодирова асос солган, 2016 йилда эса у бошқарувни қизига топширганди.

Айшат — Қодировларнинг тўнғич фарзанди. У республика ва федерал даражадаги, шунингдек, бошқа ҳудудларнинг кўплаб мукофотларини қўлга киритган. Хусусан, 2023 йилда у II даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Мавзуга оид