Спорт | 11:29 / 26.02.2025
6737
6 дақиқада ўқилади

«Барса» ва «Атлетико» ўйинида 8 та гол урилди

0:2, 4:2, 4:4. Испания Кубоги яримфиналининг биринчи учрашуви мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлди.

Photo by David Ramos/Getty Image

Испания кубоги. Яримфинал. Биринчи ўйин
«Барселона» – «Атлетико» – 4:4
Голлар:
Педри 19 , Кубарси 21, Иниго Мартинес 41, Левандовски 74 — Алварес 1, Гризманн 6, Лиоренте 84, Серлот, 90+3 (4:4).
«Барселона» – Шенсни, Кубарси, Балде, Иниго Мартинес , Кунде, Педри (Гарсия 85), Ямал, Олмо (Гави 68), де Йонг, Торрес, (Левандовски 68), Рафиня (Фермин Лопес 85)
«Атлетико» – Муссо, Хименес, Лангле, Галан (Мандава 55), Галлаҳер (Молина 60), де Паул (Серлот 68), Барриос, Лиоренте, Гризманн (Корреа 68), Алварес, Симеоне (Лино 55).

«Барселона» ва «Атлетико» Испания Кубоги яримфиналининг илк учрашувида мухлислар учун шоу уюштириб берди. Икки жамоа жами саккиз гол урди — бу ўйин анча вақтгача ёдда қолади.

Каталонияликлар клуби бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик Гави ва Роберт Левандовскини захирада қолдирди. Френки де Йонг ва Ферран Торрес эса илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. «Атлетико» дарвозасида Хуан Муссо пайдо бўлди. Бу Испания Кубоги учун одатий картина, Ян Облак бу турнирдаги ўйинларда доимо захира ўриндиғида қолади. Охирги вақтларда захира футболчисига айланиб қолган Конор Галлаҳер ҳам шу куни бошланғич таркибдан ўрин олди.

«Барселона» футболчилари ўйин стартини ўта муваффақиятсиз ўтказишди. Олтинчи дақиқага келиб таблода 0:2 ҳисоби порлаётганди. Войцех Шченсни Хулиан Алвареснинг илк зарбасини тўсиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Аммо илк стандарт вазият меҳмонлар учун омадли бўлди. Антуан Гризманн тўпни оширди, Клеман Лангле уни олис устун томон ўтказиб берди, у ерда бўш қолган Алварес эса яқин бурчакни осонлик билан ишғол этди. Бу вақтда ўйиннинг 47-сонияси ўтиб бораётганди.

Бир неча дақиқа ўтиб эса Хулиан ассистент вазифасини бажариб берди. У бу вазиятда рақиб ҳимоячилари ортига очилган Гризманни тўп билан таъминлади, француз эса Балдени болаларча алдаб ўтиб, дарвозабонга ҳам имконият қолдирмади. «Барса» ўз уйида олтинчи дақиқага келиб икки тўп фарқи билан ҳисобда ортда бориши 123 йилдан буён кузатилмаганди. «Атлетико» билан ўйинда бундай ҳолатга тушиш — ҳар қандай рақиб учун ҳукм бўлиши мумкин, аммо кўк-анорранглилар тезда ўзига келишди. Аввалига Ферран Торрес яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Муссо унинг ниятини «ўқиди».

«Барса»га ҳам мувозанатни тенглаштириш учун бир неча дақиқа етарли бўлди. Мезбонлар рақиб ҳимоясидаги заиф нуқтани топишди. Хави Галан Ямални тўхтатиш учун ишончли номзод эмаслиги олдиндан кўриниб турганди, унга Галлаҳернинг ёрдамга келиши ҳам етарли бўлмади. Айнан инглиз яримҳимоячиси қанотда хатога йўл қўйди, шундан кейин Кунде жарима майдони марказидан дарвозани ўққа тутган Педрини голли пас билан таъминлади. Кейин эса «Атлетико» дарвозаси қаршисидаги стандарт вазият иш берди. Пау Кубарси тўп учун курашда Пабло Барриосдан устун келиб, Рафинянинг узатмасини голга айлантирди. Бир ой олдин 18 ёшга тўлган марказий ҳимоячи «Барса»нинг асосий жамоасидаги 62-ўйинида илк голини нишонлади.

Кейин эса Ферран яна бир қулай вазиятни кўкка совурди — у меҳмонлар хатосидан фойдаланиб қулай вазиятга чиқиб борди, аммо дарвозабонни ҳам алдаб ўтганидан кейин жуда кучсиз зарба берди ва Хименес бўш дарвозага юмалаб кетаётган тўпга етиб қолди. «Барса» барибир танаффусгача учинчи голини урди. «Атлетико» ҳимоячилари яна бир стандарт вазиятда ўта бўш ҳаракат қилишди. Бу сафар Иниго Мартинес олис устун яқинида мутлақо бўш қолдирилди ва бошда аниқ зарба йўллади.

Флик иккинчи бўлим ўрталарида майдонга Гави ва Левандовскини туширди. Ва полшалик ҳужумчи мураббийнинг ишончини оқлади. Робертга майдонга тушганидан кейин гол уриш учун уч дақиқа етарли бўлди. Лекин бу голда асосий ишни Ламин Ямал бажарди. Кўк-анорранглиларнинг техникаси энг кучли футболчиси шундай узатма бердики, Левандовскидан шунчаки бўш дарвоза қаршисида тўпга тегиниб қўйиш қолганди. Ва у хато қилмади — 4:2.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. «Атлетико» асосий вақт тугашига олти дақиқа қолганида ўйинга интрига қайтарди. Бу мавсумда «матрасчилар» — сўнгги дақиқалар қироли ва Испаниянинг энг иродали жамоаси. Симеоне ихтиёрида энг сермаҳсул ва кенг захира ўриндиғи бор, бу эса тизимли равишда иш бермоқда. Унинг севимли футболчиси — Корреа — узоқ йиллардан буён асосий таркиб футболчисига айлана олмади, аммо у тенги йўқ жокер. Сешанба оқшомида ҳам у майдонга тушди ва ўз атрофига рақиб футболчиларини жамлаб, марказда бўш қолган Лиорентени тўп билан таъминлади.

Кейин эса захирадан тушган бошқа футболчилар ҳам ўзини кўрсатди. Қўшимча дақиқаларда Самуэл Лино пас берди, Александр Сёрлот эса ўз вазиятидан фойдаланди. 2024 йил декабрида ҳам айнан ушбу норвегиялик Испания чемпионати доирасида «Барса»га қарши сафар ўйинининг қўшимча дақиқаларида «Атлетико»га ғалаба (2:1) келтирувчи голни урганди.

Энди апрелда Мадридда — жавоб учрашуви ўтказилади. Яримфиналнинг иккинчи жуфтлиги — «Реал Сосиедад» ва «Реал» эса бугун биринчи ўйинни ўтказишади.

Мавзуга оид