Иқтисодиёт | 18:12 / 24.02.2025
8121
7 дақиқада ўқилади

Сўм ва рублнинг мустаҳкамланиши, Жэк Манинг саҳнага қайтиши — иқтисодий дайжест

АҚШнинг Россия билан яқинлашуви фонида рубл ва сўм курси сезиларли мустаҳкамланди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига экспорти сезиларли қисқарди, иккинчи энг йирик экспорт ҳамкори статуси Афғонистонга ўтди. Ўтган ҳафта жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида рўй берган янгиликлар – иқтисодчи Аҳлиддин Маликов шарҳида.

АҚШ–Россия муносабатларида илиқлашув

18 феврал куни АҚШ ва Россия дипломатлари Саудия Арабистонида дастлабки музокараларни ўтказдилар. Украина ва Европа мамлакатлари иштирокисиз ўтказилган бу музокараларда АҚШ ва Россия икки томонлама муносабатларини қайта кўриб чиқиш ва Украинадаги урушни ҳал қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Бундан олдин, АҚШ аллақачон Украинанинг НАТО аъзолигига интилишлари ва ҳозирда Россия назорати остида бўлган ҳудудларни қайтариб олиш эҳтимолини рад этиб, Россияга катта ён беришларни амалга оширган эди.

Музокаралардан кейинги баёнотда АҚШ томони "Украинадаги можаронинг якунланиши"дан сўнг Россия билан "тарихий иқтисодий ва инвестиция имкониятлари" ҳақида сўз юритди. Россия рубли Президент Доналд Трампнинг Москвага нисбатан кескин бурилиши фонида сезиларли даражада кучайди. Россия марказий банк пайшанба куни АҚШ долларига нисбатан расмий валюта курсини 88,5 рубл даражасида белгилади – бу 2024 йил августидан бери энг кучли кўрсаткич. Рубл Трамп 20-январда Оқ уйга қайтганидан бери тахминан 14 фоизга кучайган. Шунингдек, Россия фонд бозори ҳам йил бошидан бери 17 фоизга кўтарилди. Бу ҳафтадаги фонд бозорининг кўтарилишини ҳам қисман "геосиёсий босимнинг камайиши" туфайли эканлиги билан изоҳлаш мумкин.

Россия рублининг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши фонида, Ўзбекистонда ҳам ҳафта давомида сўм курси долларга нисбатан фақат мустаҳкамланиб борди. Долларнинг расмий курси 13 февралдаги 13 минг сўмлик максимумдан кейин кетма-кет 6 савдо кунида пасайиб, 21 февралда 12 916 сўмгача тушди.

Россия рублининг Ўзбекистондаги доллар курси билан қандай алоқаси бор? Россия ташқи савдо ва халқаро пул ўтказмаларида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Шунга кўра, рублнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши қисман сўм қийматининг ҳам ошишига таъсир ўтказиши табиий. Яъни, агар рубл мустаҳкамланса, Россияда ишлаётган ўзбек муҳожирларининг маошлари АҚШ доллари ҳисобида ошади ва Ўзбекистонга пул ўтказмалари кўринишида кўпроқ доллар кириб келади. Айни пайтда, Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг баёнотига кўра, 2025 йилда сўмнинг номинал қийматида кескин ўзгариш бўлиши кутилмаяпти.

АҚШ–Хитой сунъий интеллект пойгаси

Сунъий интеллектда етакчилик қилиш бўйича АҚШ–Хитой пойгаси яна эътибор марказида бўлиб турибди. Электрон тижорат гиганти ҳисобланадиган Alibaba кутилгандан юқори даромадлар қайд этганидан сўнг, Хитойнинг сунъий интеллект акцияларига бўлган талаб қарийб 13 фоизга ортган. Таъкидлаш жоиз, Alibaba ҳозирги кунда сунъий интеллектнинг кейинги авлод тури – “сунъий умумий интеллект”ни ривожлантиришни асосий мақсадларидан бирига айлантирган. Сунъий умумий интеллектнинг оддий сунъий интеллектдан фарқи шундаки, у баъзи вазифаларни инсон заковатига тенг даражада бажара олади.

Тушунтириш учун, ҳозирги фойдаланилаётган сунъий интеллект турлари, хусусан ChatGPT ёки DeepSeek'ни болға ёки отверка деб олсак, умумий сунъий интеллект қурувчи устага ўхшаб кетади. Уста вазиятга қараб хоҳлаган вазифага мослашиб, нафақат мих қоқа олади, балки бошқа ишларни ҳам бажариб кетаверади.

17 феврал куни Alibaba асосчиси Жек Ма Хитой президенти Си Жинпин ва бир қатор йирик бизнес эгалари ўртасида бўлиб ўтган учрашув пайтида кўриниш берди. Бу ҳам Пекин юқори технологияларга янада кучлироқ эътибор бера бошлаётганидан дарак беради.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги ўзгаришлар

21 феврал куни Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2025 йил январ ойи учун ташқи савдо статистикасини эълон қилди. Рақамлар бироз қарама-қарши, лекин айни пайтда қизиқ динамикани кўрсатмоқда. Унга кўра, Ўзбекистоннинг умумий экспорти ўсган бўлса-да, қўшниларимиз бўлган Марказий Осиё давлатларига экспорт қиймати сезиларли даражада қисқарган. Ўтган йилнинг январига нисбатан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланган Хитойга қилган экспорт ҳажми ҳам икки баробардан кўпга қисқарган. Қизиғи шундаки, Хитойга қилинган умумий экспорт қисқаришига қарамай, газ экспорти 9 фоизга ошган.

Яна бир қизиқ ҳолат, Афғонистонга экспорт 2,3 баробарга кўпайган. Эндиликда Афғонистон Ўзбекистоннинг иккинчи йирик экспорт ҳамкори статусини қўлга киритган. Бундан ташқари, Туркия экспорт ҳажмининг яна ўсиш динамикасини тиклаётгани ва БААга экспортнинг сезиларли даражада ошгани эътиборга лойиқ.

Бошқа бир нарса – январ ойидаги экспортнинг ўсиши асосан олтин экспорти эвазига эмас, кўпроқ товар ва хизматлар экспорти эвазига содир бўлган. Албатта, экспорт саватчамизда шунчаки ҳомашё ва қимматбаҳо металлардан кўра, товар ва хизматлар улушининг ўрни кўпроқ бўлиши қувонарли, албатта.

Ўзбекистоннинг бу йил январ ойида қилган жами импорт ҳажмига тўхталадиган бўлсак, у ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,4 фоизга кўпайган. Импорт қилинган товарлар саватчасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар 10,5 фоиз улуш билан биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Январ ойида, умумий ҳисобда 27,8 млн долларлик газ импорт қилинган. Шунингдек, Туркманистондан импорт ҳажми 2,6 марта ортган. Бу – юқори эҳтимоллик билан, январ ойида Ўзбекистонга импорт қилинган газнинг катта қисми Туркманистондан бўлганига ишора қилади.

Ўзбекистон ЖСТ аъзоси бўлишига узоғи 1 йил қолгани айтилди

18-19 феврал кунлари Женевада Жаҳон савдо ташкилоти бош кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Азизбек Уруновнинг сўзларига кўра, ЖСТ бош директори Нгози Оконджо-Ивеала 2026 йил март ойида Камерунда бўлиб ўтадиган ЖСТ саммитигача Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилишига эътибор қаратилишини таклиф этган. Йиғилишда 16 та аъзо мамлакат вакиллари ўз нутқида Ўзбекистонни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган. Бу давлатлар орасида Аргентина, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Корея, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби мамлакатлар бор.

“Қарор қатъий, 2026 йилга кўп вақт қолмади”, дея ёзди Урунов LinkedIn саҳифасида.

Мавзуга оид