Ўзбекистон | 20:01 / 20.02.2025
8902
3 дақиқада ўқилади

«Чинозда тергов органи вакили судя билан жанжал қилган» — Олий кенгаш судяларга босим ҳақида

Судялар олий кенгаши суд ишларига аралашиш, судялар дахлсизлигига таъсир ўтказиш давом этаётганини маълум қилди. Хусусан, Чиноз туман суди раиси чиқарган қарордан норози бўлган тергов органи вакили судя билан жанжал қилган. Кенгаш ҳолатни таҳдид сифатида қабул қилиб, прокуратурага тақдимнома киритди.

2024 йилда судяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувлар бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилган. Бу ҳақда 20 феврал куни Судялар олий кенгаши раҳбарияти иштирокида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тақдимномалар натижасида 3 та жиноят иши қўзғатилган, 2 ҳолат ўрганилмоқда. Шунингдек, 10 нафар судяга нисбатан етарли асосларсиз қўлланган интизомий жазо чораларини бекор қилиш юзасидан ҳам тегишли малака ҳайъатига тақдимнома киритилган.

«Суд ишларига аралашиш, судялар дахлсизлигига таъсир ўтказиш эҳтимоллари бор ва бўлиб келган. Кенгаш таркибида судялар дахлсизлигини таъминлаш билан шуғулланадиган алоҳида тузилма бор, агар бу нарсалар бўлмаганда, тузилмага эҳтиёж бўлмасди. Мана, битта мисол келтиришим мумкин. Яқинда Чиноз туман суди раиси чиқарган қарордан норози бўлган тергов органи вакили судя билан жанжал қилган. Биз буни таҳдид сифатида қабул қилдик ва прокуратурага тақдимнома киритдик. Ҳозир шу иш бўйича тергов органи вакилига хизмат текшируви тайинланган», дея кенгаш раиси матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Босим ҳар хил жойдан бўлиши мумкин. Ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали журналист ва блогерлар, адвокатлар томонидан ҳам билвосита босим кузатилмоқда. Давлат органлари томонидан ҳам, юқори суд инстанциясидан ҳам бўлиши мумкин», дейди Турсунали Акбаров.

Маълум қилинишича, 2025 йилнинг 20 феврал ҳолатига тизимда 1518 нафар судя фаолият кўрсатмоқда. 2024 йилда 40 нафар судянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган. Уларнинг 19 нафари ўз аризасига кўра, 11 нафари судялик қасамёдини, 10 нафари Судялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод қилинган.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид