Жаҳон | 17:06 / 17.02.2025
3061
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Миср босимидан сўнг Ғазони Фаластин маъмуриятига беришга рози — ОАВ

АҚШ президенти Доналд Трамп ҲАМАС ҳокимиятдан четлатилиши эвазига Ғазо сектори аҳолисини кўчириш режасидан воз кечишга тайёрлигини маълум қилгани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

ҲАМАС Ғазо секторидаги ҳокимиятни Фаластин маъмурияти ва Ғазони бошқариш бўйича ҳукумат қўмитасига топширишга тайёр. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, бунга Миср томонидан қилинган босим сабаб бўлган. ҲАМАС ўз қарори ҳақида Фаластин озодлик ташкилотини (PLO) хабардор қилган.

ҲАМАС Ғазо сектори давлат аппаратининг амалдаги ходимлари янги маъмурият таркибига қўшилиши ёки тегишли тўловлар билан пенсияга юборилиши шартини қўйган.

Исроилнинг Kan-11 телеканали араб дипломатик манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ президенти маъмурияти араб давлатлари раҳбарларига Трамп минтақа келажаги бўйича ҲАМАС ҳокимиятга қайтмаслигини назарда тутувчи лойиҳани кўрса, Ғазо сектори аҳолисини кўчириш режасидан воз кечишга тайёрлигини маълум қилган.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 16 февраль куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида ҲАМАС Ғазо секторида ҳукмрон куч бўлиб қолмаслиги кераклигини айтди. Оқ уйнинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф сўзларига кўра, ҲАМАС томонидан ушлаб турилган барча исроилликларни озод қилиш бўйича музокаралар шу ҳафта давом этади.

Аввалроқ Доналд Трамп АҚШ Ғазо сектори устидан назорат ўрнатиши ва бутун Фаластин аҳолисини қўшни давлатлар – Миср ва Иорданияга кўчириши ҳақидаги режани таклиф қилган эди.

Мавзуга оид