Жаҳон | 13:20 / 12.02.2025
2702
4 дақиқада ўқилади

НАТО расмийси: Россия бугун 3 йил олдингига қараганда заифроқ

НАТОнинг фикрича, Россия урушнинг бу суръатини узоқ вақт ушлаб тура олмайди, чунки унинг йўқотишлари жуда катта. DW манбасининг таъкидлашича, Украинанинг НАТОга аъзолиги алянсдаги энг фойдали вариант ҳисобланади.

Фото: Thierry Monasse/picture alliance via Getty Images

11 феврал, сешанба куни алянс штаб-квартирасида бир гуруҳ журналистлар билан суҳбатда НАТОнинг юқори мартабали амалдори Украинага қарши уч йиллик кенг кўламли урушдан сўнг Россия 2022 йилгача бўлганидан ҳам заифроқ аҳволга тушиб қолганини айтди.

«Инсон ҳаётига бепарволик»

У Россия армиясининг Украинага қарши урушда инсоний йўқотишлар даражасини ҳайратланарли деб атади. НАТО ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги ойларда Россия ҳар куни 1000-1500 кишини йўқотмоқда. «Бу рақамларни аҳамиятсиз деб ҳисоблаш учун сиз инсон ҳаётига ҳайратланарли даражада эътиборсиз бўлишингиз керак, - деди манба DW нашрига. - Бизнинг кўпчилигимиз бугунги Россия ёшларнинг ҳаётини исроф қилишга, ўлимга ва ҳалокатга олиб келишидан хавотирдамиз. Буни кузатиш жуда оғриқли».

Россия президенти Владимир Путин асосий эътиборини ҳарбий кучга қаратиб, бошқа соҳаларга тўлиқ эътибор бермаслик ва «уларни қурбон қилиши»ни кўрсатмоқда, деди НАТО вакили. Аммо шунга қарамай, у Украинадаги ҳарбий мақсадларига эриша олмади ва эришган нарсаси Шимолий Корея ва Эрон каби иттифоқчиларининг ёрдами туфайли амалга ошди.

«Россия ҳар куни кўп одамларни қурбон қилиши ва урушни шу даражада ушлаб туришига ишонмайман, - деди расмий. - Бунинг учун вақт чегараси бор». Унинг фикрига кўра, гап бир неча йиллар ҳақида кетяпти, чунки Россия Федерациясида иқтисодиёт ва сиёсий тизим бундай юкни узоқроқ ушлаб туришига шубҳа бор.

Генерал Бен Ходжес Украинани НАТО ва Европа Иттифоқига қабул қилишга чақирди

2022 йил феврал ойидан бери Россия тажовузидан ҳимояланаётган Украина Россия томонидан кейинги агрессиянинг олдини олиш учун НАТО ва Европа Иттифоқига қабул қилиниши керак. Бу фикрни 7 феврал куни чоп этилган Europäische Sicherheit & Technik журнали мақоласида америкалик истеъфодаги генерал, АҚШнинг Европадаги қуруқликдаги кучларининг собиқ қўмондони Бен Ходжес билдирган.

Ходжеснинг фикрича, бир қатор глобал муаммолар қаторида «Россиянинг Украинага қарши уруши ва бутун Европага қарши тажовузкорлиги» бугунги кунда «қисқа муддатда биринчи ва энг хавфли таҳдид» ҳисобланади. У Хитой, Эрон ва Шимолий Кореяни бошқа таҳдидлар деб ҳисоблайди.

Бен Ходжеснинг сўзларига кўра, «Путиннинг Украинага қарши уруши Россия иқтисодини вайронага айлантирди» ва Россия армияси «қобилиятсиз ва коррупцияга ботганини исботламоқда». «Режимнинг қулашига тайёргарлик кўриш — ғалаба учун ўзимизни ташкил қилишимиз мантиқий бўлади», — дейди АҚШ армиясининг истеъфодаги генерали.

«Аммо ғалаба нимани англатади?» – деди Ходжес риторик тарзда. Унинг ўзи шундай жавоб берди: «Ғалаба Россия ҳарбий кучларини Украинанинг 1991 йилдаги халқаро тан олинган чегараларига қайтаришни англатади. Ҳа, бунга Қрим ҳам киради. Ғалаба шунингдек, ўғирлаб кетилган ўн минглаб украиналик болаларни қайтаришни, Россияни Халқаро жиноий судда уруш жиноятлари учун жавобгарликка тортишни, Россия маблағларини Украинани қайта қуришда ишлатишни ва Украинани НАТОга қўшилишини ўз ичига олади».

«Агар биз, глобал Ғарб, хусусан, АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Франция биргаликда ҳаракат қилсак, Украина ҳақиқатан ҳам бу урушда ғалаба қозониши бўйича оптимизмни сақлаб қоламан», деди Ходжес. У Россиянинг ядровий жавобини даргумон деб ҳисоблайди.

Агар Украина ҳарбий мудофаа кампаниясини бой берса, «Россия НАТО давлатларига одатий воситалар ёрдамида ҳужум қилиши» хавфи ортади, дея огоҳлантирди Ходжес.

Мавзуга оид