“Аҳолини ичимлик сув билан 100 фоиз таъминлаш имконсиз” – “Ўзсувтаъминот” АЖ
Сув таъминоти бўйича 2017-2022 йилларда 68 та лойиҳа, 2023 йилда 200 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. 2024 йилги маълумотларга кўра, ичимлик сув етиб бормаган маҳаллаларга сув етказиш учун Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан 2 миллиард 350 миллион долларлик режа ишлаб чиқилган. Шунча лойиҳа ва маблағлар ажратилишига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси ичимлик сув билан ҳалигача тўлиқ таъминланмади. “Ўзсувтаъминот” АЖ раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев бугун, 12 феврал куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида вазиятга сабаб бўлаётган асосий муаммоларга тўхталди.
Унинг айтишича, мамлакат аҳолисини ичимлик сув билан тўлиқ таъминлашнинг иложи йўқ. Хонадонларни марказлашган ичимлик сувга улаш бўйича ишлаб чиқилган стратегияга кўра, 2035 йилга бориб республика миқёсида аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиш даражасини 95 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Сув таъминотисиз қоладиган 5 фоиз ҳудудлар – олис ёки тоғли жойлар, хусусан, сув тортиш ишлари техник ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган локацияларга тўғри келади. Уларга алтернатив манбалар, яъни водовоз ёки локал жойда манбаларини ҳозирлаш орқали ичимлик сув етказиш чоралари кўрилади.
“Сув таъминоти борасидаги лойиҳаларга тўхталадиган бўлсак, бу жараёнларга маблағ ажратаётган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа ташкилотларнинг лойиҳани танлашдан бошлаб уни тасдиқлаш ҳамда сармоя киритишгача бўлган ўзига хос босқичлари бор. Буларнинг барчасига вақт талаб қилинади. Ҳозирда Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда мазкур жараёнларни оптималлаштириш устида иш олиб бормоқдамиз”, – дейди Хуршид Раҳматуллаев.
Масъулнинг таъкидлашича, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашга қаратилган 2 миллиарддан ортиқ суммани ташкил этувчи лойиҳаларнинг якунланиши, сифати ва самарадорлигига салбий таъсир этаётган бир қанча омиллар бор.
Биринчиси – технологик ечимлар. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, иқлимига мувофиқ хорижий консултантлар ёки жалб қилинган экспертлар томонидан таклиф қилинаётган технологияларни ўрганиш зарурияти мавжуд. Европа ёки бошқа ривожланган мамлакатларда самара кўрсатган усуллар маҳаллий шароитга мос келмаслиги мумкин. Уларни мувофиқлаштиришга вақт керак бўлади.
Иккинчи сабаб жорий этилган стандарт талаблари билан боғлиқ. Кўплаб давлатларда оқова сувлар тозаланиб, денгиз, дарё ёки океанга чиқариб юборилади. Шу сабаб мазкур жараён билан боғлиқ талаблар у жойларда бироз паст. Бизда эса чиқинди сувлар ерга ёки дарёларга оқизилади. Бу каби жараёнларни оптималлаштириш бўйича ўтказилаётган баҳс-мунозаралар аҳолини сув билан таъминлаш лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишнинг кечикишига маълум бир жиҳатдан таъсир қилади.
“Учинчи масала қарз битимларини тузишга доир бўлиб, жараёнда Ўзбекистон манфаатларини максимал даражада ҳимоя қилиш зарур. Деярли барча лойиҳаларимиз давлат кафолати остида жалб қилинади. Давлат кафолати остида бўлганидан кейин маблағлар ўз вақтида қайтарилиши ҳамда лойиҳаларни ўз вақтида тугатиб, ишга туширилиши талаб этилади. Бунинг учун, Ўзбекистон тарафи маълум бир мажбуриятларни ўз бўйнига олади. Шу сабаб битим лойиҳасини пишиқ, пухта ва сифатли қилиб тайёрлаш ҳам вақт талаб қилиши табиий”, – дейди у.
Мавзуга оид

12:20 / 06.03.2025
Кўчангиз асфалт қилинмаган, ичимлик суви ва канализация йўқми? Бу ҳақда Telegram орқали хабар беринг

17:35 / 12.02.2025
“Ичимлик сув учун нақд пулда амалга оширилган тўлов базада қайд этилмайди” – “Ўзсувтаъминот”

16:17 / 11.11.2024
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади

12:32 / 08.09.2024