Жаҳон | 07:19 / 11.02.2025
3023
4 дақиқада ўқилади

Трамп фаластинликларни Ғазо секторидан бутунлай кўчиришни режалаштирмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо секторидан кўчириладиган фаластинликлар бошқа давлатларда доимий равишда қолишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, улар ўз юртларига қайтиш имкониятига эга бўлмайдилар.

Фото: AP / Ben Curtis

«Улар учун янги уйлар қурилади ва бу уйлар аввалги манзилларига қараганда анча яхши бўлади. Мен улар учун доимий жой барпо этиш ҳақида гапиряпман», — деди Трамп Fox News телеканалига берган интервюсида. Унинг таъкидлашича, ҳозирда Ғазо «яшаш учун яроқсиз» ва уни қайта тиклаш учун йиллар керак бўлади.

Трампга кўра, янги манзилларда 1,9 миллион фаластинлик учун хавфсиз ва қулай уй-жойлар қурилади ва бу манзиллар улар бушугши кунда яшаётган ҳудудларига яқинбўлади. Унга кўра, Ғазо секторидан ташқарида фаластинликлар яшаши мумкин бўлган олти давлат мавжуд, уларнинг сирасига Миср, Иордания, Марокаш ва Сомали киради. Бироқ, Миср ва Иордания бу таклифни рад этди.

4 феврал куни Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашувда фаластинликларни Ғазодан кўчириш таклифини билдирган. Унинг фикрича, ҳарбий можаролардан вайрон бўлган ушбу ҳудудни туристик курортга айлантириш лозим. Трамп Ғазо секторини АҚШ назоратига олишга ва уни «Яқин Шарқ Ривиераси»га айлантиришга тайёр эканини айтди. Унга кўра, бу мақсад учун бирорта ҳам америкалик ҳарбий керак бўлмайди.

9 феврал куни Трамп Ғазо секторини «сотиб олиш» ва унга эгалик қилиш нияти борлигини тасдиқлади. У ҲАМАС исломий гуруҳи қайтишининг олдини олиш учун бу ҳудудни тўлиқ қайта қуриш кераклигини айтди. Шу мақсадда БАА, Саудия Арабистони ва бошқа Яқин Шарқ давлатлари иштирокида Ғазо секторини қайта тиклаш лойиҳасини молиялаштириш режалаштирилган. Барча мавжуд бинолар супуриб ташлангач, шаҳарни қайта қуриш ишлари бошланади.

Бу масала шу ҳафта АҚШ президенти Трамп ва Иордания қироли Абдуллоҳ II ўртасида Вашингтонда муҳокама қилинади. Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц маълум қилишича, президент бу ҳақда бошқа минтақавий давлатлар билан ҳам музокаралар ўтказади. «Агар сизга унинг режаси ёқмаса, музокаралар столига ўтириб, ўз таклифингизни беринг», — деди Уолтц NBC телеканалида.

Ҳозирча бу ташаббусни фақат Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу қўллаб-қувватлади. У бу ғояни «инновацион ва инқилобий» деб атади. The Jerusalem Post нашрининг хабар беришича, Нетаняҳу бу таклифга Америка Сенати қўлловини олиш учун Вашингтонда бир неча учрашувлар ўтказган.

Шу билан бирга, Яқин Шарқнинг бошқа давлатлари бу таклифга салбий муносабат билдиришган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу ғояни «абсурд» деб атаб, «унга эътибор бериш ҳам, муҳокама қилиш ҳам арзимайди», деди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса Трампнинг Ғазо устидан назорат ўрнатиш ва фаластинликларни кўчириш режаси юзасидан кўпроқ тафсилотларни билиш кераклигини таъкидлади. Владимир Путин Ғазо масаласида «тўлиқонли Фаластин давлати»ни ташкил этишни қўллаб-қувватлашини билдирган. Ҳозиргача 147 мамлакат, жумладан, Россия ва Хитой (Ўзбекистон ҳам — таҳ.) Фаластин давлати мустақиллигини расман тан олган.

Мавзуга оид