Ўзбекистон | 17:14 / 05.02.2025
18283
3 дақиқада ўқилади

 “BYD Uzbekistan учун навбатдаги совға”. Иқтисодчилар – утилизация йиғимининг каррасига оширилиши ҳақида

Ўзбекистон ҳукумати элекромобиллар импортини кескин қимматлаштиришга қарор қилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу қарорни тор доиралар манфаати йўлида “бутун мамлакатнинг стратегик танлови ва имижини сўроқ остига қўйиш”, деб баҳолади. Бошқа бир иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, “улкан бюрократик махлуқ Ўзбекистон иқтисодиётини ютиб юборишда давом этяпти”.

Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғимини 2,3 баробардан 4 баробаргача оширишга қарор қилди. Янги йиғим транспорт воситаси ишлаб чиқарилган йилга қараб 45 млн сўмдан 78,5 млн сўмгача бўлади.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай қабул қилиб юборилган бу қарор фаоллар орасида кескин эътирозларга сабаб бўляпти.

Бу – BYD Uzbekistan учун навбатдаги совға”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, утилизация йиғимларининг 4 карра оширилиши Ўзбекистонга электромобил олиб келиб сотувчи BYD Uzbekistan манфаатларига ишлайди.

“BYD Uzbekistan Factory ва BYD Central Asia махсус имтиёзга эга, улар электромобиллар сотувида утилизация йиғимидан озод қилинган. Яна бир чайқовчи монополист UzAuto Motors ҳам яширин қарорлар билан утилизация йиғимини тўламаслигини кўпчилик билса керак.

ЖСТга кириш эълон қилинган ва жараён энг юқори сиёсий даражада фаоллаштирилган бир вақтда ғирт иккиюзламачи қадам. Қанақадир тор тўдалар учун бутун бир мамлакатнинг стратегик танлови ва имижини сўроқ остига қўйиш бу”, – дея ёзди иқтисодчи.

Улкан бюрократик махлуқ иқтисодиётимизни ютиб юборишда давом этяпти”

Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг фикрича, олдин расмийлар рақобатни бўғиш, иқтисодиётга давлат аралашувини кенгайтириш бўйича ҳафтада бир марта ташаббус билан чиқишган бўлишса, энди бу борада “ҳар кунлик режимга ўтиб олишган”.

“Яшил технологиялардан фойдаланишни “кенгайтириш” мақсадида электр транспорт воситаларига солиқни ошириш, Тошкент доимий равишда дунёнинг энг ифлос шаҳарлари рўйхатидан ўрин олаётганини ҳисобга олсак, кучли баёнот бўлиши шубҳасиз. Шунчаки, супер”, – дейди Юсупов.

Унинг фикрича, “буларнинг барчаси яна бир монополияни яратиш учун қилиняпти”. Ҳар доимгидек, бунинг учун пул тўлайдиганлар – истеъмолчилар ва солиқ тўловчилар бўляпти, дейди иқтисодчи. Чунки, Юлий Юсуповга кўра, ўзбекистонлик истеъмолчилар нархи қиммат, сифати эса паст автомобилларни сотиб олишяпти, сўлиқ тўловчилар эса “маҳаллий ишлаб чиқарувчилар” учун турли имтиёзлар ва субсидияларга ўз чўнтакларидан пул тўламоқда.

“Улкан бюрократик йиртқич махлуқ иқтисодиётимизни ютиб юборишда давом этмоқда. "Буюк келажак" учун ҳеч қандай имконият қолдирилмаяпти. Бундан ташқари, ютиб юбориш жараёни фақат тезлашяпти ва иқтисодиётнинг қисмларини “ҳазм қилиш” усуллари доимий равишда такомиллаштирилмоқда”, – дея ёзди Юлий Юсупов.

Мавзуга оид