Ўзбекистон | 20:53 / 31.01.2025
4128
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида чиқинди хизмати учун тўлов тарифи ошди

Аҳоли ҳамда юридик шахслар учун янги тарифлар тасдиқланди.

Тошкент вилояти ҳамда Сурхондарё вилоятида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифлари оширилди. Тегишли қарорни Халқ депутатлари вилоят кенгашлари тасдиқлади, деб хабар берди Чиқиндиларни бошқариш агентлиги.

Жумладан, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида аҳоли учун 7 840 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун 82 880 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори белгиланди. Белгиланган тўлов тарифи Тошкент вилояти “Тоза Ҳудуд” давлат унитар корхонаси ҳамда “Ангрен Бунёд Файз” МЧЖ, “Нурли йўл марвариди” МЧЖ, “Оҳангарон санитария тозалаш” МЧЖ, “Раҳнамо Сервис” МЧЖ, «Зеро-Васте» МЧЖ каби санитар тозалаш корхоналари учун тасдиқланган. Улар қуйидаги ҳудудларга хизмат кўрсатади: Нурафшон, Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Янгийўл шаҳарлари; Тошкент, Зангиота, Оҳангарон, Юқоричирчиқ, Қуйичирчиқ, Паркент, Бўстонлик, Қибрай, Чиноз, Янгийўл туманлари.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида жисмоний шахслар яъни аҳоли учун 7 000 сўм (ҚҚС сиз) ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун 122 219 сўм (ҚҚС сиз) миқдорида тўлов тасдиқланди. Белгиланган тўлов тарифи “Тоза ҳудуд” УК, “Био Техно Эко” МЧЖ, “Био Тех Эсо” МЧЖ, “Қизириқ инвест” МЧЖ, “Сале кингдом” МЧЖ ва “Шўрғун коммунал фойдаланиш” МЧЖ каби санитар тозалаш корхоналари учун амал қилади.

Таъкидланишича, мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади.

Мавзуга оид