Кучайиб бораётган ултра ўнглар: Ғарб цивилизацияси қай томон кетмоқда?
Агар 1980-90 йилларда кимдир “ўн йилликлар ўтиб, Ғарбий Европадаги асосий сиёсий кучлар – ултра ўнглар, ашаддий миллатчилар, ксенофоблар, исломофоблар бўлади” деганида эди, ҳеч ким ишонмасди, балки масхара қилиб кулган бўларди. Ҳозир эса улар Европада иккинчи йирик сиёсий кучга айланиб улгурди.
Ўтган асрлардаги жаҳон урушларидан кейин то 21-асргача ултра ўнг кучлар Европа сиёсий саҳнасида маргиналлар эди. Охирги пайтларда эса ғарбий Европа ва АҚШдаги энг катта ўзгаришлар – ултра ўнгларнинг, яъни ултра миллатчиларнинг кучайиши атрофида бўляпти.
Иккинчи жаҳон уруши – инсоният тарихидаги энг қирғинбарот уруш бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 50 миллиондан 60 миллионгача инсон ҳалок бўлди. Бу урушнинг бош сабабчиси – мафкура эди. Италиядаги фашизм ва Германиядаги нацизм бутун Европани уруш ўчоғига айлантирди. Ҳитлер Германияси қўшни давлатларга бирин-кетин ҳужум қилди. Фашизм ва нацизмга кўра, инсонлар, миллатлар, халқлар, цивилизациялар тенг эмас ва тенг бўлиши ҳам мумкин эмас; олий ва паст миллатлар бўлади; қудратли давлатлар ва миллатлар заиф давлатлар ва миллатларни “еб, озиқланади”.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия ва Италия ўзининг қилган тарихий жиноятларини англай бошлади. Натижада бутун ғарб цивилизациясидаги энг катта сиёсий консенсус, яъни келишувнинг марказида битта сиёсий ақида турар эди – нима бўлганда ҳам, бундан кейин миллатчиликка, ксенофобияга йўл қўймаймиз, инсон ҳуқуқлари ва демократияга амал қиламиз, дейилди.
Лекин, мана, бугун яна Ғарбий Европа ва АҚШда ашаддий ўнглар бош кўтармоқда. Даставвал, 2000 йилда Францияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида асосий номзод Жак Ширакнинг бош рақиби Жан-Мари Ле Пен бўлди. У ашаддий миллатчи, ксенофоб “Миллий фронт” партиясининг лидери эди. Ўшанда кўпчилик “бу шунчаки тасодиф, ўтиб кетади” деганди.
Бугун Жан-Мари Ле Пеннинг қизи Марин Ле Пен бошчилик қилаётган “Миллий бирлик” партияси Францияда энг катта иккинчи сиёсий куч. Марин Ле Пен 2027 йилги президентлик сайловларида Франция президенти бўлиш ниятида.
2016 йилда Британияда Брекзит юз берди. Бу ашаддий ўнгларнинг йирик ғалабаси эди. Орадан бир йил ўтиб, 2017 йилда АҚШ ҳокимиятига миллатчи, ксенофоб ва исломофоб Доналд Трамп келди. Трамп ҳокимиятга келганда, АҚШ сиёсий элитаси “тўрт йил чидаймиз, ва бундан кейин бунақа ултра ўнглар ҳокимиятга кела олмаслиги учун, барча чораларни кўрамиз” деган эди. Лекин мана, Трамп яна ҳокимиятга қайтди. Қайтганда ҳам, ўтган сафаргига нисбатан анча ишончли қайтди.
Бир вақтлар иккинчи жаҳон урушига сабабчи бўлган Германиянинг ўзида ҳам вазият қалтис. 2013 йилда тузилган ашаддий ўнг ҳисобланмиш “Германия учун муқобиллик” партияси, борган сари кучайиб бормоқда. Германия ҳудудларидаги сайловларда, федерал парламент сайловларида бу партия 20-25 фоизлик ўрин олиб, иккинчи катта сиёсий куч даражасига кўтарилди.
Нидерландияда “Эркинлик партияси” лидери, 1989 йилдан буён парламент депутати бўлиб келаётган Герт Вильдерс ашаддий исломофбилиги билан ажралиб туради.
Италия ва Венгрияда эса ултра ўнглар аллақачон ҳокимиятда ўтиришибди. Италия бош вазири Жоржео Мелони ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан нисбатан ксенофобия даражаси бироз пастроқ, лекин улар ҳам мигрантларга қарши, евроскептик кайфиятда.
Доналд Трамп АҚШ ҳокимиятида тўрт йил бўлади, ва кейин кетади. Лекин Трампдан кейин унинг издошлари кам бўлмайди. Унинг вице-президенти Жей Ди Венс, миллиардер Илон Маск ва яна кўплаб сиёсатчилар америкадаги ултра ўнг йўналишни давом эттиришади.
Иккинчи жаҳон уруши арафасида Европада иккинчи катта конфессия ва анча кенг тарқалган миллат – яҳудийлар эди. Шунинг учун Ҳитлер нацизми яҳудийларни нишонга олган эди. Бугун Европада иккинчи катта дин – ислом, масжидлар ва мусулмонлар сони ортган. Бу сафарги ғарб ксенофобияси, ашаддий ўнглари яҳудийларни эмас, ислом ва мусулмонларни таъқиб қилиш ниятида.
Аслида, ашаддий ўнгларнинг кучайиши замирида, ижтимоий-иқтисодий муаммолар туради. Лекин ўнг популистлар, ксенофоблар жамиятдаги қўрқув ва хавотирлардан фойдаланиб, катта ва мураккаб муаммоларга осон ечимлар таклиф қилади. Популизмнинг шу ва бошқа асосий хусусиятлари ҳақида кейинги дастуримизда сўз юритамиз.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

15:23 / 07.03.2025
Зеленскийнинг афсуси, Путиннинг талаблари ва сўроқ остидаги НАТО — геосиёсий ҳафта таҳлили

08:36 / 07.03.2025
Еврокомиссия раҳбари Европа хавфсизлиги учун «бурилиш нуқтаси»ни кўрмоқда

21:16 / 05.03.2025
Европага ўз мустақил мудофаа тизимини қуриш учун камида 10 йил керак — The Economist

22:30 / 02.03.2025