Жаҳон | 12:34 / 30.01.2025
17755
5 дақиқада ўқилади

Пентагон Трампни фашист деб атаган генерал Миллини қўриқчилар ва бошқа имтиёзлардан маҳрум этди

Миллининг Пентагондаги портрети олиб ташланади, унга берилган рухсатномалар бекор қилинади ва ҳарбий раҳбарнинг хатти-ҳаракатини ўрганиш бўйича амалга ошириладиган тергов натижаларига кўра, унинг унвони пасайтирилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Пентагон Трампни фашист деб атаган генерал Миллини қўриқчилар ва бошқа имтиёзлардан маҳрум этди

Пентагоннинг янги раҳбарияти қарорига кўра, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг истеъфодаги раиси генерал Марк Милли шахсий қўриқчилар ва бошқа имтиёзлардан маҳрум қилинди. У муқаддам АҚШ президенти Доналд Трамп манзилига танқидлар ёғдирганди.

Янги мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг сўзларига кўра, бу буйруқ унинг янги лавозимдаги дастлабки қадамлардан бири бўлган. У шунингдек расмий тузилмаларга генерал Миллининг «ҳаракатлари»ни текшириш ва унинг ҳарбий унвонини қайта кўриб чиқиш сўрови билан мурожаат этган.

Генерал Милли Трампнинг олдинги президентлиги давридан бошлаб Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси лавозимини (бу АҚШдаги энг юқори ҳарбий лавозим) эгаллаган, аммо кейинроқ уни бир неча бор танқид қилган ва ҳатто интервюларидан бирида уни фашист деб атаган.

Жо Байден маъмурияти даврида Эрон америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний учун қасос олишини эълон қилгач, Милли шахсий қўриқчилар билан таъминланганди.

Аввалроқ Трамп маъмурияти илгари президент ҳақида салбий фикрлар билдирган бошқа қатор таниқли шахсларни ҳам қўриқчилардан маҳрум этганди.

Трамп ўтмишда генерал Миллини ўзининг дастлабки президентлик муддатининг сўнгги ҳафталарида Хитой ҳарбий қўмондонлиги вакиллари билан телефон орқали мулоқот қилгани учун давлатга хиёнатда айблаганди.

Трампнинг версиясига кўра, генерал Милли қўнғироқлардан бирини Хитойни АҚШ ядровий зарба бермаслигига ишонтириш учун амалга оширган. Ижтимоий тармоқларда президент буни «эски замонларда ЎЛИМ билан жазоланган ҳаракат» деб атаган.

The Washington Post’нинг ёзишича, ўшанда генерал хитойлик ҳамкасби Ли Цзочэн билан икки марта боғланиб, уни АҚШ Хитойга ҳужум қилиш ниятида эмаслиги, шундай бўлган тақдирда, бу ҳақида огоҳлантиришига ишонтирган. Генерал АҚШ Хитойга зарба беришга тайёрланаётгани ва шунинг учун Пекин биринчи навбатда ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги разведка маълумотларига таяниб, шундай йўл тутган.

Милли эса ўша вақтдаги телефон мулоқотлари АҚШ мудофаа вазири билан келишилган ҳолда амалга оширилганини айтган.

Кейинроқ Боб Вудворднинг 2024 йилда эълон қилинган «Уруш» номли китобида генерал Милли Трампни «суяк суягигача фашист» ва «бу мамлакат [АҚШ] учун энг хавфли инсон» деб атаган.

2023 йилда эса, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси сифатидаги охирги нутқида Милли ҳарбийлар «диктаторлар ихлосманди»га қасамёд қилмаганини айтган. Унинг бу сўзларини кўпчилик Трампга қаратилган деб тушунган.

Ўтган ҳафтада Трамп Оқ уйга қайтишидан олдин лавозимидан кетаётган президент Жо Байден генерал Милли ва Трампни танқид қилган бошқа қатор шахслар, жумладан пандемия вақтида машҳур бўлиб кетган шифокор Энтони Фаучини — Трамп уларнинг садоқатсизлиги учун ўч олиш мақсадида сиёсий сабабларга кўра жиноий иш очадиган тақдирда, олдиндан афв этганди.

Байденнинг баёнотида афв этилганларнинг ҳеч бири ҳеч қандай қонунбузарлик содир этмагани ва афв этиш бунинг аксини тан олиш сифатида қабул қилинмаслиги кераклиги қайд этилган.

Генерал Милли бу қарор учун Байденга миннатдорчилик билдириб, ҳаётининг қолган қисмини «унинг эҳтиётсизлик билан айтган гаплари учун адолатсизлик билан қасос талаб қилувчиларга қарши кураш»да ўтказишни истамаслигини айтган.

«Мен оилам, дўстларим ва мен билан бирга хизмат қилганлар ҳужумларга, харажатларга [юристлар учун – таҳр.] ва безовталикларга дучор бўлишини истамайман», — деган у.

Шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги махсус бошқармага «генерал Миллининг хулқ-атвори билан боғлиқ факт ва ҳолатларни текшириш» бўйича топшириқ берилган бўлиб, унинг асосида вазир унинг ҳарбий унвонига мувофиқлигини текширишни қайта бошлаш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини ҳал қилиши мумкин.

Янги маъмурият қўриқчилардан маҳрум қилганлар орасида Трамп давридаги собиқ давлат котиби Майк Помпео, олдинги президентлиги даврида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган Жон Болтон ва Эрон бўйича собиқ махсус вакили Брайан Ҳук ҳам бор. Америка разведка хизматлари уларга Эрон томонидан суиқасд таҳдиди бўлган деб ҳисоблаган.

Трампнинг иккинчи инаугурациясидан бир неча соат ўтиб унинг жамоаси Пентагондан генерал Марка Миллининг портретини ҳам олиб ташлаган, суратга у Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси сифатида тушганди.

Мавзуга оид